Канчельскиснинг эътирозлари, яна ҳакамларнинг хатоси, хурсанд қилаётган дебютантлар ва бошқалар ҳақида

Мамлакат чемпионатининг 10-тур учрашувлари бўлиб ўтди. Суперлигага турнир бошланиши арафасидагина қўшилган жамоалар мухлисларини хушнуд этиб келишмоқда. Термизда “Сурхон” ғалабани ўз томонига оғдириб олган бўлса, Самарқандда жамоалар ўта қизиқарли ўйин намойиш этишди.

“Водий дербиси”, кутилганидек, муросасиз курашлар остида кечди. Учрашувдан сўнг мезбонлар устози эътирозларини кескин тарзда баён қилди.

Амалдаги чемпион ОЧЛдан чиқиб кетгани ва миллий чемпионатда ишончли ўйин намойиш эта олмагани боис бош мураббий истеъфога чиқариларкан деган хабарлар тарқалганди. Қаршида “темирйўлчилар” ғалаба қозонишди.

ДИНАМО – ҚИЗИЛҚУМ 2:2

Суперлига 10-турининг илк ўйинида “Динамо” “Қизилқум” билан 2:2 ҳисобида дуранг ўйнади.

Қизиқарли кечган учрашувнинг 3-дақиқасидаёқ Равшан Эрматов дарвозамиз томон пенальти белгилади. У Сирож Ҳамроев Григалашвилига қарши қўполлик қилди, деб ҳисоблади. Аммо меҳмонларнинг грузиялик ҳужумчиси томонидан тепилган тўпни Ботирали Эргашев қайтариб қолди!

Аммо кўп ўтмай, айнан Григалашвили қанотдан ҳужумга ўтиб, Алишер Саноевнинг голига ҳаммуаллифлик қилди, 0-1.

Голдан сўнг ҳужумга отланган вакилларимиз 14-дақиқада мувозанатни тиклашди. Сардор Эминовнинг тўп оширишидан кейин Қадамбой Нурметов таблодаги натижани 1-1 га айлантирди.

Иккинчи бўлимни ҳам меҳмонлар кутилмаган гол билан бошлашди. Бу сафар ҳам Алишер Саноев қарши ҳужумда ҳимоячиларни ортда қолдириб, “дубл”га эришди – 1-2.

Ўйиннинг қолган қисмида ҳам ҳужумкор тўп сурган вакилларимиз майдонга Воҳид Шодиев, Дилмурод Каримов ва Амиржон Сафаров тушгач янада кескироқ ўйин кўрсатишди. 75-дақиқада бурчакдан оширилган тўпни Дилмурод Каримов бош билан дарвозага йўллагач, тўп дарвоза тўсинига тегиб қайтди. Қайтган тўпни эса Амиржон Сафаров бош билан дарвозага жойлади, 2-2.

Ўйин якунига қадар Даврон Файзиев шогирдлари ҳужумкорликни оширган бўлсаларда, якунда омад вакилларимизга кулиб боқмади. Баҳс жанговар дуранг билан тугади.

Голлар: Алишер Саноев 7, Қадамбой Нурметов 14, Алишер Саноев 52, Амиржон Сафаров 75.

Гол урилмаган пенальти: Элгужа Григалашвили 6 (“Қизилқум”)

“Динамо”: Ботирали Эргашев, Миркомил Лоқаев, Ҳакимхон Аъламхонов, Жасур Азимов, Қадамбой Нурметов, Бобур Қосимов (Воҳид Шодиев, 59), Сирож Ҳамроев (Дилмурод Каримов, 54), Сардорбек Эминов, Жасурбек Ўринов, Ихтиёр Тошпўлатов, Шоҳруҳ Абдураҳмонов (Амиржон Сафаров, 66).

Захира: Шоҳруҳ Эшбўтаев, Аваз Агалиев, Низомжон Норов, Дамир Темиров, Комил Шарофутдинов, Максимилиан Фомин.

“Қизилқум”: Артём Макосин, Эркин Бойдуллаев, Мурод Бобожонов, Алишер Саноев (Файзулла Қамбаров, 73), Салим Мустафоев, Элдор Бойматов, Миржалол Қосимов (Хуршид Олимов, 46), Шерали Жўраев (Сардор Жаҳонов, 82), Азизбек Усмонов, Элгужа Григалашвили, Мақсуд Каримов.

Захира: Евгений Черемисин, Акмал Рустамов, Ҳумоюн Абдуалимов, Муҳсин Убайдуллаев, Суҳроб Ярашов, Ариагнер Смит Медина.

Огоҳлантиришлар: Хуршид Олимов 54, Мақсуд Каримов 64, Сардор Жаҳонов 87.

8900 томошабин.

