Жалоловнинг зарбаларига ҳам, ғалабаларига ҳам чидай олишмаяпти!

Илгари ҳаваскорлар ва профессионаллар бокси ўртасида аниқ ва қатъий чегаралар бўлган. Профессионал жангчилар ҳаваскорлар ўртасидаги мусобақаларда қатнашишига йўл қўйилмаган.

Ўз навбатида, профессионал жангларда рингга кўтарилган ҳаваскор боксчиларнинг натижалари тан олинмаган. Бунга Руслан Чагаевни мисол қилиш мумкин. 1997 йили Венгриянинг Будапешт шаҳридаги жаҳон чемпионатида ғолиб чиққан оғир вазнли боксчимизнинг чемпионлиги бекор қилинган. Бунга чемпионатдан олдин Руслан АҚШда икки профессионал боксчи – Донни Пенелтон ва Брайан Жонс билан жанг қилгани сабаб бўлган. Ўша жангларда Чагаев рақибларини нокаутга учратганди.

Ана шундай чекловлар сабаб Руслан Чагаев профессионал фаолиятини 2021 йилда Белфастдаги жаҳон чемпионатида ғолиб чиққанидан кейин давом эттиришига тўғри келди.

Кейинчалик бу қоидалар ўзгарди ва ўртадаги чегара, тўсиқ, чекловлар олиб ташланди. Энди ўзига ишонган чарм қўлқоп усталари ҳар икки йўналишда жанг қилиши мумкин эди. Бу имкониядан ўзбек боксчилари унумли фойдаланди.

Баҳодир Жалолов ва Ҳасанбой Дўсматов каби бир қатор чарм қўлқоп усталари ҳам ҳаваскор, ҳам профессионал жангларда ўзини кўрсатиб келди.

Профессионал боксчиларнинг ҳаваскорлар ўртасидаги мусобақаларда қатнашиши 2019 йилдаги жаҳон чемпионатидан кейин танқид остига олина бошлади. Екатеринбургдаги чемпионатда Баҳодир Жалолов америкалик боксчи Ричард Торресни бир зарба билан биринчи раунднинг ўзидаёқ чуқур нокаутга туширди.

Танқидларга парво қилмаган Баҳодир Жалолов ўз ишини давом эттирди ва келаси йили Токио Олимпиадасида яна ўша Ричард Торресни бу гал очколар ҳисобида енгиб, биринчи марта Олимпия ўйинчилари чемпиони бўлди. Торрес шундан кейин катта майдонларда кўринмай қолди.

Бу гал Париж шаҳри мезбонлик қилган Олимпия ўйинларининг бокс мусобақалари Ўзбекистон терма жамоасининг яққол ғалабаси билан якунланди. Етти вазнда ташкил этилган мусобақалардан бештаси олтин медаль ўзбек боксчиларига насиб қилди. Деярли бирор рақиб ўзбек чарм қўлқоп усталарига етарли даражада қаршилик кўрсата олмади.

Американинг Boxinscene портали Баҳодир Жалоловнинг кетма-кет ғалабаларини унинг профессионал боксда ҳам тажриба орттирганига боғлашга уринмоқда.

- 2019 йилнинг сентябрида Жалолов Ричард Торресни биринчи раунддаёқ нокаутга туширганидан кейин профессионаллларнинг Олимпия ўйинларида қатнашиши борасида мунозаралар кучайиб кетган эди. Танқидларга қарамай, Баҳодир Жалолов 2020 йили Токиодаги Олимпия ўйинларида олтин медални қўлга киритди.

Бу йилги Олимпиадада эса, Жалолов фақатгина австралиялик Теремоана Жуниорнинг қаршилигини сезгандай бўлди, бироқ барча рақибларидан анча устун эканини исботлаб, яна чемпионликни нишонлади.

Энди Жалолов иккита олимпия олтин медалига эга дунёдаги ягона ўта оғир вазнли боксчи ҳисобланади. Лекин унинг профессионал мавқеи профессионал боксчиларнинг ҳаваскорлар иштирокидаги замонавий Олимпия ўйинларида қатнашишига рухсат берадиган концепциянинг қанчалар адолатли эканига саволлар туғдиради, - деб ёзмоқда Boxingscene портали.

Шу ўринда, Баҳодир Жалолов бундан буён бор эътиборини профессионал бокс бўйича жаҳон чемпионлиги камарини қўлга киритишга қаратганини таъкидлаш лозим. 2018 йилдан бери профрингда 14 та жанг ўтказган ҳамюртимиз, бу баҳсларнинг барчасида нокаут билан ғалаба қозонган.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!