"ЖЧ-2026". Франция Ироқни мағлуб этиб, плей-офф йўлланмасини қўлга киритди
2026 йилги Жаҳон чемпионати гуруҳ босқичи 2-турида Франция терма жамоаси Ироқ устидан ишончли 3:0 ҳисобида ғалаба қозонди.
Филадельфия шаҳридаги "Линкольн Файненшл Филд" стадионида бўлиб ўтган баҳсда ҳисоб 14-дақиқада очилди. Килиан Мбаппе аниқ зарба билан французларни олдинга олиб чиқди.
Биринчи бўлимдан кейин учрашув об-ҳавонинг ёмонлашиши сабабли икки соатга тўхтатиб турилди.
Ўйин қайта тикланганидан кўп ўтмай Франция иккинчи голни ҳам урди. Усмон Дембеле рақиб жарима майдончасида тўпни олиб қўйиб, Мбаппега узатма берди ва ҳужумчи дубль муаллифига айланди.
66-дақиқада эса Дембеленинг ўзи гол уриб, ҳисобни йирик кўринишга олиб келди.
Шу тариқа, Франция навбатдаги ғалабасини қўлга киритиб, гуруҳдан чиқди. Мбаппе эса дубль қайд этиб, жамоасининг асосий қаҳрамони бўлди.

Фикрлар