“Кака”: Биз “Реал”, Ҳасанбой Дўсматов “Барселона” мухлиси!

 

Истеъдодли боксчимиз Муроджон Аҳмадалиев Олимпия ўйинлари, жаҳон ва Осиё чемпионатларида тезкор нокаутлари билан мухлису мутахассислар эътиборини қозонган. Айни пайтда ҳамюртимиз Германияда бўладиган жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўрмоқда.

SPORTS.uz ахборот портали мухбирларининг Муроджон Аҳмадалиев билан суҳбати жуда қизғин ва қизиқарли маълумотларга бой бўлди.

- Муроджон, сизнинг исмингизни айтса, кўпчилик танимайди. Лекин “Кака”, деса ҳамма ким ҳақида гап кетаётганини дарров пайқайди. Бу лақабни ким қўйган?

- Болалигимдан футболга қизиқардим. Маҳаллада тенгқурларим билан тинмай футбол ўйнардик. Дадам менга “Реал” формасини олиб берганди. Унга машҳур футболчи Каканинг исми туширилган эди. Футбол ўйнаганда шу формани киярдим. Ўртоқларим мени “Кака”, деб чақира бошлади. Шу-шу “Кака”га айландим.

Бир неча маротаба исмим билан чақиришганда эътибор бермай, “Кака” дейишганда қараган пайтларим ҳам бўлган. Ўзим “Кака” дейишларига кўникиб кетганман.

- Унда нега футболни танламадингиз?

- Бир ўртоғим билан боксга бордим. Қизиқиб қолдим. Қолаверса, у пайтлар Аббос Атоев, Элшод Расулов каби боксчиларнинг жангларини телевизор орқали томоша қилиб, уларга ҳавас қилардим. Айниқса, Осиё ўйинларида Элшод Расулов сингган қўли билан жанг қилиб, чемпион бўлгани мени ҳайратга солган. Элшод ака Ватан шаънини ҳимоя қилиш учун қўлидаги оғриқларга қарамасдан, охиригача курашди ва байроғимизни баланд кўтарди. Шу омиллар сабаб боксни танладим.

- Оиладагилар боксга боришингизга қаршилик қилишмаганми?

- Аввалига аям қаршилик қилганлар. Лекин мен уларга Элшод Расуловга ўхшаб зўр боксчи бўламан, байроғимизни кўтараман, шоҳсупага чиқаман, деб ваъда берганман. Ниятим жиддийлиги учун қароримни қабул қилишган. Дадам эса бошидан мени қўллаб-қувватлаб келган.

Чустдаги 2-умумтаълим мактаби бокс тўгарагида Илҳом ака ва Баҳром ака, деган мураббийлардан бокс сир-асрорларини ўргандим. Лекин мени боксга бошлаган ўртоғимнинг ўзи боксдан кетиб қолди.

- Сизда боксни ташлаш фикри бўлмаганми?

- Бўлган. Бошида мусобақаларда ютқазиб қўйсам, боксдан кетмоқчи ҳам бўлганман. Кейин ота-онамга берган ваъдам эсга тушиб, яна қўлқопни қўлга олганман. Кейинчалик кучли боксчи бўлиш учун Чирчиқ олимпия захиралари коллежига ўқишга кирдим. Бу ерда кучли мураббийлар – Тўлқин  Қиличев ва Рустам Саидов қўл остида шуғуллана бошладим.

- Натижани узоқ кутдингизми?

- Тўғрисини айтсам, коллежга ўқишга кирганимдан кейин икки йил мусобақаларда қатнашмадим. Сабаби – вазним етмаган. Ўта енгил бўлганим учун мени вазнимда жанглар ташкил қилинмасди. Кейин секин-аста рингга чиқа бошладим. 2010 йилдан бошлаб, ёшлар ўртасидаги мусобақаларда қатнашдим. Аслида ўшанда ҳам вазним етмаган. Лекин жангларда ўзимни кўрсатганим ва машғулотларда кўп ишлаганим учун устозларим менга ишонч билдирган.

Республика миқёсидаги кўрсаткичларимга кўра, халқаро миқёсдаги турнирларга жалб қилишди. Тажрибам ортгани сари ғалабаларим сони ва салмоғи ошиб борди. Қолаверса, машғулотларга жиддий эътибор бера бошладим, ўз устимда янада кўп ишлайдиган бўлдим. Рақибларимнинг имкониятини ўрганишни йўлга қўйдим. Бу кўникмаларим ҳозир ҳам менга фойда беради.

- Биринчи халқаро мусобақа эсингиздами?

