
Жиззахдаги оғир ўйинда ягона гол ҳаммасини ҳал қилди
Суперлиганинг 7-тури Жиззахда “Сўғдиёна” ҳамда “Андижон” клублари иштирокидаги беллашув бўлиб ўтди. Андижондан эса кўплаб мухлислар бевосита стадионда футболчиларни қўллаб-қувватладилар. Улар ҳар қандай ҳолатда ҳам ўз жамоаси билан бирга ва “Сўғдиёна” стадионида худди уйидагидек муҳитни ярата олдилар.
Ўйиннинг қийин кечиши аввалдан маълум эди. Зеро, ҳозирда Суперлигада енгил учрашувларнинг ўзи йўқ. Жиззахдаги баҳс ҳам жамоалар учун оғир ўтди. Таъкидлаш жоизки, баҳс мобайнида “Андижон” дарвозабони Элдор Адҳамов бир неча бор ўз сейвини намойиш қилди ва жамоани голлардан сақлаб қолди. Танаффусгача ҳисоб очилиши ҳам мумкин эди. Айтганимиздек, Адҳамов сейвлари орқали бунга йўл қўймади. Ўз навбатида рақиб посбони ҳам жамоасини қутқарди. Масалан, Рустам Турдимуродовнинг тўхтатмасдан йўллаган кучли зарбасини “Сўғдиёна” дарвозабони бартараф этди.
Иккинчи таймда ўйин шиддати янада ошди. “Андижон”нинг хавфли ҳужумлари кўпайди. Рақиб дарвозаси олдида голга тортадиган имкониятлар сони янада ортди. Бир вазиятда жарима майдони ичида Сардор Азимовнинг хавфли зарбасини дарвозабон катта қийинчилик билан бартараф қилди. Ўйин ўрталарида мезбонлар футболчиси ўзи учун яратилган имкониятдан фойдаланиб ҳисобни очди. Шунда ҳам “Бургутлар” бўш келмади ва имкониятлар яратишда давом этди. Бектемир Абдуманноновда ҳам яхши вазият бўлди. Шунингдек, Дониёр Абдуманноповнинг зарбаси тўсинга тегиб майдондан чиқиб кетди.
“Бургутлар” вазиятни ўзгартириш учун охиригача курашишганига қарамасдан якунда таблодаги 1:0 ҳисоби ўзгармасдан қолди.
“Сўғдиёна” – “Андижон” – 1:0 (0:0).
26 апрель. Жиззах. “Сўғдиёна” стадиони. 2810 томошабин.
Ҳакамлар: Аскер Нажафалиев, Алишер Усмонов, Санжар Шоюсупов
Захира ҳаками: Шаҳбоз Азимов
ВАР: Иброҳим Исмоилов
АВАР: Алишер Раҳимқулов
Назоратчи: Марат Исмоилов
Комиссар: Маъмур Султонов
“Сўғдиёна”: Муҳаммадюсуф Собиров, Зоир Жўрабоев, Ислом Қобилов, Отабек Ахадов, Хондамир Мустафоқулов, Станислав Андреев (Дилшод Мисиралиев, 77), Сардор Ҳошимов (Беҳруз Жуматов, 82), Нодир Сойибов, Умид Султонов (Суҳроб Иззатов, 57), Жавоҳир Қаҳрамонов, Люпчо Дориев.
“Андижон”: Элдор Адҳамов, Ислом Маматказин, Абдулвоҳид Ғуломов, Миомир Журичкович, Олег Зотеев, Алтин Крезиу, Искандар Шойқулов (Дамир Темиров, 46), Сардор Азимов (Дониёр Абдуманнопов, 70), Мирзад Механович (Усмонали Исмоналиев, 87), Бектемир Абдуманнонов, Рустам Турдимуродов (Ислам Машуков, 70).
Гол: Суҳроб Иззатов, 59 – 1:0.
Огоҳлантиришлар: Отабек Ахадов, 40. Нодир Сойибов, 45+2. Дилшод Мисиралиев, 90+2. Иван Бошкович, 90+3 (бош мураббий), Муҳаммадюсуф Собиров, 90+4 – Миомир Журичкович, 1. Искандар Шойқулов, 12.
Фикрлар