Ҳамиджон Актамов: - “Динамо” жамоаси Самарқандда ҳали мағлуб бўлмаётганлигини жуда яхши билардик. Бугун икки жамоага ҳам озроқ омад етишмади. Томонлар яхши ўйин намойиш этишди. Мухлислар жанговар баҳс кўришди. Дўстлик ғалаба қозонди, менимча. Дурангдан хафа эмасман. Сабаби ўтган 10 тур давомида биз учун Самарқандагидек қизиқ беллашув кузатилмаганди. Жуда юқори темп, курашлар, ҳужумлар.

Ўз мухлисларимизнинг босими? Биласизми, стадион трибуналарида ҳар доим футбол кўрадиган ва акси бўлган одамларни кўрамиз. Шу боис, йигитларимга трибунадаги ҳайқириқ ва эътирозларга эътибор қилманг деб уқтираман. Трибунада бекорчи одам кўп, қиладиган иши йўқлар писта чақиб, ўйин давомида футболчини ҳам, мураббийни ҳам сўкиб ўтиради, асабини бузади. Бундайларга фарқи йўқ, ким ғалаба қозонишини. Мана шундай мухлислар камайса футболимиз ютади. Бундай одамлар ҳамма шаҳарларда футболни орқага тортади. Бу футбол – ўша куни омад “Сурхон”га кулиб боқди. Футбол ўзи шунақа. Ким ҳам ютқазмайди дейсиз... Ҳаттоки “Барселона” ютқазаяпти 4-0 ҳисобида. Шу учун футбол халқ ўйини. Бугун ёмғирга қарамай, Навоийдан келиб бизни қўллаб-қувватлаб турган ишқибозларга раҳмат! Улар бизни ўйин билан табриклашди. Ҳақиқий мухлислар мана шундай бўлади! Агар ёмонни ёмон деяверсангиз ҳеч қачон яхши бўлиб қолмайди.

- Легионер ҳужумчи Смит Медина нега таркибга киритилмади?

- Биласизми, бугунги ўйин учун таркибни шахсан ўзим аниқладим, ҳеч ким билан маслаҳатлашмадим. Айтишим мумкинки, Самарқанддагидек ўйинга Медина умуман ёрдам бера олмасди бизга.

- Эркин Бойдуллаевни илк марта марказий ҳимояда кўрдик ва у яхши ўйин намойиш этди. Бу Навоийдаги мағлубиятдан кейин ротациямиди ёки мажбурий танловми?

- Бу клубнинг ички сири деган бўлардим. Шу сабаб бу саволга аниқ жавоб беришни истамасдим. Шундай қарорга келгандим. Битта нарса дейишим мумкин, жамоамиздаги барча футболчилар ва ёшлардан Эркин Бойдуллаевдан ўрнак олишларини сўрайман. Эркин 34 ёшга кирганига қарамай, исталган ёш футболчилардан яхшироқ ўйнамоқда. Уни ҳимояда қўйсам ҳам, ҳужумга қўйсам ҳам кўрсатмани бажара олади. Бундай универсал футболчи ҳамма ишни қила олади. ЎФАдаги тест имтиҳонларида ҳам 5 та тестдан 4 тасини аъло даражада топширди. Исталган ёшлардан кўпроқ ишлаяпти. Ҳамма таҳлилчилар буни кўриб туришибди. Аммо негалдир, Эркин Бойдуллаевни Ўзбекистон миллий терма жамоасига чақиришмайди. Эркин исталган нуқтада ўзини кўрсата олган бўларди.

Даврон Файзиев: - Бугун ҳам мухлисларга ёқадиган жанговар ўйин бўлди. Лекин мураббийлар учун жуда асабий баҳс гувоҳига айландик. «Қизилқум»да тажрибали футболчилар борлиги сабаб улар бизни хатоларимиз сабаб жазолашди. Рақибларимизнинг олдинги ўйинларини таҳлил қилиб, очиғини айтаман, «Қизилқум» бундай ўйин кўрсатишини умуман кутмагандим. Футболчиларим ирода кўрсатганларидан хурсанд бўлдим. Аммо, ҳимоя чизиғида оддий хатолар эвазига голлар ўтказиб юбордик. Бугун ҳимоячиларимиз – Ҳамроев, Ўринов, Аъламхонов, Лоқаевлар ўз даражасида ўйин кўрсатишмади. Жамоа юқорида бўлишни хоҳласа, ҳимояда «0»га ўйнашга интилиши керак. Ютишимиз шарт бўлган баҳсда очко йўқотдик. Таққослайдиган бўлсак, шу футболчиларимиз билан «Бухоро»да ҳимояда анча яхши ўйнадик.

Қувонтираётган жиҳат биз машғулотларда пухта ўйланган комбинацияларимиз эвазига голлар ураяпмиз, аммо рақиблар оддий хатоларимиздан фойдаланишмоқда. Рақибнинг голлари ҳақида гапирадиган бўлсам, Саноев гол урган вазиятда учта ҳимоячимиз бошқа ерда юрганди. Мен ҳам ҳимоячи бўлганман ва бу ҳолатни учун қўпол хато деб биламан. Биз ўз меҳнатимиз қадрига етишимиз шарт. Рақиб футболчиси дарвозабонимизни шунчаки ўққа тутаётганида ҳимоячиларимиз бунга имконият бераётганликларини жуда қўпол хато деб ҳисоблайман.

