Жеко ва Иммобиле билан бирга тўпурарлик қилаётган ҳимоячи Алиқулов хушхабар эшитди

Туркия Суперлигасида янги мавсумда иштирок этаётган 19 та жамоа дунёнинг қарийб 70 та мамлакатидан жами 264 нафар хорижлик футболчини мусобақа қайдномасидан ўтказган. Бу умумий ўйинчилар сонининг 42,9 фоизини ташкил қилади.

Кейинги йилларда турк клублари Европанинг машҳур ўйинчилари ва тажрибали мураббийларини ишга жалб қилаётгани боис, Суперлиганинг мавқеи тез кўтарилиб бормоқда.

Туркия чемпионати юқори дивизионида ўзбек футболчиларидан уч нафари иштирок этмоқда. Отабек Шукуров “Қайсериспор”, Азизбек Турғунбоев “Сивасспор”, Ҳусниддин Алиқулов “Ризеспор” ўйинчиси ҳисобланади.

Легионерларимиз орасида Алиқулов мавсумни юқори даражада бошлади. 25 ёшли футболчимиз марказий ҳимоячи бўлишига қарамасдан, тўпурарлик маҳоратини намойиш қилмоқда.

Алиқулов биринчи турда “Башакшеҳир” дарвозасини ишғол қилиб, жамоасининг янги мавсумдаги илк тўпини киритган эди ва бу гол “Ризеспор”га дастлабки очкони ҳам келтирди.

Иккинчи турда Ҳусниддин “Адана Демирспор” жамоаси майдонида мезбонлар дарвозасига супергол уриб, ҳисобни очди. Бу баҳсда “Ризеспор” футболчилари мавсумдаги биринчи ғалабасини қўлга киритди.

Ҳусниддин Алиқулов жамоасига жами тўрт очко келтириш билан бирга ўзи тўпурарлар пойгасига қўшилиб олди. Суперлигада 11 нафар футболчи дастлабки икки турда ўз ҳисобига бир жуфт гол ёздириб қўйди. Улар орасида Чиро Иммобиле, Эдин Жеко, Рафа Силва каби Европанинг кучли клубларида ўйнаган машҳур ҳужумчилар бор.

Алиқулов самарали ўйини натижасида Суперлиганинг иккинчи тур рамзий терма жамоасидан ўрин олди.

Таъкидлаш жоизки, экспретлар ўзбек ҳимоячисини биринчи турнинг рамзий терма жамоасига ҳам киритган эди.  

Туркия Суперлигасидаги қолган вакилларимиздан Азизбек Турғунбоев ҳам “Сивасспор” таркибида иккита ўйинда қатнашди. Бу жамоа  худди “Ризеспор” сингари биттадан дуранг ва ғалаба қайд этган ҳолда тўрт очкога эга бўлиб турибди.

Эътиборли жиҳатида, “Сивасспор” иккинчи тур учрашувини Отабек Шукуровнинг “Кайсериспор” жамоаси майдонида ўтказиб, 2:1 ҳисобидаги ғалаба билан қайтди.

Суперлига жамоалари сони тоқ бўлгани учун “Кайсериспор” биринчи турни ўтказиб юборган эди. Отабек Шукуров “Сивасспор”га қарши иккинчи тур учрашувида иштирок этмади.

3-тур учрашувлари 23-26 август кунлари бўлиб ўтади. Марказий беллашувлардан бирида “Ризеспор” ўз майдонида Жозе Моуриньо бошчилигидаги “Фенербаҳче”ни қабул қилади.

“Сивасспор” навбатдаги турда ўз мухлислари кўз  ўнгида лига дебютанти “Эюпспор” футболчиларини имтиҳондан ўтказади.

“Кайсериспор” ёзда Элдор Шомуродовга қизиқиш билдирган “Трабзонспор” майдонига сафар уюштиради.

 

Сен зўр жангчи бўласан! Машҳур промоутер Парижда порлаган боксчимизни олиб кетмоқчи

Тўпурар легионеримиз яна “кўтарила” бошлади!

Шомуродовга идеал вариантлар бор...

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!