"ЖЧ-2026". Уругвай Кабо-Вердега қарши баҳсда ғалабани қўлдан чиқарди
2026 йилги Жаҳон чемпионати гуруҳ босқичи 2-туридан ўрин олган учрашувда Уругвай ва Кабо-Верде терма жамоалари 2:2 ҳисобида дуранг ўйнади.
Майами шаҳридаги "Хард Рок" стадионида бўлиб ўтган баҳсда ҳисобни Кабо-Верде очди. Учрашувнинг 21-дақиқасида "Краснодар" ярим ҳимоячиси Кевин Ленини жарима зарбасидан аниқ зарба йўллаб, ўз жамоасини олдинга олиб чиқди.
Уругвай биринчи бўлим охирида ҳисобни тенглаштирди. 44-дақиқада Максимилиано Араухо бош билан ўйнаб, тўпни дарвозага жўнатди.
Биринчи бўлимга қўшиб берилган вақтнинг 6-дақиқасида эса Агустин Каноббио Араухонинг узатмасидан кейин гол уриб, Уругвайни олдинга олиб чиқди.
Бироқ жанубий америкаликлар устунликни сақлаб қола олмади. 61-дақиқада майдонга тушганидан уч дақиқа ўтиб Элиу Варела ҳисобни тенглаштирди. Уругвай дарвозабони Фернандо Муслера жарима майдончасидан чиқиб кетган вазиятда Варела бўш қолган дарвозани ишғол қилди.
Шу тариқа, учрашув 2:2 ҳисобида якунланди ва жамоалар бир очкодан бўлишиб олишди.

Фикрлар