Биз ўтган турда илк марта Бухорода кечки пайтда, чироқлар остида ўйнагандик. Бу нарса мени хавотирга ҳам солганди, чунки биз чироқлар остида машғулот ўтказмагандик. Ҳомийларимиз “Филипс” ёритгичларини Самарқандга олиб келишган ва уларни тез орада ўрнатишади. Кейин биз ҳам ўйинларимизни кечги вақтга белгилай оламиз. Бу нафақат биз, мухлислар учун ҳам жуда қулай бўларди. Бу ишлар шахсан вилоятимиз ҳокими назоратига олинган. Яна озроқ сабр қилсак, Самарқандда ҳам ўйинлар кечки пайтда, қулай вақтда ўтарди.

Чинданам, дарвозабонимиз Ботирали Эргашев бугун яхши ўйин кўрсатди. У иккита 100 фоизли вазиятда жамоамизни қутқарди. Дарвозабонимиз энди миллий терма жамоага чақирилган ва ўртоқлик ўйинларида бош жамоа ихтиёрида бўлади. У Туркия, КХДР, Сурияга қарши ўртоқлик ўйинларида бош жамоа сафида бўлади. Шоҳрух Абдураҳмонов эса олимпия жамоасидан чақирув олган. Жасур Азимов ва Ҳакимхон Аъламхоновлар миллий жамоанинг кенгайтирилган таркибига киритилганини айтишим мумкин. Албатта, “Динамо” футболчиларининг Ўзбекистон миллий терма жамоасидан таклиф олишлари бутун жамоага мотивация беради. Яхши ўйнашда давом этишса, улар ҳам чақирув олишларига ишонишади.

 

СУРХОН – ҚЎҚОН-1912 2:1

Олдинги учрашувларда муваффақиятсизликка учраган футболчиларимиз Термизда мухлисларни хурсанд қилишни мақсад қилишганди. Шу боис учрашувни вакилларимиз фаол тарзда бошлашди. Дастлабки дақиқаларда футболчиларимиз рақиб дарвозаси олдида босимни кучайтиришди. Бироқ ҳисобни очиш майдон эгаларига насиб этди. 10-дақиқада Абдул Азиз Юсупов чап қанотдан оширилган тўпни боши билан дарвозамизга жойлаб қўйди. 17-дақиқада мезбонларда яхши имконият юзага келди. Аюбхон Нўъмоновнинг жарима зарбасидан тепган тўпни Ислом Абдуллаев маҳорат билан қайтарди. 23-дақиқада футболчиларимиз ҳисобни тенглаштиришди. Рўзиев – Бердиев комбинацияси супергол билан тугади. Орадан бир дақиқа ўтиб, Тимур Усмонов бирга-бир вазиятда дарвозани ишғол қила олмади. Биринчи бўлимнинг қолган дақиқаларида томонлар ҳарчанд ўринишмасин, танаффусга қадар шу ҳисоб ўзгаришсиз қолди.

Биринчи тайм деярли тенг курашлар остида ўтди, бироқ яққол голга тортадиган вазиятлар бўйича устунлик жамоамиз томонида бўлди.

Иккинчи таймни ҳам термизликлар фаол тарзда бошлашди. Тайм бошида “Сурхон” вакилларида яхши вазият бўлганди. Рақиб футболчиси дарвозабонимиз билан бирга-бир вазиятга чиққан эди Ислом Абдуллаев ўзини кўрсатиб хавфни бартараф этди. Орадан икки дақиқа ўтиб Милич қулай имкониятдан фойдалана олмади. 67-дақиқада Ислом Абдуллаев яна бир бор ўз маҳоратини намойиш этиб, жамоамизни муқаррар голдан сақлаб қолди. 76-дақиқада захирадан майдонга тушган Муҳаммаданас Ҳасановнинг кучли зарбаси бироз юқоридан кетди. 81-дақиқада Мурод Холмуҳаммедовнинг бурчакдан йўллаган зарбасини дарвозабон қайтарди. 85-дақиқада ўйинда жудаям ғалати вазият юзага келди. Қанот ҳаками дарвозамиз томон пенальти белгилаш керак деб топди ва дарвозамиз томон пенальти белгиланди. Ўн бир метрли нуқтадан эса Дарко Станоевич адашмади.

Ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларда Миличнинг бош билан зарбасини дарвозабон қайтарди. Шу тариқа, жамоамизнинг мамлакатимиз жанубига қилган бу сафарги ташрифи ҳам аламли мағлубият билан якун топди.

Голлар: Абдул Азиз Юсупов 10, Суҳроб Бердиев 22, Дарко Станоевич пенальти 84

“Сурхон”: Асилбек Аманов, Абдуқаҳҳор Ҳожиакбаров, Аюбхон Нўмонов (Шерзодбек Каримов, 68), Раҳматулло Бердимуродов, Шавкат Саломов, Абдул Азиз Юсупов (Шерзод Ҳакимов, 68), Аброр Исмоилов, Владимир Бубанья, Ҳусниддин Ғофуров, Аъзам Алиев, Дарко Станоевич.

Захира: Сардор Қобулжонов, Нажмиддин Нормуродов, Равшан Хурсанов, Азамат Алланиёзов, Убайдулло Халиқулов, Аббосбек Махсталиев, Суҳроб Неъматов.

“Қўқон-1912”: Ислом Абдуллаев, Жамшид Ҳасанов (Муҳаммаданас Ҳасанов, 72), Қувондиқ Рўзиев, Ойбек Рустамов, Жасур Ҳасанов, Суҳроб Бердиев, Иқбол Маликжонов, Темур Усмонов (Жавоҳир Эсонқулов, 64), Александр Мерзляков, Марко Милич, Мурод Холмуҳаммедов.

Захира: Сарвар Каримов, Тимур Ҳакимов, Аваз Маматхўжаев, Беҳруз Саъдиллоев, Жасур Ёқубов.

Огоҳлантиришлар: Жасур Ҳасанов 26, Александр Мерзляков 36, Қувондиқ Рўзиев 51, Ҳусниддин Ғофуров 66, Шавкат Саломов 88, Жавоҳир Эсонқулов 88.

6542 томошабин.

Виталий Ни (“Қўқон-1912” жамоаси вице-президенти): - Ўйин жуда яхши бўлди. Ҳар икки жамоа учрашувга жиддий тайёргарлик кўрганларини майдонда исботлашди. Футболчилар майдонга фақат ғалаба учун тушишгани яққол сезилиб турди. Биз ушбу баҳсга катта иштиёқ билан тайёрлангандик. Афсуски, аламли мағлубиятга учрадик. Шундай бўлса-да, футболчиларимизга бугунги ўйинлари учун раҳмат айтамиз. Улар бугун борларини бериб ҳаракат қилишди.

Пенальти борасида айтадиган бўлсам, ҳакамлар ишини назорат қилиб борадиган махсус қўмита бор. Улар бугунги ҳакамларнинг ишини кўриб чиқиб ўзлари керакли хулосани чиқаришади, деб ўйлайман.

Андрей Микляев: - Анчагина қийин учрашув ўтказдик. Уйда ҳамиша ҳам ҳужумкор ўйин намойиш этиш осон эмас. Қўқон жамоасига ҳам бугун очко жуда ҳам зарур эди. Шу сабабдан рақиб ҳам бугун анча қаршилик кўрсатди. Лекин барибир якунда ўйин тақдирини ҳал этган голни биз уришга муваффақ бўлдик. Бундан жуда ҳам мамнунман. Энди эътиборни келаси учрашувга қаратамиз.

 

МЕТАЛЛУРГ – БУНЁДКОР  0:2

Мамлакат миллий чемпионатининг 10-турини ўз майдонида ўтказган Бекободнинг “Металлург” жамоаси пойтахтнинг “Бунёдкор” жамоасига 0:2 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди.

Мураббийлар штаби мазкур ўйинда Наманганда “Навбаҳор”га қарши учрашувда майдонга чиққан таркибни ўзгаришсиз туширишди. Сафар учрашувида муҳим дуранг билан қайтган жамоа эса назаримизда ўз кучларига ортиқча баҳо беришган шекилли, “қалдирғочлар”га қарши ўйинда характер намойиш эта олмади. Пойтахтлик ёш, ғайратли йигитларга шижоатда, тезликда ютқазиб қўйишди. Майдон марказида эса тажрибали Лутфулло Тўраев устунликни ўз қўлига олди.натижада мезбонларнинг на ҳужумда, на ҳимояда ўйини қовушди.

Ҳисобни 35-дақиқада Нурилло Тўхтасинов очди. Унинг олис масофадан берган зарбасини Александр Лобанов қайтара олмади. Иккинчи бўлимда эса ёш Миржаҳон Мираҳмадов “Металлург”нинг икки нафар тажрибали марказий ҳимоячиларига “иш қолдирмади” – 0:2. Бундан ташқари ҳам бунёдкорчиларда яна икки учта голлик вазиятлар бўлди. Мезбонларда эса қўшиб берилган компенсация вақтида зарбалардан бири дарвоза устунига тегиб, тўп майдон ташқарисига чиқиб кетганлигини инобатга олмаса голлик вазиятлар бўлмади.

“Металлург” кейинги ўйинни ҳам “Бунёдкор”га қарши ўтказади. Мазкур ўйин Лига кубоги доирасида бўлиб, 31 май куни Бекобод шаҳрида бўлиб ўтади.

