Жавоҳир Ҳусанов: "Очиғини айтганда, Ўзбекистон терма жамоасидан чақирув олишимни кутмагандим"

Ўзбекистон МТЖ сафида январь ойидаги ўқув-йиғин машғулотларида иштирок этиб, иккита учрашувда иккита гол уришга эришган Жавоҳир Ҳусанов терма жамоамизга чақируви, терма жамоа бош мураббийи ва ўйинлар ҳақида "Қўқон-1912" жамоасининг матбуот хизматига қисқа интервью берди.

- Жавоҳир, Ўзбекистон МТЖда дебютингиз билан табриклаймиз. Биринчи навбатда терма жамоага қачирилишингизни қанчалик кутгандингиз?

- Авваламбор ассалому алайкум! Очиғини айтганда, Ўзбекистон терма жамоасига чақирув олишимни кутмагандим. Биринчи марта мамлакатимизнинг бош терма жамоасига чақирув олганимдан хурсандман. 

- Терма жамоа либосини кийганингизда қандай хис туйғулар ўтди?

- Мамлакатимизнинг бош жамоасини либосини кийиш ҳар бир футболчининг орзуси ва мақсади бўлса керак. Либосни кийганингиздан кейин буни оқлаш учун ҳаракат қилар экансиз. Ватан либосида сиз катта маъсулиятни ҳис қиласиз.

- Фабио Каннаваро ҳақида нима дея оласиз? Умуман, ушбу мураббийнинг маҳаллий мураббийлардан қандай ажралиб турувчи фарқи бор экан?

- Тўғрисини айтганда, Мистер Каннаваро жуда ҳам кучли мураббий экан. Ушбу йиғинда асосан рақибни прессинг қилиш бўйича жуда кўп ишлар олиб борилди. Ҳар бир мураббийнинг ўз услуби ва йўналиши бор. Ўзбекистон МТЖ бош мураббийнинг талабчанлигини аълоҳида таъкидлаб ўтишим лозим.

- 2 та ўйин ва 2 та гол. Терма сафидаги ўйинингиз ҳақида нима дея оласиз?

- Ҳар икки баҳсда ҳам майдонга тушиб, ҳар иккисида ҳам гол урганимдан жуда хурсандман. Аввал айтганимдек, терма жамоага чақирув ҳар бир футболчининг орзуси. Агар футболчи бош терма жамоага чақирув олиб, яна дебютида гол урса, унинг бахти юз баравар ошиб кетади. Ҳеч бир футболчи ўзининг ўйинидан ҳеч қачон қониқиш ҳосил қилмайди. Мен ҳам янада кўпроқ ишлаб ватаним учун боримни беришга ҳаракат қиламан.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!