"Женоа" бош мураббийи "Милан"га бой берилган ўйин ҳақида нималар деди?

Италия А Сериясининг 31-тури доирасида кечган "Милан" - "Женоа" баҳси мезбонларнинг 2:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. Ўйиндан кейин генуяликлар бош мураббийи қуйидаги фикрларни билдириб ўтди:

"Барчамиз натижадан норозимиз, аммо ўз ўйинимиздан хурсандмиз. Биз яхши футбол намойиш эта олмоқдамиз. Энг муҳими ҳам шу: натижалар секин-аста келаверади. 

"Женоа" бу қадар юқори сифатли футбол ўйнамай қўйганига анча бўлиб кетганди. Уйга қуруқ қўл билан қайтяпмиз, бундан жуда ранжидик. Аммо кўнглимиз хотиржам бўлган ҳолда, кейинги ўйинга тайёрланишимиз мумкин. Сабаби, биз катта жамоаларга қарши муносиб туриб бера оляпмиз. 

Таркибимизда 10 та ҳимоячи бор. Лекин уларнинг ҳеч бири марказий ҳимояда "ётиб оладиган"лар сирасига кирмайди. Бугун Гильоне орқа чизиқни назорат қилишга ҳаракат қилди. 

Жамоалар ўз ўйин услубини футболчилардан келиб чиқиб тузади. Қўл остимдаги футболчилар билан 3-5-2 тактикасида ўйнашдан бошқа чорам йўқ. Бизда марказий ҳимоячилар ва марказий ҳужумчилар кўп. 

Дестро ўз меҳнатлари самарасини олмоқда. Машғулотларда жуда фаол, жамоага жонкуяр ва ўзига нисбатан жуда талабчан. Маттиа сингари "қотил" ҳужумчилар фақат талант орқалигина бу даражага эришади. У туғма ҳужумчи", - деди Баллардини. 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!