"Жамоа билан келишдик ва шартномани бир йилга узайтирдик". Легионеримиз ҳеч қаерга кетмайди

Ўтган йилнинг ёзида “Нефтчи”дан Малайзиянинг “Теренгану” клуби сафига кўчиб ўтган ҳамюртимиз Нурилло Тўхтасинов ўтган вақт мобайнида ўз клубига ишончли футболчилардан бирига айланди.

Легионеримиз 17 та ўйинда майдонга тушиб, рақиблар дарвозасига 3 та гол урди. У фаолиятини яна Ўзбекистонда давом эттириши мумкин деган, хабарлар чиққанди. Бу борада Sports.uz журналисти футболчи билан боғланди.

- Нурилло Малайзиядаги дебют фаолиятингиз қандай кечди? Ўзингиз кутгандекми ёки нимадир ўхшамадими?

- Малайзияга келганимда бу ерда мени жуда яхши кутиб олишди. Дебют ўйиним ҳам ниҳоятда ажойиб ўтди. Худди ўзим кутгандек бўлди.

- Кўпчилик сизни янги мавсумдаги режаларингиз билан қизиқаётганди. Қандай қарорга келдингиз?

- Мен яна “Теренгану” клубида қоламан. Жамоа билан келишдик ва шартномани яна бир йилга узайтирдик.

- Малайзия чемпионатида сизга энг ёққан нарса нима бўлди?

- Малайзия чемпионатида менга ёққан нарса маркетинг, медиа ва мухлислар анча ривожланган. Ўйинларни жуда яхши қўллаб-қувватлашади.

- Адашмасам, "Теренгану"да ҳозирга қадар 16 та ўйинда майдонга тушдингиз ва 3 та гол урдингиз. Ушбу статистик кўрсаткич сизни қониқтирадими?

- Йўқ. Худо хоҳласа, бундан-да кўпроқ гол уриб, жамоамга ёрдм бераман.

- Легионер сифатида тўп суришни бошлагач, ўзингизда биринчи навбатда қандай ўзгаришни сездингиз?

- Легионер сифатида тўп суриш менга ҳар томонлама фойда келтирди. Барибир легионер бўлиб ўйнаш бошқача бўларкан.

- У ерда қолишга қарор қилганингиздан келиб чиқсак, барчаси сизни қаноатлантиряптими?

- Мени бу ерда қолишим Худо хоҳласа аниқ бўлди. Албатта, яратиб берилаётган барча шарт-шароитлар мени қониқтиряпти.

Шуҳратбек Жўраев.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!