- Ҳа. 2012 йили Россиянинг Анапа шаҳрида бўлган ёшлар ўртасидаги анъанавий халқаро турнирга борганман. Ўша мусобақа финалида мезбон боксчи Юсуф Газаевни 28:15 ҳисобида мағлубиятга учратганман. Бу финал баҳслари орасидаги энг кескин ва муросасиз учрашув бўлган. Кейин яна бир нечта халқаро мусобақада қатнашдим.

2012 йилда Арманистонда ўтказилган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида қатнашдим. Ереванда Франция, Венесуэла, Мўғулистон ва Филиппин вакилларини енгиб, финалга чиқдим. Бироқ ҳал қилувчи жангда ютқаздим ва кумуш медаль билан кифояландим.

- Мутахассислар натижаларингиз йилдан-йилга ўсиб бораётганини қайд этишмоқда...

- Дарҳақиқат, шундай бўлишига ҳаракат қиляпман. Катталар боксига ўтганимдан кейин 2013-2014 йиллар давомида Ўзбекистон чемпионатида ғолиб чиқдим. Бу борада ўзимга идеал даражада тўғри келадиган оғирлик – 56 килограмм вазн тоифасига мослашиб олганим менга қўл келди. Тошкентдаги финалда Орзубек Шойимовни ва Олмалиқдаги ҳал қилувчи баҳсда Миразизбек Мирзахалиловни мағлуб этдим. Рақиблар ҳам ўта кучли ва тажрибали эди.

Ўзбекистон чемпионатидаги ғалаба ҳар бир боксчининг орзуси. Чунки терма жамоага кириш учун миллий чемпионатда ғолиб чиқиш керак. Агар ўша мусобақаларда ютмаганимда Осиё ва жаҳон чемпионатларида қатнаша олмасдим.

Хусусан, 2014 йилда Ўзбекистон чемпиони бўлганим учун терма жамоадан жой олдим ва 2015 йили Таиланд пойтахти Бангкокдаги Осиё чемпионатида қатнашдим. Бу мусобақа финалида мезбон боксчига 1:2 ҳисобида ютқаздим. Гарчи кумуш медаль олган бўлсам-да, жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритганимдан хурсанд эдим.

- Шу йили Қатарда ўтган жаҳон чемпионатида ҳам финалчи бўлдингиз?

- Жаҳон чемпионатида ҳам финалда ютқаздим. Лекин бу мусобақада Риодаги Олимпия ўйинларига лицензияни қўлга киритдим. Бундан ташқари, жуда катта тажрибага эга бўлдим. Жаҳон бокси билан яқиндан танишдим.

Қолаверса, Осиё ёки жаҳон чемпионатларида қатнашишнинг ўзи бахт эканини унутмаслик керак. Дунё миқёсидаги мусобақаларни бир четга қўяйлик. Бугунги кунда миллий чемпионатда ҳам совриндор бўлиш осон эмас. Бу иш ҳамманинг ҳам қўлидан келмайди. Ғалаба, деганда фақат олтин медални тушунмаслик керак. Кумуш ва бронза медаль ҳам нуфузли соврин.

Масалан, мен учун 2016 йилги Олимпия ўйинларида қўлга киритилган бронза медаль энг қадрли ютуқ ҳисобланади.

-  Сиз учун ноқулай рақиб борми?

- Зўр боксчи ҳар қандай рақибни енгишни билиши керак, деб ўйлайман. Мен жаҳон чемпионати финалида ирландиялик Майкл Конланга ютқазганман. Олимпия ўйинлари ярим финалида тўқнаш келган кубалик Робейси Рамирез мени икки марта ютган. Тўғриси, ҳар бир боксчининг нозик томони бўлади. Ўша жойини топсангиз, ғалаба калити қўлингизда. Тан оламан, Рамирез билан жангларда ўша “калит”ни топа олмаганман. Буни ўша пайтларда тажрибасиз бўлганим билан изоҳлаш мумкин. Мана энди ҳар қандай рақибни енгишга қодирман, деб турганимда Майкл Конлан ҳам, Робейси Рамирез ҳам катта боксни тарк этди.

- Германиядаги жаҳон чемпионати яқинлашяпти. Чемпионлик учун курашда асосий рақобатчингиз ким?

- Аввало Германиядаги жаҳон чемпионатига Ўзбекистон терма жамоаси тўлиқ таркиб билан йўл олиши қувонарли ҳол бўлди. Барча йўлланмалар Тошкентдаги Осиё чемпионатида қўлга киритилди. Ўнта олтин медалдан тўққизтаси бизга насиб этди. Мен ҳам илк бор Осиё чемпиони бўлдим. Албатта, жаҳон чемпионатида ҳам фақат чемпионлик учун курашаман. Тайёргарлик ҳам шунга яраша бўляпти.  

