Жанубий америкаликлар Парижда сувни лойқалатяпти(ми)?!
Бу воқеа содир бўлишдан парижликлар қўрққан эди. Шундай бўлиб чиқди ҳам. Ортда қолган Европа чемпионатининг энг яхши футболчиси - Жанлуижи Доннарумма янги клубида бош кўтарди. У асосий таркибдан ўрин эгаллай олмаётганидан хафа. Хўш, уни ким ва нима учун четга суриб ташлади?
Аслида, нима бўлган эди?
Италиянинг таниқли нашри - "Corrierra dello Sera" берган маълумотларга суянадиган бўлсак, кипер клубдаги мавқеидан норози. Ваҳоланки, у "Милан"да Парижга кўчиб ўтиш олдидан Кейлор Навас билан курашга киришиши лозимлигини билган. Катта эҳтимол, ўз статуси сабабли Навасни чекинишини кутган кўринади. Унинг ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи Мино Райола ҳам вазиятга аралашишга тайёр. Бир неча ой аввал, ўз мижози янги жамоасида биринчи рақамли посбон бўлиши аниқлиги ҳақида интервью берган агент, ҳозир ПСЖ билан жанжаллашиб қолиш арафасида.
Гап шундаки, Париж клуби жуда ноқулай аҳволда қолмоқда. Клубдаги жанубий америкаликлар биргаликда Кейлор Навас асосий дарвозабон бўлиши керак, деб ҳисоблайди. Месси бошчилигидаги банда таркибида Неймар, Ди Мария, Икарди сингари йигитлар бор эканлигини инобатга олсак, иккинчи томоннинг имкониятлари пастлиги яққол кўзга ташланади. Вазиятни бартараф этиши шарт бўлган мураббий ҳеч қандай қарор қабул қилгани йўқ. Аслида, у Леонардо билан суҳбат чоғида Доннарумма трансфери клуб зиёнига ишлаши мумкинлигидан огоҳлантирган! ПСЖ спорт директори эса, шов-шув кетидан қувишни афзал кўрди. Якунда, жамоа ички муҳити расво аҳволда!
Доннарумманинг ишлари шу қадар ёмонми?
Жижи Италия билан Европа чемпионлигини қўлга киритганидан 3 кун ўтиб, ПСЖ билан шартнома имзолади. У бутун мусобақа давомида Италияни елкасида олиб юрди. Муҳим вазиятларда қўллади, пенальтилар сериясида қутқарди. Бугунги кунда, Жанлуижини сайёрамизнинг энг кучли дарвозабони, деб эътироф этганлар рўйхатига эътибор қилинг: Златан Иброҳимович, Фабио Каппела, Фабио Каннаваро... Рўйхатни узоқ давом эттириши мумкин, аммо бундан наф йўқ. Сабаби, Кейлор Навасни кучлироқ, деб ҳисоблайдиганларнинг воқеага таъсир кўрсатиш имконияти юқорироқ.
Турли сабабларга кўра, август ойи учун ПСЖ тақдим этган футболчилар рўйхатидан тушиб қолган посбон ўз дебютини икки ой кутишга мажбур бўлди. Фақат 11 сентябрга келибгина, у "Клермон" билан баҳсда иштирок этди. 90 дақиқа ҳаракат қилган италиялик иккита сейвни ижро этди, жамоаси 4:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Кейинги турда, анча оғир ўйин ўтказганига қарамай, қаҳрамонимиз жамоаси ғалабасига муносиб ҳисса қўшди. "Лион" билан ўйинда 4 сейв ва битта ўтказиб юборилган гол. Ўша оқшом, парижликлар 2:1 натижасида рақибидан устун келди.
Агар адолат юзасидан эътибор қилсак, Доннарума майдонга тушиши мумкин бўлган 6 ўйиннинг (5 + Лига 1, 1+ ЕЧЛ) атиги 2 тасидагина унга ишонч билдирилди. Қолган 4 ўйинни Жижи захира ўриндиғида томоша қилди.
Почеттино бу жанжални бартараф эта оладими?
Ўз амбициялари билан ҳамманинг ҳурматини қозонган Доннарумманинг клубдаги илк интервьюсига назар ташланг:
"Рақобатдан қўрқмайман! Навас - ажойиб дарвозабон, бироқ мен бу ерга жамоамга майдонда ёрдам бергани ташриф буюрдим. Рақобат иккимиз учун ҳам яхши атмосферани тақдим этади. Катта клубларда бу нормал ҳолат. Кейлор билан дўстмиз. Уни ҳурмат қиламан. Шунга қарамай, мақсадим аниқ. Дунёнинг энг кучли дарвозабони бўлиш. Бу қурбонлик талаб этади. Камтарликни йўқотмай, ишлашда давом этаман."
Орадан бир ҳафта ўтгач, Маурисо Почеттино шу масалада фикр билдирди. У қанчалар эҳтиёт бўлишга уринмасин, барибир вазият қалтислашиб кетишидан қўрқаётганини сездириб қўйди:
"Футболчилар биз қабул қилган қарорни муҳокама қилмаслиги лозим. Жамоа ўсиши учун ҳар бир позицияда рақобат бўлиши шарт. Улар қаерда ва қандай жамоада тўп сураётганини яхши билади. Аслида, муаммолар жамоада кучли ижрочилар йўқлигида содир бўлади. Қолган барчасини тартиб-интизомга суянган холда ҳал этиш мумкин."
Улар ўртасидаги баҳс, соғлом рақобатга айланиши керак. Мураббийлар штаби бирга тўғри танловни амалга оширишга ҳаракат қиламиз. Ким яхшироқ формада бўлса, ўша майдонга тушади. Ҳали, биринчи рақамли посбон номини эълон қилишга эрта!"
Хўш, вазиятга мухлисларнинг реакцияси қандай?
Ачинарлиси шундаки, Доннарумма ижтимоий тармоқларда негатив фикрларни қабул қилиб олишдан чарчамаяпти. У ПСЖ клубида ноҳақликка учрагандек кўринган бўлсада, ҳатто италиялик тиффозилар ҳам турли платформаларда у ҳақидаги салбий изоҳларни қолдиришда давом этмоқда. Ўша "COMMENT"лардан бир шингилини кўриб чиқамиз:
"Шошиб қабул қилинган қарорлар ҳаётимизни қандай ўзгартириб юборишини Доннарумма фонида кўриб олдик. Буюк "Милан" сени катта қилди, сардорлик боғичини ишониб топширди, 15 ёшингдаёқ сени қўллаб-қувватлади, аммо якунда нима бўлди?"
"Балки, тан олинган биринчи рақамли посбони бор жамоага келиб хато қилгандирсан? Афсус, пуллар клубларни, футболчиларни ва ҳатто футболни расво қилмоқда!"
Ҳозир, Жижи анча мураккаб руҳий аҳволда қолган. У биринчи рақамли дарвозабон эканлигини исботлашга тайёр, аммо унга бунинг учун имкон бериладими? Агар, Лео ва Неймар биргаликда Навасни қўллаб-қувватлашда давом этса, италияликка Парижда "нон" йўқ. Унинг кейинги фаолияти каттагина сўроқ остида қолиши мумкин.
Фикрлар