Камолиддин Мурзоев: "Ўйлашимча, Қатар қўрқадиган гигант жамоа эмас"

Осиё Кубогидаги иштирокини давом эттираётган миллий терма жамоамиз нимчорак финалда Таиланд тўсиғидан ўтди ва энди чорак финала мезбон Қатарга қарши майдонга тушади. Ўзбекистон футболчилар уюшмаси раҳбари Камолиддин Мурзоев Таиланд билан бўлиб ўтган баҳс ва олдинда турган Қатарга қарши ўйин борасида ўз фикрларини билдириб ўтди.

Таиланд билан ўйин ҳақида

“Авваламбор, Ўзбекистон халқини бу ғалаба билан табрикламоқчиман. Биласизми, нафақат футболда, умуман ҳаётда шундай мақол бор: ғолиблар муҳокама қилинмайди. Албатта, биз мақом ва таркиб жиҳатидан ҳам Таиланддан устун эдик. Фақат бу устунликни амалда бажариш керак эди. Қийинчиликларга қарамасдан, сафимиздаги кетма-кет йўқотишлар, айниқса, Шомуродов, Сергеев, ўйин олдидан Шукуровнинг ўйнамаслиги...Бу бошқалар учун оддий ҳол бўлиши мумкин. Лекин терма жамоамиз учун катта йўқотишлар бўлса-да, мураббий қўл остидаги футболчилар билан ушбу ғалабага эришди. Бу ерда менимча бошқа изоҳга ҳожат йўқ. Бундай ҳолатларда фақат натижа муҳим бўлади”.

узб таи1

Мусобақа мезбонига қарши ўйин мураккабми?

“Тўғри, мусобақа мезбонига қарши ўйнаш мухлислар жиҳатидан қийинроқ бўлади. Аммо танганинг иккинчи тарафи ҳам бор. Худди шундай қийинчилик Қатар терма жамоасида ҳам бўлади. Улар ўз мухлислари олдида хато қилишга ҳаққимиз йўқ, деган фикрда майдонга тушишади. Бу бироз бўлса-да, жамоага босимни туғдиради. Очиғини айтадиган бўлсак, бу учрашувда имкониятларни 50х50 баҳолаймиз. Ҳар бир хатонинг қиймати катта бўлган ўйинларда бирор жамоада яққол устунликни айта олмаймиз. Шунинг билан биргаликда ишончим комилки, бу ўйинда футболчиларимиз ғалаба қозонишади. Чунки ўйинчиларимизни ўзларига ишончи жамоавий ўйин кўрсатаётганликлари нуқтаи назаридан биз ютамиз, деган умиддаман”.

Қатарни кучли ва кучсиз жиҳатлари нимада?

“Бу биз билган олдинги Қатар терма жамоаси эмас. Қайси жиҳатданки, футболчиларнинг терма жамоа ўйинига нисбатан ўз олдига қўйилган талаблари бошқача. Кўп йиллар давомида биз билган Қатар футболчилари шундай ўйин кўрсатишардики, ўхшаса ўхшади, ўхшамаса ютқазиш имконияти ҳаммада бор, деган тушунча бўларди. Аммо ҳозирги Қатар ҳар бир учрашув ҳар қандай қийинчиликка бардош бера ояпти ва ғалаба қозонишга эришяпти. Ҳаттоки, Фаластин билан учрашувда мағлубиятга учраётиб, ўзларига бўлган ишонч сабабли ютиб кетишди. Ҳа, ҳакамларнинг баъзи-бир хатолари ҳам йўқ эмас. Бунда мезбон фактори ҳам роль ўйнаши турган гап. Менимча, терма жамоадаги ўзгаришлардан сўнг ўйинчиларининг ўзларига бўлган талаблари юқори нуқтада. Ҳар бир жамоани бўш нуқталари бўлади. Бу нарсани мураббийлар ўрганиб чиқишади. Ўйлашимча, Қатар қўрқадиган гигант жамоа эмас. Шу нуқтаи назардан қараганда, бу рақибни енгиш бизнинг футболчиларни қўлидан келади, деган умиддаман ва бунга ишонаман”.

узб таи2

Жароҳатлар тўғрисида

“Албатта, жароҳатлар футболнинг ажралмас қисми. Бунга жуда кўплаб факторлар сабаб бўлади. Футболчиларимиз декабрь ойида ҳам майдонга тушишиб, январь ойида иккинчи бир муҳим мусобақага келишлари албатта осон эмас. Ёдингизда бўлса, ўтган йили Қатардаги жаҳон чемпионатида ҳам аксарият терма жамоалар ҳам худди шундай муаммога дуч келишган. Бу айнан бир мавсум тугаб, иккинчи мусобақанинг кетма-кет уланиб кетиши менимча, бу физиологик жиҳат билан боғлиқ. У профессионал бўладими ёки нопрофессионал бўладими, барибир инсонни физиологик жиҳати билан боғлиқ. Организм учун ўзининг белгиланган юкламалари бўлади, белгиланган тартибда дам олиш керак. Менимча, кўпроқ шу нарсалар билан боғлиқ”.

Шуҳратбек Жўраев.  

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!