Голлар: Нурилло Тўхтасинов 35, Миржаҳон Мираҳмадов 65

“Металлург”: Александр Лобанов, Аббос Отахонов, Иброҳим Йўлдошев (Музаффар Музаффаров, 46), Суҳроб Нуруллоев (Сергей Тумасян, 63), Ислом Исоқжонов, Баҳром Абдураҳимов, Камолиддин Тожиев, Станислав Андреев, Акбар Исматуллаев, Муҳаммад Исаев (Шавкат Муллажонов, 46), Баҳодир Пардаев.

Захира: Зафар Сафаев, Маҳмуд Қудратуллаев, Дониёр Усмонов, Ҳудойшукур Сатторов, Шаҳзодбек Ғофурбеков, Одилбек Абдумажидов.

“Бунёдкор”: Абдумавлон Абдужалилов, Исломжон Қобилов, Анвар Ғофуров, Дилшодбек Аҳмадалиев, Жасур Жалолиддинов (Абдулла Абдуллаев, 82), Хуршид Ғиёсов (Жавоҳир Қаҳрамонов, 78), Лутфулла Тўраев, Миржаҳон Мираҳмадов, Санжар Қодирқулов (Суҳроб Иззатов, 39), Нурилло Тўхтасинов, Улуғбек Абдуллаев.

Захира: Муроджон Зуҳуров, Сергей Прохоров, Бобур Фарҳодов, Владислав Нуриев, Санжар Рихсибоев, Муҳаммадодил Қаҳрамонов.

Огоҳлантириш: Исломжон Қобилов 45+1.

5821 томошабин.

Вадим Абрамов: - “Металлург” – жиддий рақиб. Шуни инобатга олган ҳолда мазкур баҳсга жиддий ҳозирлик олиб борган эдик. Агар ютқазсак, мусобақа жадвалида пастга тушиб кетишимиз мумкин эди. Зеро мусобақа жадвалида жамоалар анча яқин жойлашган. Лекин биз бугунги баҳсни ўз фойдамизга ҳал эта олдик. Рақибдан устун эканимизни намойиш этдик. Бунинг учун йигитлардан жуда ҳам миннатдорман. Ана энди чемпионатда қисқа танаффус юзага келади. Танаффусга яхши кайфиятда йўл оляпмиз.

Андрей Шипилов: - Бу йилги мавсумдаги энг ёмон ўйинимизни ўтказдик. Ўйинни қандай таърифлашни ҳам билмаяпман. Мағлубиятдаги айб – тўлалигича менинг зиммамда. Таркиб танлашда хато қилдим. Барчага ўйнаш имконини тақдим этишга ҳаракат қилаётган эдим. Наманганда яхши ўйнаган эдик. Лекин ундан кўра, Наманганда мағлубиятга учраб, бугун уйда ғалаба қозонсак яхшироқ бўлар эди, балким. “Бунёдкор” эса бугун ҳақли равишда ғалаба қозонди. Вадим Абрамов шогирдлари бугун ғалабага ҳақли ўйин намойиш этишди. Бизда ҳеч кимни ажратиб кўрсатолмайман. Фақатгина Александр Лобанов натижа учун жон койитди, холос. Қолганларнинг ўйинидан умуман қониқиш ҳосил қилмадим.

 

НАВБАҲОР – АНДИЖОН  1:1

Суперлига 10-тури доирасида навбатдаги “водий дербиси” баҳси бўлиб ўтди. Мазкур учрашув кутилганидек, муросасиз курашлар остида кечди.

Ушбу ўйинда жамоамиз аъзолари илк дақиқаларданоқ устунликни ўз қўлларига олишга ҳаракат қилиб, меҳмонлар дарвозаси олдида бир қатор хавфли вазиятларни содир этишди. Аммо Абдужамол Исроиловнинг бош билан дарвозага йўналтирган зарбаси, шунингдек, россиялик ҳужумчи Александр Касьяннинг зарбаларига аниқлик етишмади.

Андижонликлар эса стандарт вазиятдан самарали тарзда фойдаланиб, ҳисобни очишга муваффақ бўлишди. Учрашувнинг 18-дақиқасида Ойбек Қиличевнинг амалга оширган бурчак зарбасидан сўнг, Рўзимбой Аҳмедов тўпни боши билан мезбонлар дарвозасига аниқ йўналтирди – 0:1.

“Лочинлар” мувозанатни тиклаш мақсадида ҳужумкорликни янада кучайтиришди. Аммо Иван Соловьёвнинг жарима зарбаси ҳамда Жаҳонгир Меҳмоновнинг дарвозага бош билан йўналтирган зарбаларидан сўнг, “Андижон” дарвозабони Виталий Мирний ўз маҳоратини намойиш этиб, тўпни қайтаришга муваффақ бўлди. Натижада танаффусга андижонликлар 1:0 ҳисобидаги ғалаба билан чиқиб кетишди.

