Жалолиддин Машарипов: Катанецнинг интервьюсини кўрдим. Рақибга жуда катта баҳо бериб юборди (интервью)
Ўзбекистон миллий терма жамоаси бугун Жанубий Кореяга учиб кетади. У ерда жамоамиз Камерун ва Коста-Рика термаларига қарши баҳс олиб боради. Аммо бу йиғинда МТЖ етакчиларидан бири Жалолиддин Машарипов иштирок эта олмайди. У жароҳати сабаб бу икки баҳсни ўтказиб юборади.
Мазкур ўйинлар олдидан SPORTS.uz легионеримиз билан алоқага чиқди ва МТЖ борасида унинг фикрлари билан қизиқди.
- Айни дамда жароҳатдасиз. Тикланиш жараёни қандай кечмоқда?
- Жароҳатдаман. Анча тузалиб қолдим, аммо жараён оғир ўтди. Чемпионатда 4 та ўйинни ўтказиб юбордим. МТЖга ҳам шу сабаб бора олмадим. Худо хоҳласа, ноябрдаги йиғинда иштирок этаман. Унгача ўзимни тиклаб оламан, деган умиддаман.
- Анчадан бери илк маротаба терма йиғинини ўтказиб юбормоқдасиз. Аксига олиб, жамоа ушбу йиғинда икки кучли рақибга қарши ўйнайди. Имкониятларимизни қандай баҳолайсиз?
- Терма жамоа ўйинларини ўтказиб юбормасликка ҳаракат қилардим. Энди ҳаёт шунақа. Ҳамма нарса биз хоҳлагандек бўлавермайди.
Имкониятларга келсак, рақиблар жуда хатарли эмас, менимча. Камерун сардори (Венсан Абубакар) билан битта клубда ўйнайман. Уни ва ўзимизнинг йигитларни яхши биламан. Психологик томондан тўғри тайёрланишнинг ўзи кифоя, деб ўйлайман.
Катанецнинг интервьюсини кўрдим. Уларга жуда катта баҳо берилди. Лекин Камерун у даражада кучли эмас. Мақсад шунчаки ўйнаб келиш бўлиши керак эмас. Руҳий томондан тўғри тайёргарлик кўриб, ғалаба қозонишга интилиш керак. Ҳар қандай жамоани мағлуб этса бўлади. Ўртада катта фарқ йўқ, деб ҳисоблайман.
Босимни йўқотиш керак. Йигитлар рақибни ўзидан кучли, деб билиши тўғри бўлмайди. Футболчиларимиз ҳалқаро майдонларда ўйнаб юрибди. Уларнинг даражаси билан бу термаларга қарши бемалол ўйнаса бўлади.
- Бу ўйинларда Машариповнинг ўрни билинадими?
- 100 фоиз билинади, албатта. Мен футболчиларга ўзига бўлган ишончини ошириши учун уларга маслаҳат бераман. Уларга мотивация бериб тураман. Ким билан ўйнашимиздан қатъий назар мен шундай қилиб келганман. Шу томонлама ҳам йўқлигим сезилади. Ўрним билиниши аниқ.
- Олдиндаги икки ўйинда ўз позияцингизда кимни кўрмоқдасиз?
- Билмадим, очиғи. Суперлига ўйинларини кузатиб боряпман. Кимнидир ажратиб кўрсата олмайман. Олдин Ойбек Бозоровни айтган бўлардим. Ҳозир у "тўйиб қолган"дек таассурот қолдирмоқда. Унда иштиёқ кўзга ташланмаяпти. Шунингдек, Катанец бўйи паст футболчилар ёрдам бермайди, деб айтган экан. Шу боис, Бозоровни бу ўйинга қўймаса керак мураббий.
- Бонус савол. Суперлигамизда рақобат ҳозир авжига чиққан. Якунда ким чемпион бўлади, деб ўйлайсиз?
- Чемпионлик ҳақида нимадир дейиш қийин. "Навбаҳор" кўп очко йўқотиб юборди. Клуб ўртамиёна жамоаларга қарши максимал очко ишлаганда, аллақачон чемпионликни ҳал қилган бўларди. Наманганликлар вазиятни ўзига-ўзи қийинлаштирди.
"Пахтакор" барқарор ўйин кўрсатмаяпти. Бир ўйинда зўр, бошқачасида аксинча ҳаракат қилмоқда. Шунда ҳам клуб олди қаторларда кетмоқда.
"Насаф" ҳар галгидек ўз позициясида. Биринчи ўрин учун курашади, аммо якунда икки ёки учинчи ўринни қўлга киритади.
Нимадир дейиш қийин. Олдиндаги 2-3 та турдан кейин ҳал бўлиб қолса керак. Имкониятлар тенг даражада.
Ўзбекистон чемпионати ривожланиб кетди, деб ўйламайман. "Пахтакор" кучини йўқотди. Қолганлар клубга етиб олди. Улар сал кўтарилди, "шерлар" пастроққа тушди. Ҳамма бир хил даражада. Олдингидек кимдир яққол устун эмас.
Жалолиддин Қобилжонов суҳбатлашди.
Фикрлар