Юқорида мен учун ноқулай рақиблар фаолиятини тугатганини айтдим. Лекин ҳозир улар билан ҳам тенгма-тенг кураша оламан.

Жаҳон чемпионатида бирор рақибни аниқ кўрсата олмайман. Лекин шу билан бир қаторда кучли бокс мактабига эга бўлган  Россия, АҚШ, Куба, Украина, Буюк Британия каби мамлакатлардан ҳеч ким танимаган, лекин кўп нарсага қодир чарм қўлқоп усталари чиқиб қолиши мумкин. Ҳаммасини вақт кўрсатади. Биз эса ҳар нарсага тайёр туришимиз керак. Мақсадга эришиш йўлида рақибнинг ким бўлишига қарамай, фақат олға қадам босиш шарт.

- Бокс туфайли қайси одатларингизни тарк этгансиз? Спортнинг ҳаётингиз таъсири қандай бўлган?

- Тан оламан, болалигимда жуда шўх ва тўполончи бўлганман. Ўқувчилик давримда болаларнинг  елкасига мингашволиб, бошқасига эса сумкамни кўтаргизиб қўярдим. Боксга қатнай бошлагач, бунақа қилиш яхши эмаслигини, ўзимдан кучсизларга ҳар доим ёрдам қўлини чўзишим кераклигини англаб етдим.

Спорт туфайли дунё қарашим ўзгардим. Бор эътиборимни олдимдаги мақсадга қаратишни, куч-қадратимни ана шу йўлда сарфлашни ўргандим. Характеримда ҳам вазминлик пайдо бўлди. Режимга тушдим. Кучимни рингда кўрсатадиган бўлдим.

- Сиз рақибларни кўпинча нокаут қиласиз. Бунинг сири нимада?

- Бокс мусобақаси ўтказиладиган ареналарга эътибор берган бўлсангиз, биз чиқадиган жой ва ринг ўртасида маълум бир масофа бор. Аренага кириб, рингга етиб боргунимча, машғулотлардаги машаққатли меҳнатларим, ота-онам, устозларим кўз олдимга келади. Миямда ҳамма менга ишонч билдирган, уларнинг ишончини оқлашим шарт, деган фикр айланади. Бу руҳий тайёргарликка ижобий таъсир қилади.

Рингга чиқишим билан бор эътиборни рақибга қаратаман. Ҳатто, атрофдаги мухлислар ёки мураббийларимнинг гапини ҳам эшитмай қоламан. Мақсад битта – ғалаба қозониш.

Рақибни нокаут қилишнинг сири йўқ. Лекин мен нокаут қилишим учун рақибнинг бир-икки зарбасини ўтказиб юборишим керак. Шунда, унинг кучини ҳис қиламан. Нокаутда тактик ва техник тайёргарлик катта роль ўйнайди. Масалан, баъзи боксчилар чап қўлнинг ўзида кетма-кет учта ё тўртта зарба беради. Рақиб улардан иккитасини тўсиши мумкин. Қолганлари албатта мўлжалга тегади. Мен ҳам кўпинча кутилмаган комбинацияларни ишга соламан. Ана шу комбинацияни жангда қўллаш учун ойлаб, керак бўлса йиллаб, бу усулни машғулотларда сайқаллаштириб бориш керак.

- Сиз учун идеал боксчи қандай бўлиши керак?

- Менимча, кўп уриб, ўзи зарба ўтказмайдиган боксчи энг зўр. Алоҳида кимнидир ажратиб кўрсатолмайман. Лекин мен кўпчиликдан зўр усулларни ўзлаштиришни ёқтираман.

- Масалан кимлардан?

- Ўзбекистон боксчиларидан Ҳасанбой Дўсматов ва Исроил Мадримовдан кўп нарса ўрганса бўлади. Уларнинг фантазияси зўр. Улар оддий зарба бермайди. Бу рақибни чалғитади. Элнур Абдураимов эса “бокс китобида” қандай ёзилган бўлса, шундай бокс тушади. Унга ҳам қойил қоламан.

Бектемир Мелиқўзиев зарбаларни исроф қилмайди. Ҳар бир зарбаси аниқ ва ўта кучли.

- Санжар Турсуновнинг устунлиги нимада?