Учрашувнинг иккинчи бўлимида майдон эгалари мувозанатни тиклаш мақсадида ҳужумкорликни кучайтиришди. Шунингдек, жамоамиз устози Андрей Канчельскис майдонга янги кучларни туширди. Бу эса 78-дақиқада ўз самарасини берди. Айнан захирадан майдонга туширилган Азиз Ибрагимов мезбонларнинг навбатдаги ҳужумларини самарали тарзда якунлаб, ҳисобни тенглаштирди – 1:1.

Мувозанатни тиклаган жамоамиз вакиллари ғалаба тўпини киритиш мақсадида ҳужумкорликни янада кучайтиришди. Аммо “Андижон” посбони Виталий Мирний кўплаб вазиятларда жамоасини муқаррар голлардан қутқариб қолди. Шунингдек, меҳмонлар дуранг ҳисобини сақлаб қолиш мақсадида ҳимояни кучайтиришди ва якунда ўз ниятларига етишди.

Натижада жамоамиз қаторасига учинчи ўйинда дурангга имзо чекди.

Голлар: Рўзимбой Аҳмедов 18, Азиз Ибрагимов 79.

“Навбаҳор”: Дилшод Ҳамроев, Остон Ўрунов (Баходир Насимов, 68), Азим Аҳмедов, Иван Соловьёв, Александр Касьян, Обид Жўрабоев (Славко Лукич, 77), Мирзоҳид Ғофуров, Игорь Голбан, Абдужамол Исроилов, Жаҳонгир Меҳмонов, Аббос Ғуломов (Азиз Ибрагимов, 57).

Захира: Мирзоҳид Маматхонов, Шаҳзод Шайманов, Ҳожиакбар Юнусов, Ғиёсжон Комилов, Зафар Тўраев.

“Андижон”: Владимир Мирний, Бобуржон Аманов, Ойбек Қиличев, Фарҳод Бекмуротов, Шаҳзод Убайдуллаев (Шаҳзод Жумабоев, 61), Илдар Маматказин, Рўзимбой Аҳмедов, Дониёр Исмоилов (Абдураҳмон Абдулҳақов, 77), Радосав Алексич, Асрор Ғофуров, Аброр Хўсинов (Фарҳод Мираҳмадов, 45).

Захира: Акмал Ортиқов, Сардор Сулаймонов, Усмонали Исмоналиев, Хушундбек Авилов, Бобур Акбаров.

Огоҳлантиришлар: Аброр Хўсинов 37, Иван Соловьёв 40, Дониёр Исмоилов 40, Радосав Алексич 53, Абдураҳмон Абдулҳақов 82, Фарҳод Бекмуротов 84, Бобур Акбаров 90+2.

12900 томошабин.

Жамшид Саидов: - Фолиятим давомида водий дербисида биринчи марта иштирок этишим. Албатта, йигитларга ўзларига юклатилган вазифани уддалашгани учун раҳмат айтаман. Андижондан бизни қўллаб-қувватлаш учун келган мухлисларимизга ҳам алоҳида миннатдорчилик билдирмоқчиман. Қолаверса, наманганлик ишқибозларга ҳам раҳмат айтамиз. Бундай атмосфера ҳар қандай футболчини югуришга мажбур қилади.

Афсуски ўйин сўнггида гол ўтказиб юбордик. Бироқ, бугунги ўйинда бир очко қўлга киритдик. Бугун омадсизликларга чек қўйишимиз керак эди ва биз буни уддалай олдик. Бунинг учун боримизни бериб ҳаракат қилдик.

Андрей Канчельскис: - Яна рақибга 2 очко совға қилдик. Бугунги ҳакамликни шунчаки расво деб атайман. Тўп рақиб дарвозаси томон бораётганда қўлга тегмоқда, қандай қилиб бу вазиятни бошқача изоҳлаш мумкин? Одамларга инсоф борми ёки йўқ? Шарманда! Ҳеч қандай инсоф ёки виждон йўқ. Бундай ҳакамларни (Аҳрол Рисқуллаев - таҳририят) умрбод дисквалификация қилиб, футболга умуман яқинлаштирмаслик керак! Бу ҳалокат! Расвогарчиликдан бошқаси эмас! Нималар бўлмоқда? Тўп бошга тегса футболчи 5 дақиқа майдонга ётиб олишини қандай изоҳлаш мумкин? Тўп зарбидан ҳеч ким ўлиб қолмайди. Наҳотки футболчилар уялмайди? Англияда бу иш учун аллақачон футболчини йўқ қилишарди.

Бу футбол эмас, балки раққосалар майдонга чиққандек гап. Уят! Уялиш керак футболчилар, уялиши! Ўйинни тўхтатиб қўйишмоқда. Футбол ўйнаб бўлмаяпти. Менга айтингларчи, бугун тез тиббий ёрдам машинаси бировни шифохонага олиб кетдими? Кимдир жавоб бера оладими? "Андижон" футболчилари қизлардек майдонга ётиб олавериб вақтни ўлдирди. Уялиш керак! Уят!

