Жезус: "Арсенал" билан мавсум охирида совринлар ютишни рад этмаган бўлардим" (катта интервью таржимаси)

"Арсенал" жамоаси Микель Артета бошқаруви остида янги мавсумга жиддий тайёргарлик олиб бормоқда. Клуб келаётган мавсумда юқори натижаларни кўзлаган. Буни амалга оширилаётган трансферлар мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Фабиу Виейра, Вильям Салиба ва Габриэль Жезус каби футболчилар харид қилинди. Кераксиз ўйинчилар жамоани тарк этди.

Хўш, янги сотиб олинган футболчилар жамоага қай даражада ёрдам бера олади? Улар клубнинг шонли тарихини яна тиклай оладими? Шу каби саволлар келтириб ўтилган Габриэль Жезуснинг интервьюсини сизларга тақдим қилишга қарор қилдик. Марҳамат, қуйида "шаҳарлик"дан "тўпчи"га айланган бразилнинг интервьюсини ўзбек тилида ўқишингиз мумкин.

jes
Габриэль, нега айнан "Арсенал"ни танладингиз? Клуб сиз учун нималарни англатади?

- "Арсенал"га ўтиш имкони пайдо бўлгани ҳақида эшитганимда хурсанд бўлдим. Бу катта лойиҳага эга буюк жамоа. Эду (Эду Гаспар - "Арсенал" спорт директори) менга келажакдаги режалар ҳақида гапириб берди. Сўнг интиқлик билан "Арсенал"га ўтишни кута бошладим. Сабаби, менга лойиҳа маъқул келганди. Совринлар ютишни истайман, ҳамма ерда ғалаба қозонишни хоҳлайман. Шу мақсадда бу ерга келдим. Юқори савиядаги футболчилар билан "Арсенал"ни яна топ даражага қайтариш ниятидаман.

"Арсенал" кўрсатадиган ўйин услуби сизга қанчалик мос тушади?

- Аввал Микель Артета билан ишлаганман. Шундай экан, мен унинг ғоялари ҳақида оз бўлса-да, хабарим бор. Унинг қандай ўйин кўрсатишини биламан. Бу худди Гвардиоланинг футболига ўхшаб кетади. Ўйлайманки, услуб борасида менда муаммо бўлмайди.

Йигитларга ёрдам беришни хоҳлайман. Улар билан биргаликда янги нарсалар ўрганишдан умидворман. Бир оиладек ҳаракат қиламиз. Бунга шубҳам йўқ. Бу ердаги аҳилликдан мамнунман. Яхши тайёргарлик кўриб, муносиб ўйин кўрсатамиз ва якунда нимадир ютишимизга ишонаман.

jesss

Юқорида Артетани эслаб ўтдингиз. У "Манчестер Сити"да Пепга ёрдамчилик қилган. Уни жуда яхши танийсиз. "Арсенал"га ўтишингизда унинг ўрни қандай?

- Жуда муҳим. Чунки мен ҳаётим давомида янги лойиҳаларда иштирок этишни истаб келдим. Эду гапириб берган лойиҳа мени ҳайратга сола олди. Улар танлаган йўл, қилаётган ишлар сабаб мен Лондонга кўчиб ўтишни афзал кўрдим. Айниқса, Микель билан гаплашганимдан сўнг танловим борасида асло иккиланишга ўрин қолмади. Мен унга ва клубга ишонаман. Шунингдек, ўзимга ҳамда жамоадошларимга ҳам ишончим чексиз.

"Тўпчилар" сафида қандай мақсадларни кўзлагансиз?

- Аввало, мослашиш. Жамоага, футболчиларга, уларнинг услубига кўникишим зарур. Мен бу ерда янгиман. Шундай экан, ҳозир энг муҳими, ҳаммасини ўрганиб чиқишим керак. Кейин барчаси жойига тушиб кетади. Ўйлашимча, футбол шулардан иборат. Ҳар жойда бир хил кўриниш.

Албатта, мавсум охирида жамоадошларим каби совринлар ютишни рад этмаган бўлардим. Мақсадим - шонли тарихга эга "Арсенал"да номимни абадийлаштириш.

9-рақам эгаси сифатида сиз кўп голлар уришингиз керак. Нима деб ўйлайсиз, биринчи мавсум бу жамоада нечта гол ура оласиз?

- Қанча кўп бўлса, шунча яхши. Мен доим гол уриш учун ҳаракат қиламан. Клубимга ёрдам бериш учун ҳамма нарсага тайёрман. Фақат голлар эмас, ассистентликда ҳам ўз маҳоратимни намойиш эта оламан, деб ўйлайман. Менинг услубим - енгилмаслик, охиригача курашиш, жамоамга ва шерикларимга ёрдам қўлини чўзиш.

artjes

"Арсенал"дан кўплаб афсоналар чиққан. Сизнингча, жамоа тарихидаги энг буюк ва муҳим футболчи ким бўлган?

- Ўйлашимча, бундай ўйинчилар кўп бўлган. Аммо фақат биттасини танлаш керак бўлса, мен учун Тьерри Анри. У "канонирлар"нинг тимсоли. "Арсенал" дейилган жойда доим Анри номи ҳаёлга келади. У футбол тарихидаги энг буюк футболчилардан бири бўлган ва шундай бўлиб қолади ҳам. Аммо мен "янги Анри" бўлмоқчи эмасман. Ўз номимни зарҳал ҳарфлар билан клуб тарихига муҳрлаб қўйилишини истайман.

Сиз қарши ўйнаган энг кучли ҳимоячи ким?

- Кўпларини исмини айтишим мумкин (кулади). Бир қанча топ даражадаги ҳимоячиларга қарши ўйнадим. Улар орасидан Тиаго Силвани ажратиб кўрсатган бўлардим. Чунки у майдонда доим ўзини дарғазаб қилиб кўрсатади. Сизга тинмай қаршилик кўрсатади, асабга тегадиган гаплар айтади. Хуллас, Тиаго ҳужумчи учун мукаммал даражада қийинчилик туғдира олади.

 

 

Шоҳрух Зоиров таржимаси.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!