- Санжар терма жамоадаги энг ёш боксчи. Вазни 91 килограмм бўлганига қарамай, ўта тезкор. Одатда, оғир вазн боксчиларнинг энг катта муаммоси тезкорлик ва рингда кўп ҳаракат қила олмасликдир. Лекин Турсунов худди енгил вазнлилар каби серҳаракат ва тезкор боксчи.

- Олимпия ўйинлари чемпиони Шаҳобиддин Зоиров вазнини ўзгартирди. Ҳозир у ҳам 56 килограмм вазн тоифасида рингга чиқмоқда. Бу сизга қандай таъсир қилади?

- Шаҳобиддин зўр боксчи. Вазни кўтарилганидан хабарим бор. Бу менга таъсир қилмайди. Ҳозирча, бу вазнда мураббийлар менга ишонч билдирмоқда. Менимча, Шаҳобиддин билан Ўзбекистон чемпионатида рақобат қилсак керак. Шу ўринда, рақобат фақат рингда бўлади. Оддий ҳаётда дўстона муносабатимиз давом этаверади. Бунга аминман.

- Жаҳон боксчиларидан кимларнинг услуби ёқади?

- Ҳурмат қиладиганларим кўп. Флойд Мэйвезер, Мэнни Пакьяо, Майк Тайсон каби усталарнинг маҳоратига тан бериш керак.

- Профессионал боксга муносабатингиз қандай?

- Ижобий, албатта. Мен Фазлиддин Ғоибназаров, Санжар Раҳмонов ва Қудратилло Абдуқаҳҳоровларнинг фаолиятини кузатиб бораман. Фазлиддин ва Санжар ака ҳаваскор боксда ҳам кўп нарсага эришган. Уларга ҳавас қилганман.

Қудратилло билан эса бирга шуғулланганмиз. Унга ҳурматим баланд. У ҳаваскорлар боксида негадир ўзини кўрсатолмади. Лекин профессионал рингда кўп нарсага эриша олишига ишонаман. Зотан, ҳозирдан ҳамманинг тилига тушди. Дўстимга омад тилайман.

- Ўзингиз профессионал боксга ўтмайсизми?

- Ҳали ҳаваскорлар боксчида қиладиган ишларим кўп. Забт этилмаган чўққилар бор. Вақти келиб, профессионал боксга ўтишим ҳам мумкин. Буни вақт кўрсатади.

- Суҳбатимиз бошида футбол ҳақида гапирдингиз. Ҳамон футболга қизиқасизми?

- Кўпроқ футбол ўйнашга қизиқаман. Ҳали ҳам тўп кетидан қувиб турамиз. Жаҳон футболида “Реал”га мухлислик қиламан. Ўзбекистон терма жамоасининг ўйинлари ҳам беэътибор эмасман. Лекин футболни телевизор орқали томоша қилишни ёқтирмайман. Фақат “Реал” -  “Барселона” ва миллий терма жамоамиз ўйинларини кўраман.

- Боксчиларимизнинг ҳаммаси “Реал” мухлиси шекилли. Исроил Мадримов ва Шаҳрам Ғиёсов ҳам Криштиану Роналдунинг ўйинларини ёқтиришини айтганди.

- Деярли ҳамма мадридликларга тарафкашлик қилади. Фақат Ҳасанбой Дўсматов “Барселона” ва Лионель Месси, деяверади. “Эл класико”да ҳамма бир тараф, Ҳасанбой бир томон бўлиб қолади. Майли-да, ҳамманинг ўз дунёқараши бор.

- Боксдан бошқа нима билан машғул бўласиз?

- Футбол, стол тенниси ўйнайман. Сузишга бораман. Китоб ўқишни ёқтираман. Албатта, ижод аҳли сингари жуда кўп китоб ўқийман, демайман. Айниқса, Дэйл Карнеги асарларига қизиқаман. Китоб дунёқарашни кенгайтиради. Рингда оёқ билан ҳаракат қиласиз, қўл билан зарба берасиз, лекин бош билан ўйлаш керак. Тафаккури кучли боксчи ғалаба қозонади. Қолаверса, китоб ўқиш нутқ маданиятини ривожлантиради. Оддий мисол, илк бор интервью берганимда гапимни тополмай қолганман. Ҳозир бундай муаммо йўқ.

Қолаверса, келажакда ўз мактабимни  очаман. Бунинг учун ҳам билимларимни ҳозирдан ошириб боришим керак. Бундан ташқари, ўз бизнесим бўлишини истайман. Булар ўз-ўзидан бўлмайди. Албатта, ҳаммаси ўқиш ва уқиш орқали бўлади.    

- Муроджон самимий суҳбат учун раҳмат. Барча ниятларингиз амалга ошишини тилаймиз.

SPORTS.uz

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!