Тўғри, дерби ҳар доим шундай қизғин ўтади. Лекин ўйинга тузукроқ ҳакам қўйиш керак! Нималар руй бермоқда?", - дея жуда кескин оҳангда ўйин ҳақидаги фикрларини билдирди Андрей Канчельскис.

- "Навбаҳор" бугун раққосаларга қарши ўйнади демоқчимисиз? Унда "Навбаҳор" Тошкентда "Пахтакор"га қарши қандай ўйин вақтини чўзганди? Бунга нима дея оласиз?

- Тўп бошига теккан футболчи майдонда 2 дақиқа ётиб олишга ҳаққи йўқ! Сиз ўзингиз футбол ўйнаганмисиз? Сиз футбол нималигини билмайсиз. Англияда қандай футбол ўйнашади, кўринг. "Пахтакор" билан ўйинда бизнинг шифокор майдонга умуман чиққани йўқ. Нималар деяпсиз? "Андижон" жамоаси тиббиёт ходимлари бугун неча маротаба майдонга чиқишди? Беш маротаба югуриб чиқишди. Тўғри, сизлар учун натижа қониқарли бўлди, тушунаман. Бу энг муҳими. "Андижон" футболчилари қўли ёки оёғи синганда ҳам майли эди. Тўғри тушунардим. Лекин майдонга ётиб олиш учун чиқилмайди. Ишқибозлар кўрмайди деб ўйлайсизми? Стадионга ташриф буюрган наманганлик ишқибозлар шунчаки "Андижон" футболчиларига идиш отишдими? Агарда улар вақтни чўзиб майдонга ётиб олишмаганида, мухлислар ҳам идишларни отишмасди. Пенальти ҳам йўқ эди дерсиз балки? Агарда такрорий лавҳани кўрмаган бўлсангиз, унда мен сизга айтаман. Мен кўрдим, бу 100% пенальти.

Яна нима ҳам дердим? Дерби ўз номига мос ўтди. Бундай баҳсларда кескинлик авж олади. Водий ўртасидаги қарама-қаршилик доим шундай юқори босим остида ўтади. Активимизда очко қўшиб олмаганимиздан афсусдаман. Ўйлашимча, ҳеч ким натижадан қониқмади.

- Нима деб ўйлайсиз, "Навбаҳор" бугун рақиб "Андижон" кучига тўғри баҳо бермадими?

- Бу тўқнашув ўз номи билан дерби. Рақиб кучига етарлича баҳо берилмаган дейиш ноўрин. Бундай ўйинларга футболчиларни ортиқча тайёрлашга ҳам ҳожат йўқ. Мен ўзимдан биламан. Фаолиятим давомида бир қанча дербиларда ўйнаганман. Дерби сифатида бугунги ўйин ёмон ўтмади. Эҳтирослар, ҳиссиётлар жўнбушга келган. Яна ўша ҳакамлик мавзуси. Очиғини айтаман, ўтган 10 тур давомида ҳали бирорта ҳакам бизга ёрдам берганини кўрмадим. Негадир "Навбаҳор"га қарши аниқ бир кураш кечаётгандек. Негалигини эса билмайман.

- "Навбаҳор"нинг имкониятларини қандай баҳолайсиз? Нима сизни қониқтирмаяпти?

- Мен аввалги матбуот анжуманларида ҳам таъкидлаганимдек, жамоамизда "Навбаҳор" даражасига мос бўлмаган футболчилар бор. Буни инкор этмайман. Тўғрисини айтаман, шундай футболчилар мавжуд. Эски раҳбарият бизга керакли футболчиларни олиб келишни ваъда бериб, якунда буни амалга оширишмаганди. Нима учунлигини эса билмадим. Бу ҳақида аввалги раҳбариятга мурожаат қилиш тўғрироқ бўлади. Таркибда 1-2 нафар менга ёқмайдиган футболчилар борлигини рад этмайман, аммо улар кимлигини айтмоқчи эмасман. Нима ҳам қилардим? Ёзги трансфер ойнасини кутамиз. Мен нега бизга қарши бундай ҳакамлик давом этаётганини тушунмаяпман. Шу мени кўпроқ ўйлантирмоқда. Биринчи даврани қолган ўйинларида ишлаб, максимал очко тўплаш лозим. Қолган ишларни эса кейинроқ ҳал қиламиз. Дуранг кўпайиб кетди. Охирги вақтларда кўп гол ўтказяпмиз. Ютиш учун эса аввало кам гол қўйвориш лозим. Бугун Остон Ўрунов жуда ёмон ўйнади. Терма жамоадан чақирув олган футболчининг бундай ҳаракати тушунарсиз. Ғуломов ҳам керакли даражада ўйнолмади. Қизиғи, уни ҳам Олимпия терма жамоасига чақиришди ва бугун ўйини ўхшамади. Яна қайтараман, Ўруновнинг бугунги ўйинини изоҳлаш мушкул. Балки терма жамоага бориб келиб ўзгариб қолар. Миллий терма жамоада ким нима қилишини, вазиятни кўриб, балки ўзгарар. Футболчи футболни ўзи учун эмас, жамоа фойдасига ўйнаши лозим. Футбол жамоавий спорт тури. Индивидуал ҳаракатларни эса ўз вақтида ишлатган маъқул. Остон жамоа учун ўйнашни ўрганиши зарур.

