Камолиддин Мурзоев: "Улар бизни кучсиз жамоа сифатида қабул қилишмайди"
Куни кеча U17 жаҳон чемпионати учун қуръа ташланганидан яхши хабардорсиз. Ўзбекистон терма жамоаси “В” гуруҳида Испания, Канада ва Мали билан баҳс олиб боради.
Рақиблар аниқ бўлгач, турли хил фикрлар ва муносабатлар янграмоқда. Бу борада юртимиздаги мутахассислардан бири Камолиддин Мурзоев ҳам ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
“Бу жаҳон чемпионати ва кучлилар йиғиладиган мусобақа”
- Қуръа ҳақида гапирадиган бўлсак, бу жаҳон чемпионати ва кучлилар йиғиладиган мусобақа. Албатта, гуруҳ босқичида кўпчилигимиз бироз бўлса-да, енгилроқ рақиблар тушишини хоҳлаймиз. Испания ва Канадага тўхталсак, бошқа минтақа бўлганлиги боис озгина ноқулай рақиблар бўлиши мумкин. Айниқса, Канадани жаҳон чемпионатидаги ўйинларини ҳам кўрдик. Уларда ўзига яраша янги авлод чиқиб келаётганлиги кўзга ташланмоқда. Испания эса турли ёшдаги терма жамоалар ва клублар миқёсида ҳам ўз мавқеига эга ҳисобланади. 17 ёшлилар ўртасидаги мундиалга чиққан эканмиз, улар бизни ҳам кучсиз жамоа сифатида қабул қилишмайди.
“Аутсайдер масаласида гапириш қийин”
- Гуруҳда испан футболи нуқтаи назаридан Испанияни фаворит деб аташ мумкин. Уларинг жамоавий ўйинидан хабаримиз йўқ. Аутсайдер масаласида гапириш қийин. Гуруҳ фаворити сифатида учала жамоа ҳам Испанияни кўради. Жамоалар бирламчи вазифа сифатида гуруҳдан чиқишни ўз олдига қўядилар. Унутмаслигимиз керакки, бу 17 ёшлилар ўртасидаги жаҳон чемпионати. Ҳар бир жамоага гуруҳ босқичининг илк тури барибир қийин бўлади. Футболчилар тезроқ ўзларига бўлган ишончни ошириб, рақибларини ўрганиб олишса, янада мазмунлироқ ўйин кўрсатишлари мумкин бўлади.
“Мусобақадан сўнг катта номлар очилади”
- Терма жамоамизнинг потенциалига келадиган бўлсак, Худога шукр, сўнгги йилларида турли ёшдаги терма жамоаларимиз нафақат Осиёда, балки жаҳонда ҳам ёмон натижалар кўрсатишмаяпти. Ушбу терма жамоамиздан ҳам умидларимиз катта. Ҳозирги кунда кўплаб ёшларимиз яхши футбол намойиш этишяпти. U20 терма жамоамиз ҳам мундиалдан яхши таассуротлар билан қайтишди. Бу ерда аввало ўзига ишонч муҳим ва футболчиларимизнинг жисмоний ва психологик ҳолати қанақа бўлишига эътибор қаратилади. Бу ёшда шундайки, катта номлар очиладиган мусобақа. Айнан ушбу турнирдан сўнг катта номлар чиқади. Ҳозирча эса катта номлар йўқ. Асосий урғу жамоавий ўйинга қаратилади.
“Ўйлайманки, мундиалдан сўнг яхши натижалар билан эслаймиз”
- Барча гуруҳларга назар соладиган бўлсак, деярли ҳаммасида ҳолат бирдек, назаримда. Қуръа натижаларига кўра, ҳар бир гуруҳнинг кучли жамоалари бор. Агар гуруҳларни ўзгартирганимизда ҳам барибир биз учун ноқулай ва ўрганилмаган рақиб бўларди. Ўз олдимизга катта натижага эришишни қўядиган ва Испанияни фаворит деб ҳисоблайдиган бўлсак, гуруҳ босқичда фаворитдан ўтиб кетиш имконияти бўлади. Бразилия, Аргентина ёшлари ҳам ўзига яраша. Англия ёшлари ҳам бор. Масалан, Осиё минтақасидан Жанубий Корея ҳам ўз номи ва ўз услубига эга. Менимча, бундан енгилроқ гуруҳ тузиш учун ўзимиз саралаб олган жамоаларни танлаб олишимиз керак бўлади. Ёмон гуруҳга тушдик, деб ўйламайман. Назаримда, мусобақада барча жамоалар илк турни деярли бир хил даражада бошлашади. Терма жамоамизга омад тилаймиз. Ўйлайманки, мундиалдан сўнг яхши натижалар билан эслаймиз. Бу кейинги авлод ёшдаги терма жамоаларимиз учун катта чақирув бўлади. Янги номлар ва иқтидорлар кашф этилади. Кейинги ўтиш даври учун янги футболчилар айнан шу мусобақада тобланишади, деб ўйлайман.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар