Жавоҳир Синдаров: "60 ёшга яқинлашган ҳолда ҳам бундай даражада ўйлай оладиган шахматчилар жуда кам"
Жавоҳир Синдаров собиқ жаҳон чемпиони Вишванатан Анандга қарши кечган драматик партия ҳақида фикр билдирди. Ўта кескин кечган баҳс ўзбекистонлик шахматчининг ғалабаси билан якунланди.
"Мен экранга қарадим. Шунчаки таклиф қилган дурангим унчалик ёмон натижа бўлмаслигига умид қилгандим. Аммо кейин Ананд ва унинг жамоаси вақт бўйича қийналаётганини кўрдим. У таклифимни қабул қилмаганидан жуда хурсанд бўлдим.
Шунда ўзимга: “Яхши, энди бор кучим билан ўйлашим керак — ё ғалаба қиламан, ё мағлуб бўламан”, дедим.
Унинг вақти бир дақиқадан кам қолганида, Ананд бироз асабийлашаётганини сеза бошладим. Шу орқали қандайдир психологик устунликка эга бўлдим ва босимни кучайтирдим. У эса менинг сўнгги айёр юришимни пайқамай қолди», — деди Синдаров.
Синдаровдан 56 ёшли Ананднинг шахматдаги даражасини қандай баҳолаши сўралганда, 20 ёшли даъвогар собиқ жаҳон чемпионига юқори баҳо берди.
"У жаҳон даражасидаги шахматчи. 60 ёшга яқинлашган ҳолда ҳам бундай даражада ўйлай оладиган шахматчилар жуда кам. Шунинг учун ҳам у ўз даврининг энг яхшиларидан бири бўлган", — деди Синдаров

Фикрлар