Жавлон Гусейнов: Индонезия чемпионатида футболчи ўсишга эга бўлади деб айта олмайман

Хориж мамлакатларида тўп сураётган ўзбекистонлик легионерларнинг ҳаёти ва фаолияти қандай давом этаётгани билан имкони қадар сизларни таништириб боришга ҳаракат қиляпмиз. Жумладан, Индонезия чемпионатида ҳам ҳамюртимиз тўп сураётганидан хабарингиз бўлса керак. Ҳимоячи Жавлон Гусейнов шу йилнинг бошида ушбу мамлакатга кўчиб ўтган ҳолда «Пусамания Борнео» жамоаси аъзосига айланганди. Лекин бу унинг хориждаги илк жамоаси эмас. Бунгача у 2017 йили ҳам четда тўп суриб келганди. Аниқроғи, 2017 йилнинг биринчи даврасида Таиланд клубида ўйнаб келганди. Шу тариқа, Индонезия чемпионати футболчимизнинг хориждаги иккинчи фаолиятига айланди.

- Жавлон, сиз қишда Индонезия чемпионатига кўчиб ўтгандингиз. У ерда ортда қолган ярим йил сиз учун қандай ўтди?

- Хар хил. Бошида келган пайтимда бироз қийинчилик бўлди. Бундай қийинчиликлар эса ҳам футбол томонлама, ҳам кундалик ҳаётда. Шундай бўлса-да, тезроқ Индонезия ҳаёти ва футболига ўрганиб кетишга ҳаракат қилдим. Худога шукрки, буни ўйлаганимдан ҳам кўра тезроқ уддалай олдим. Балки янги танишлар билан тез чиқишиб кетишим ҳам катта роль ўйнагандир.

Жавлон Гусейнов4

- Шу ўринда у ердаги чемпионат тизими ҳақида ҳам ўзингиз батафсил тўхталиб ўтсангиз. Билишимизча, Индонезия чемпионати яқинда бошланди. Аммо ортда қолган ярим мавсум давомида нима қилдингиз, деган савол мухлисларни ўйлантириши мумкин. Бунга ўзингиз тўлиқ жавоб бериб ўтсангиз...

- Февраль ойининг охири ва март ойининг бошида президент Кубоги бўлиб ўтди. Ундан кейин эса Индонезия Кубоги старт олди. Ушбу Кубок мусобақасида клубим билан чорак финалга етиб келган пайтимизда, бу орада май ойида чемпионат баҳслари бошланди ва ҳозир 9-тур баҳслари давом этмоқда. Айтганча, ярим финалда мағлуб бўлиб Кубокдан чиқиб кетдик. Дарвоқе, бу ерда Кубок финали ҳам иккита ўйиндан иборат.

- Демак, Индонезия чемпионати май ойида бошланди. У ҳолда айтинг-чи, янги мамлакат футболига мослашиб бўлдингизми?

- Ҳа, шунақа. Чемпионатга мослашдим десам ҳам бўлади. Лекин у ерда кўникиш қийин кечаётган жиҳат ҳам бор. Индонезия чемпионатида ҳакамликка умуман мослашиш қийин бўляпти. У ерда ўйнаб шуни тушуниб етдимки, бизнинг профессионал ҳакамларимиз «планкани» юқори даражага олиб чиқишган экан.

- Демак, у ерда ҳакамлик савияси пастми?

- Ҳеч иккиланмасдан айта оламанки, бизнинг мухлислар Ўзбекистон ҳакамларидан нолишмаса ҳам бўлади.

- Жамоангиз Кубок мусобақасидан чиқиб кетди, энди бор эътибор чемпионат баҳсларига қаратилганлиги аниқ. Шундай экан, клуб олдига қандай вазифалар қўйилган?

- Жамоамиз олдига ОФК Кубогига чиқиш вазифаси қўйилган. Кубок орқали бу вазифани уддалай олмадик. Энди эса ички чемпионатда кучли учликка киришга ҳаракат қилиб, бу вазифани бажарамиз, Худо хохласа.

