“Жасур, бунақаси кетмайди! Ё профессионал бўлиб ишингни қил, ёки бошқа жамоа топ!”

Қозоғистон Премьер-лигасида йил кашфиётларидан бири Жасурбек Яхшибоев бўлди. 2024 йилнинг бошида амалдаги чемпион “Ордабаси” жамоасига қўшилган ўзбек футболчиси дебют мавсумидаёқ жамоа етакчиси ва тўпурарига айланди.

Айни пайтда Украинанинг “Кривбасс” жамоасини бошқараётган таниқли мураббий Юрий Вернидуб Қозоғистоннинг fanday.kz сайтига берган интервьюсида илгари ўз қўл остида ўйнаган ўзбекистонлик Жасурбек Яхшибоев фаолиятини кузатиб бораётганини маълум қилди.

Sports.uz портали украиналик мутахассиснинг легионеримиз ҳақидаги фикр-мулоҳазаларини ўзбекстонлик футбол ишқибозлари эътиборига ҳавола этади.

Суҳбатнинг биринчи қисми:

Хорижлик мураббий: Яхшибоев масжиддан келибоқ, гол уриб берганди... 

Давоми:

– Жасур Яхшибоев “Шахтёр Солигорск” ва “Шериф”да сизнинг қўл остингизда қандай ўйнаган?

– “Шахтёр”да ўзини жуда яхши кўрсата олди, кўп гол урди. “Шериф”да ҳам шундай бўлди. Лекин Молдовага келганида бошида қийинчилик кузатилди. Чунки жисмоний ҳолати яхши эмасди. Варшаванинг “Легия”сида деярли майдонга тушмаган эди. Озгина у билан иш олиб боришга тўғри келди. Кейин ҳаммаси жойига тушди.

– “Шериф”га таклиф қилиш сизнинг ташаббусингиз бўлганми?

– Ҳа, менга “Легия”да  Яхшибоев деган футболчи бор экан, дейишди. Мен уни билан, “Шахтёр”да бирга ишлаганмиз, лекин ҳозир қандай аҳволда эканини билмайман, дедим.  Кузатдик, Польшада жуда кам ўйнаган эди. Бу ўйинчи менга жуда ёққани учун Польшада нега ўйнатишмаганини тушунмадим.

– Ўзидан сўрамадингизми?

– Йўқ. Бунақа вазиятда ҳамма футболчининг жавоби бир хил. Улар “Мураббийга тўғри келмадим”, дейди. Ўйинчилар ҳеч қачон ўзидан сабаб қидирмайди. Агар футболчи ўйин амалиётисиз қолиб кетса, биринчи навбатда, айбни ўзидан қидириши керак. Польшада ўзига бўлган талабни пасайтириб юборгандир.

– Сизнинг қўл остингизда Яхшибоевнинг энг зўр ўйини қайси бўлган?

– Жасурбек Европа Чемпионлар лигасида “Реал”га қарши зўр ўйнаган ва бизнинг 2:1 ҳисобидаги ғалабамизга ҳисса қўшган. Ўшанда Яхшибоев “Сантьяго Бернабеу”да гол урган ва бир неча бор яхши имкониятга эга бўлган. Нолисак ярашмайди.

– Яхшибоев инсон сифатида қандай?

– У жуда камгап, гапга солиш жуда қийин. Ўзи билан ўзи овора. Кўпроқ очилишини истардик. Лекин у билан қанча ишлаган бўлсам ҳам, менга доим ёққан. Бироқ охирига бориб озига тушунмовчиликлар келиб чиққан.

–  Айнан қандай?

– Баъзан тушунарсиз вазиятлар юзага келган. Айрим ҳолларда терма жамоадан вақтида қайтмасди, бувиси касаллигини, қариндошларини сабаб қилиб, кетиб қоларди. Ана шундай ҳолларда баъзан сабрим чидамасди. Мен унга “Бунақаси кетмайди! Ё профессионал бўлиб ишингни қил, ёки бошқа жамоа топ”, деганман. У ҳаммасини тушунганини айтса ҳам, барибир ўз вақтида қайтмаган.

“Шериф” раҳбарияти ҳам унинг маоши баланд бўлишига қарамай, шартномани етарли даражада тўлиқ бажармаётганини кўрган. Табиийки, Яхшибоев бизга Чемпионлар лигасига чиқишимизга, гуруҳ босқичида яхши қатнашишимизга катта ёрдам берган, лекин ўз ишига профессионал даражада ёндашганда, бундан ҳам кўп манфаат келтирган бўларди.

Давоми бор...

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!