"Жамоамизда ғолибона руҳ яхши шаклланган, ўзимизга бўлган ишонч юқори" - Илдар Маматказин

“Андижон” клубининг Анталия шаҳрида давом этаётган ўқув-машғулот йиғинлари давомида бир қатор ўртоқлик учрашувлари ҳам ўтказилаётганидан хабардорсиз.

Клубнинг ҳар бир аъзоси бор кучини сафралаган ҳолда машғулотларда астойдил меҳнат қилишяпти. Жумладан, жамоа сардори Илдар Маматказин ҳам.

Унда етакчиларга хос хусусият мавжуд. Шу боис ҳам у ҳар қандай ўйинда ўзини аямасдан, жонини бериб ўйнайди. Куни кеча эса Словакиянинг “Белуша” жамоасига қарши беллашувда у бироз жароҳат олди. 

- Илдар жароҳатингиз ҳақида сўрамоқчиман. Жиддий эмасми?

- Жиддий эмас. Ҳар доимгидек бўлиб турадиган ҳолат. Озгина қошим ёрилди, шу холос. Ҳаммаси жойида.

илдар маматказин1

- Словакия клубига қарши ўйиндан қандай таассурот олдингиз?

- Ўйинг тенг курашлар остида ўтди. Уларда ҳам, бизда ҳам имкониятлар бўлди. Дурангга мос учрашув бўлди. Жисмоний юкламалар остида ўйнаяпмиз. Асосийси, натижа эмас. Турли тактик схемалар шу ўйинлар орқали синаб кўриляпти. Рақиб ҳам ўзига яраша шаклланган. Тактик, техник ва жанговар жиҳатларга эга. Бу жамоа учинчи дивизион вакили бўлишига қарамасдан анча яхши таассурот қолдирди. Европа футболининг ҳавоси борлиги сезилиб турибди.

- Анталиядаги ўқув-машғулот йиғини  ҳакида нима деган бўлардингиз?  

- Анталиядаги йиғинимиз жуда яхши ўтяпти. Асосан жисмоний тайёргарлик ва ўйин амалиётига эга бўляпмиз. Ҳар хил тактик схемаларни ўйинлар орқали синовдан ўтказяпмиз. Шароитларга келадиган бўлсак, барчаси аъло даражада. Жамоа ичидаги муҳит ҳам жуда яхши. Футболчилар машғулотларда тинимсиз равишда ўзларини аямасдан бор кучини сарфлаяптилар.

илдар маматказин2

- “Андижон” чемпионатнинг илк турини сафарда ОКМКга қарши ўйин билан бошлайди. Бу борада фикрингиз қандай?

- Ўтган йили ҳам бизга етакчи жамоалардан бири тўғри келган. Бу йил ҳам яна етакчилардан бири билан ўйнаймиз. Ўтган йили исботладикки, бемалол фаворитларга қарши ўйнай оламиз. Шунинг учун ким рўбаро бўлишидан қатъий назар асосий мақсадимиз фақат ғалаба! Ўтган йили етакчиларга қарши ўйнаб ўзимизни кўрсата олганимиз боис жамоамизда ғолибона руҳ яхши шаклланган. Ўзимизга бўлган ишонч ҳам юқори.

- Шунингдек, “Андижон”нинг Анталиядаги спарринг-рақиблари хусусида нима деган бўлардингиз?

- Жанубий Корея терма жамоаси ёқди. Тезкор ва ҳужумкор. Жисмонан ҳам кучли футболчилардан иборатлиги кўринди. ЦСКАга қарши учрашувда ҳам рақиб юқори даражадаги жамоа эканлиги билиниб турди. Умуман олганда, ўйнаётган рақибларимиз яхши таассурот қолдирмоқда. 

 

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!