Жавоҳир Сидиқов: "Қўқон-1912"да катта ўзгаришлар содир бўлмоқда"

CHERY AUTO

Бир неча йиллик танаффусдан сўнг "Қўқон-1912" жамоасига қайтган Жавоҳир Сидиқов клуб матбуот хизматига дастлабки интервьюси берди.

Tecno

- Узоқ йиллик танаффусдан сўнг яна қадрджон жамоангизга қайтдингиз. Умуман олганда, Қўқонга қайтиш таклифи қачон содир бўлди ва таклиф тушганда биринчи бўлиб хаёлингизга нималар келди?

- Ассаламу алайкум. Раҳбарият билан гаплашганимда, улар мени жамоада кўриш ниятида эканликларини маълум қилишди. "Қўқон-1912" жамоасига ҳурматим ва меҳрим бошқача. Жамоадан фақатгина яхши хотирлар қолган. Шу сабабли собиқ жамоамга қайтишга қарор қилдим.

- Сизда Суперлиганинг бир қатор жамоаларидан таклифлар бор эди. Нима учун айнан Қўқонга қайтишни танладингиз?

- Аввало, клуб олдига юқори мақсадлар қўйилгани маъқул келди. "Қўқон-1912"да катта ўзгаришлар содир бўлмоқда, шунингдек, аввалроқ таъкидлаганимдек, ушбу жамоага бўлган меҳрим ўзгача. Бу клуб футболга кириб келишимга ва катта футболчи сифатида ўсишимга жиддий туртки берган. Шу сабабли мен яна "Қўқон-1912" жамоаси либосини кийишга қарор қилдим.

- Катта танаффусдан сўнг Қўқонга қайтдингиз. Аввал сиз билан ўйнаган футболчилар деярли қолмади. Жамоага қўшилиб кетиш қанчалик қийинчилик туғдирди?

- Ҳақиқатан ҳам таркиб ўзгариб кетган, бироқ ҳозирги футболчиларнинг катта қисми билан яхши танишман. Улар билан ака-укадекмиз. Шу сабабли янгиланган "Қўқон-1912" жамоасига қўшилиб кетишимда ҳеч қандай қийинчиликка учрамадим, дея оламан.

- Сизни Қўқонда жуда қаттиқ ҳурмат қилишади. Сизни "Қўқон Жавоҳири", баъзилар эса "қўқонлик Месси" деб атайди. Мухлисларнинг бу эътирофи сиз учун бу нимани англатади?

- Ўйнаган барча жамоаларимда мухлислар билан яхши муносабатда бўлганман. Айниқса, қўқонлик мухлислар билан. Футболчилар ва жамоалар доим мухлисларини хурсанд қилиш учун майдонда тўп тепади. Ишончим комилки, қўқонлик мухлислар ҳар қандай ҳолатда ҳам биз футболчиларни ёлғизлатиб қўймайди ва доим қўллаб туради. Мухлислар билан яна учрашишни интизорлик билан кутяпман. Умид қиламанки, улар билан тез орада кўришамиз.

- 2026 йил терма жамоамиз ЖЧда иштирок этади. Сиз айнан Қўқонда фаолият олиб борган вақтингизда терма жамоага тез-тез чақирув олгансиз. "Қўқон-1912"да ўйнаб яна Ўзбекистон МТЖ сафига қайтиш ниятингиз борми?

- Албатта, миллий терма жамоа ҳар доим энг муҳум жамоа бўлган, у ерда ўйнаш ҳар бир футболчининг орзуси ҳисобланади. Терма жамоага яна чақирув олиб, жамоамиз ғалабасига ўз ҳиссамни қўшсам, жуда хурсанд бўламан.

- Ҳар бир футболчини ўзининг мақсадлари бўлади. Жавоҳир Сидиқов янги мавсум олдидан ўз олдига қандай мақсадларни қўйган?

- Мақсадларим оддий, бироқ катта. "Қўқон-1912"нинг ғалабаларига муносиб ҳиссамни қўшиб, жамоамизни юқори ўринларга олиб чиқиш. Албатта, буларнинг барчаси ўз-ўзидан бўлмайди, бироқ бизни аниқ ва машаққатли йўл кутмоқда. Бу йўлда барчамиз: раҳбарият, мураббийлар, футболчилар ва мухлислар бир бўлишимиз лозим. Шунда биз ўз мақсадимизга эришамиз. Биз футболчилар бу мақсад йўлида максимал ҳаракат қилишга интиламиз.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!