Жасур Ёқубов: "Локомотив" орқали Европага йўл олмоқчиман"

“Сурхон” клубидан “Локомотив”га таклиф қилинган Жасур Ёқубов энди бор эътиборини янги жамоасига қаратган.

Клуб матбуот хизмати жамоанинг янги аъзоси сифатида Ёқубовнинг фикрлари билан қизиқди.

- Аввало, “Локомотив”га ўтишингиз билан табриклаймиз.

- Раҳмат. Ушбу мавсум ёрқин ўйинлар билан мухлислар ва клуб раҳбариятини хурсанд қилишни истайман.

- Умуман олганда, “Локомотив”га трансферингиз қай тариқа амалга ошди?

- Руфат Акрамхўжаевнинг саъй-ҳаракатлари билан ушбу жамоа таркибига қўшилдим. Айнан Руфат аканинг фактори бу ерда муҳим роль ўйнади. Уларга ҳам раҳмат айтаман ва ушбу мавсумдаги ўйинларим орқали у кишининг юзини ерга қаратмасликни истайман.

- “Локомотив”да сизнинг позициянгизда рақобат жуда катта. Бу сизни қанчалик даражада қўрқитади?

- Рақобатдан умуман қўрқмайман. Шунингдек, “Локо”даги рақобат ҳам мени қўрқитмаяпти. Янги жамоам билан 3-4 кундан буён биргаман. Улар билан тезда чиқишиб кетдим. Яна бир бор такрорлайман – рақобатдан қўрқмайман.

- “Қўқон-1912” ва “Сурхон”даги фаолиятдан кейин “Локомотив”га ўтишни қай тариқа баҳолайсиз?

- “Сурхон”да катта ўйин амалиётига эга бўлдим. Айнан шу орқали “Локомотив”нинг назаримга тушдим десам бўлади. Албатта, “Локомотив”га ўтганимни олдинга ташланган катта қадам деб ҳисоблайман. Бу клубда бўлишнинг ўзи катта масъулият. Футболчидан жиддий жавобгарликни талаб қилади. Бундан буёғига фақатгина олдинга интиламан.

- “Локомотив”га ўтиш орқали ўз олдингизга қандай мақсадлар қўйдингиз?

- Сир эмаски, “Локомотив” барчанинг эътиборида. Ушбу жамоа орқали миллий термада ўйнашни истайман. Балки, насиб қилса, Европага йўл олиб, легионер сифатида ўйнамоқчиман. Албатта, ниятни яхши қилавериш керак. Олдимизда катта мавсум кутиб турибди. Умид қиламаки, унда биз ўзимиз кутган вазифаларни бажара оламиз.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!