Жавлон Гусейнов2

- Шунингдек, Индонезия ҳаёти ва чемпионатида сизга ёққан ва ёқмаган жиҳатлар яна нималарда намоён бўлмоқда?

- Индонезия ҳаёти ҳақида гапирадиган бўлсам, кўчаларда машина ва мотоцикллар кўплиги боис тирбандликлар жуда ҳам кўп. Шунинг оқибатида бир марта ўйиндан олдинги «установкага» кеч қолишга ҳам улгурдим. Ёққан томони ҳақида тўхталсам, бу ернинг табиати жуда ҳам чиройли, манзарани кўриб роҳатланасиз, одамлари хушмуомала. Чемпионатда эса боя айтиб ўтганимдек, ҳакамлик иши ёқмади. Лекин Индонезия чемпионатида ҳар бир ўйин шиддат билан ўтади. Етакчи жамоалар аутсайдерга ҳам мағлуб бўлиши мумкин. Ўтган йилги турнир жадвалини кўриб бунга амин бўлишингиз ҳам мумкин. Жамоалар орасида очколар деярли бир хил.

- Ўша машғулотга кеч қолганингиз туфайли сизни жаримага тортишдими?

- Албатта, шартнома бўйича жарима тўладим. 140 АҚШ доллари.

- У ерда легионерлар учун қанча миқдорда ҳақ тўлашади?

- Биласизми, мукофот пуллари ва ойлик маош ҳақида ошкор қилмаслик тўғрисида шартномада алоҳида банд ёзиб қўйилган. Лекин ўртача ҳисобда айтадиган бўслам, 6-10 минг АҚШ доллари миқдорини ташкил этади. Бундан ташқари, кўп нарса агентингизга ва қайси паспортга эга эканлигингизга боғлиқ. Мисол учун Таиланд ва Индонезияда бошқа легионерларга нисбатан осиёлик легионерга камроқ маош берилали. Тўғри, айтишингиз мумкин, ўйинчининг савиясига ҳам боғлиқ деб. Лекин бу факт, чунки терма жамоамизда ўйнаган ўйинчи ҳам шуни таъкидлаб ўтди. У ерда ойлик маошим ёмон эмас, Худога шукр кам бўлмаяпмиз. Қолаверса, клуб томонидан етарли даражада шарт-шароитлар яратиб берилган. Уй-жой ва машина билан таъминлашган.

- У ерда мухлислар томонидан футболга бўлган эътибор қай даражада?

- Футбол биринчи ўринда туради. Мухлислар футболни ниҳоятда севишади. Масалан, кўчада юрсак, бизни ҳамма танийди. Чунки у ерда медиа жуда ривожланган. Ўртача ҳар ўйинга 15-20 минг мухлис келади.

- Жавлон, айтинг-чи, Индонезия чемпионати орқали футболчи қанчалик ўсиши ва ривожланиши мумкин деб ўйлайсиз?

- Ўйлаб кўришга арзийдиган савол бўлди. Тўғриси, Индонезия чемпионатида тўп суриб футболчи ўсишга эга бўлади дея олмайман. Чунки чемпионат савияси унчалик юқори даражада эмас, айниқса, бизнинг чемпионат билан таққослаганда. У ерда  тўп суришга кўпроқ молиявий томон роль ўйнайди, буни яширгандан нима фойда, рости ҳам шу.

- Ҳа, тўғри айтасиз. Мақсадингиз у ерда қанча муддат ўйнамоқчисиз?

- Ҳозирча шартномам бир йилга мўлжалланган. Худо хоҳласа, янги шартнома тузишга ҳаракат қиламиз.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Surxon turon
22/07/2019 20:39
Демак бизди чимпиянатдтан кучли екан унминг йигирмаминг мухлис кирса