Жавоҳир Эсонқулов: Жавоҳир Сидиқов билан ака-укамиз

Мухлислар яхши билишадики, янги мавсум олдидан "Қўқон-1912" жамоаси сафига бир қатор футболчилар келиб қўшилишди. Ана шундай ўйинчиларидан бири Жавоҳир Эсонқуловдир. “Водий дербиси”да яхши таассурот қолдирган ушбу футболчи билан клуб матбуот хизмати суҳбат ташкил қилди.

– Аввало, «Қўқон-1912» оиласига хуш келибсиз. Жамоага мослашиб олдингизми?

– Жамоага тезда мослашиб олдим. Футболчилар ҳаммаси бир-бири билан аҳил. Жамоада мени яхши кутиб олишди. Мураббийларимизнинг муносабатлари ҳам жуда яхши. Қўқонлик мухлисларга ҳам саломларимни етказинг.

– «Навбаҳор»га қарши ўйин ҳақида фикрларингиз?

– Ўйин ҳақиқий “дерби”га хос шиддатли ва кескин курашлар остида ўтди. Майдонда ҳақиқий “жанг” бўлди. Ҳар икки жамоада ҳам ғалаба қозониш имконияти бор эди. Ўйиндан завқ олдим. Футбол пайтида дўст, машҳурлик деган нарсалар бўлмайди. Майдонда ҳамма бир хил. Майдонга тушганимда фақат рақибларнинг формасига қараб ажратаман. Кимга қарши ўйнаётганлигимни аҳамияти йўқ. Қайсидир юлдуз футболчини борлиги мени чўчитмайди.

photo_2019-03-12_09-34-22

Ўйиндан тугаганидан кейин наманганлик мухлисларнинг қилган қилиқлари бизга ёқмади. Бу футболчиларга бўлган ҳурматсизлик деб биламан. “Навбаҳор” юта олмаса бизда айб эмаску. Ўз футболчиларидан норози бўлишсин, рақибдан эмас.

– Ўз ўйинингиздан қониқдингизми?

– Ўйинимдан бироз қониқдим. Чунки, бир йиллик танаффусдан кейин яна майдонга тушдим ва ўзимни кўрсатишга ҳаракат қилдим. Бир йил жароҳатимни тиклашга мажбур бўлдим. Агар “Навбаҳор”га қарши баҳсда юзага келган иккита имкониятнинг биттасидан самарали фойдаланиб гол урганимда эди, ўйинимдан юз фоиз қониқиш ҳосил қилган бўлардим.

– Қўқонлик мухлислар сизни жамоани тарк этган адашингиз Жавоҳир Сидиқовнинг ўрнини билинтирмайди деб ишонишмоқда. Ўзингиз нима дейсиз бу фикрга?

– Мухлислар ишонч билдираётган экан, уларнинг ишончини оқлашга ҳаракат қиламан. Жавоҳир Сидиқов Ўзбекистоннинг яхши футболчидан бири. У киши билан яқин қадрдон, ака-укадекмиз. Сидиқовга қарши бир неча бор ўйнаганман. Мухлислар ишончини оқлашга ҳаракат қиламан. Бунинг учун тинмай меҳнат қиламан.

– Сизни жамоага ким таклиф қилди? Шартномангиз қанча муддатли?

– Мени жамоага Азиз Тўхтабоев таклиф қилган. Нўъмон Ҳасанов ҳам менинг ўйинларимни кузатган. Машғулотларда астойдил ишлашга ҳаракат қиляпман. Бош мураббийимизга асосий таркибда имконият берганлари учун раҳмат айтаман, ишончларини оқлашга ҳаракат қиламан.

“Қўқон-1912” жамоаси билан тузилган шартномам ҳозирча бир йилга мўлжалланган. Яхши ўйнаб турсам, мураббийлар ва раҳбариятнингшончига сазовор бўлсам келажакда яна шарномани узайтирармиз деб ўйлайман.

– Қўқонлик мухлисларга тилакларингиз

– Қўқонлик мухлислари жамоамизга жон куйдириб ишқибозлик қилишсин. Уларни уялтириб қўймасликка ҳаракат қиламиз. Биз ҳар доим мухлислар билан биргамиз. Мухлислар билан бир оила бўлишимиз керак. Қайсидир мухлисимиз мен билан учрашмоқчи бўлса, мен доим тайёрман. Биз футболчилар улар учун майдонга тушамиз. Қўқонлик мухлислар жамоамизни ёлғизлатиб қўймасликларини кўрдим. Ҳаммаси аъло даражада. Ҳамма мухлисларимизга катта рахмат, саломат бўлишсин!

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!