"Жуда бўрттириб юборилди, зарба одам йиқиладиган даражада эмасди" - "Насаф" сардори Жиззахдаги баҳсли вазият ҳақида
Доим мухлисларнинг меҳрини қозониб келган Қаршининг “Насаф” клуби учун жорий мавсум ҳам турли саргузаштларга бой тарзда кечяпти. Асосийси, жамоа ўзи иштирок этаётган мусобақаларда ғолиблик учун курашиш имкониятини сақлаб келяпти.
5 ноябрь куни қаршиликлар Баҳрайнда “Ал-Муҳаррақ” клуби билан ОФК Кубоги финалида ўйнайди. Биласиз, унгача “Аждарлар” Андижон ва Жиззахда оғир беллашувларни ҳам ўтказишга улгурди.
“Насаф” сардори ва етакчиси Умар Эшмуродов бир қатор масалалар бўйича Sports.uz мухбири билан мулоқотда бўлди.
“Майдон ҳолати яхши эмасди”
Биринчи навбатда, “Насаф” клубини ярим финалга чиққани билан табриклаш керак. Чунки Жиззахда “Сўғдиёна” билан оғир кечган учрашувда муҳим ғалабага эришишди. Ўйиннинг боришидан ҳаммасини битта гол ҳал қиладигандек эди. Бу вазиятда ким биринчи гол урса, ғалаба қозониши катта эҳтимол эди. Бу хусусида Умар Эшмуродов шундай деди:
- Раҳмат, табрик учун. Айтишим мумкинки, Жиззахдаги учрашув биз учун қийин бўлди. Ўзингиз айтганингиздек, у ерда биринчи гол урган жамоа ютиб кетиш эҳтимоли юқори эди. Чунки майдон ҳолати яхши эмасди.
“Учта фронтда ҳам натижа кўрсатишга ҳаракат қиламиз”
“Насаф”нинг ишлари яхши. Жамоа Ўзбекистон Кубогида ярим финалга чиқди, чемпионатда медаллар учун курашяпти ва энг асосийси, ОФК Кубоги финалида ўйнайди. Хўш, жамоа сардори “Насаф”нинг барча мусобақаларда ғолиб чиқиш имкониятини қандай баҳолаяпти?
- Ҳа, мавсумнинг энг масъулиятли палласига келдик. Албатта, ўз олдимизга қўйган аниқ мақсадларимиз бор. Шундай экан, олдимизда турган учта фронтда ҳам натижа кўрсатишга ҳаракат қиламиз, - деди Умар.
“Бизга салбий таъсир қилмайди”
“Насаф” ОФК Кубоги ярим финалидан кейин чемпионат ҳамда Кубокда иккита қийин ўйинни ўтказди. Бу жамоанинг финалдаги ўйини учун тайёргарлик жараёнига қанчалик таъсир қилиши мумкин? Андижон ва Жиззахдаги оғир ўйинларнинг футболчиларга таъсири йўқми? Бу борада Эшмуродовнинг жавоби қуйидагича бўлди:
- Йўқ, салбий таъсир қилмайди. Умуман олганда, ўйинлар ораси 3-4 кун бўлиши нормал ҳолат деб ҳисоблайман. Бунинг устига жамоамизнинг жисмоний ҳолати ҳам яхши.
“Ҳакам барчасини кўрди”
Жиззахдаги баҳсда Умар Эшмуродовнинг рақиб ҳужумчиси Баҳодир Насимов билан ўртасида юз берган можароли вазият ижтимоий тармоқларда ҳам кенг тарқалди. Вазиятни ҳакам кўрмай қолди, Эшмуродовга қандайдир жазо тайинлаш керак, деган фикрлар ҳам янграяпти.
- Футболда бунақа вазиятлар бўлиб туради. Лекин жуда бўрттириб юборилди. Ўша вазиятни видео қилиб, ижтимоий тармоқларда “айлантирилиб”, билмадим нимага эришишмоқчи?! Майдонда юз берган вазиятда ҳакам бизга яқин турганди. Шу боис у барчасини кўрди. Бу ҳолатда одам йиқиладиган даражада зарба бўлгани йўқ. Шуни ҳам айтмоқчиманки, бўлган воқеалар кайфиятимиз ва тайёргарлигимизга ҳеч қанақасига таъсир қилмайди. Биз ўйин тугаши билан финалга жиддий тайёргарликни бошлаганмиз, - деди “Насаф” сардори.
“Финалда фаворит бўлмайди”
Баҳрайннинг “Ал-Муҳаррақ” жамоаси ҳам бежизга финалгача етиб келгани йўқ. Таркибида яхши савиядаги легионерлари бор. Умар Эшмуродов эса бўлажак рақиб ҳақида ҳам гапирди.
- Бизни уларга қарши финалда ўйнашимиз маълум бўлиши биланоқ рақибни ўрганишни бошлаб юборганмиз. Баҳрайн клуби яхши шаклланган жамоа. Унинг таркибидаги ўйинчиларини ҳам ўрганиб боряпмиз. Финал бу ўз номи билан финал. Қандай ўйин бўлишини олдиндан айтиб бўлмайди ва унда фаворит ҳам бўлмайди. Менимча, бу ўйинда жисмоний ҳамда руҳий ҳолат биринчи ўринга чиқади.
Фикрлар