 

СЎҒДИЁНА – БУХОРО 2:0

Учрашувни мезбонлар фаол бошлашди. Бир неча вазиятлар яратишди. Ушбу ҳаракатлар 26-дақиқага келиб самара берди. Санжар Рашидов узатган тўпни Шоҳруз Норхонов боши билан дарвозага йўллади - 1:0. Аксарият ҳолларда Хуршид Хўжаев рақиб ҳужумини бартараф этаётганди. Аммо бу гал у жамоасини голдан қутқариб қололмади.

Кейин Иван Нагаевнинг зарбасини Милан Митрович бартараф этди. Никола Милинковичнинг уриниши ҳам зое кетди.

Иккинчи таймда Шоҳруз Норхонов дублга эришди - 2:0. Шу тариқа, Улуғбек Бақоев ўзининг собиқ жамоасини янги иш жойида таслим этди.

Голлар: Шоҳруз Норхонов 26, 65

“Сўғдиёна”: Милан Митрович, Сардор Қулматов, Искандар Шайқулов (Достон Тошматов, 65), Элёр Орифов, Кахи Махарадзе (Давронбек Умиров, 75), Санжар Рашидов, Сирож Мелиев (Нуриддин Ҳасанов, 89), Шоҳруз Норхонов, Шерзод Шокиров, Никола Милинкович, Шаҳбоз Жўрабеков.

Захира: Ширинбой Абдуллаев, Ойбек Нурматов, Иззатилла Абдуллаев, Жамшид Болтабоев, Диан Талхатов, Даниель Насриддинов.

“Бухоро”: Хуршид Хўжаев, Азамат Исроилов, Миржалол Жумаев, Иван Нагаев (Фирдавс Асадов, 46), Саламат Қутибоев (Акобир Тўраев, 68), Асадбек Собиржонов, Беҳруз Шодмонов, Эргаш Исмоилов, Владимир Баенко, Акрам Бахритдинов, Достон Ибрагимов (Жамолиддин Убайдуллоев).

Захира: Нодир Ашурматов, Раббим Ҳасанов, Беҳруз Зайнитдинов, Жаҳонгир Абдумўминов, Артём Кулеша, Мирфайз Муҳитдинов.

Огоҳлантиришлар: Саламат Қутибоев 44, Искандар Шайқулов 55, Беҳруз Шодмонов 77, Акобир Тўраев 78.

3543 томошабин.

Мирислом Ҳасанов: - Бугунги ўйин яхши ўтди. Қулай имкониятлар юзага келди. Лекин яратилган хавфли вазиятлардан унумли фойдалана олмадик. Йигитлар қўлдан келганча интилишди. Бунинг учун уларга раҳмат. Биринчи бўлимдан сўнг ҳисобда ортда бораётганимиз сабаб танаффусда ўйинни кучайтириш учун ўзгаришлар қилдик. Лекин дарвозага тўп киритолмадик.

Бироз омад ҳам етишмади. Кейинги ўйинларга яхши тайёргарлик кўришга уринамиз. Ҳали иккинчи давра олдидан таркибни, албатта, кучайтирамиз.

Улуғбек Бақоев: - “Бухоро” жамоасининг айни вақтда эгаллаб турган ўрнини инобатга олган ҳолда уларнинг бугунги баҳсга жуда жиддий эътибор қаратишларини, учрашув мураккаб кечишини билардик. Айнан шу жиҳатдан ҳавотирим бор эди. Лекин йигитлар рақибдан устун эканликларини намойиш этишди. Ғалаба қозонган ҳолда чемпионатдаги танаффусга яхши кайфиятда йўл оляпмиз.

 

ПАХТАКОР – АГМК 4:1

АГМК билан ўйиннинг биринчи таймида катта ташаббусга эга бўлган "Пахтакор" 32 дақиқа ичида амалда учрашув тақдирини ҳал қилди.

5-дақиқада Жалолиддин Машарипов давом эттирган ҳужумни Игорь Сергеев аниқ зарбаси билан якунлади.

17-дақиқада эса Машарипов-Сергеев-Черан ижросидаги комбинацияни сербиялик ҳужумчи узоқ бурчакни аниқ нишонга олган ҳолда самарали тугатди. Бу Чераннинг Суперлигадаги 10-голидир.

32-дақиқада Машарипов жарима зарбасидан узатиб берган тўпни Марко Симич тўрга киритди.

Шунингдек, Марат Бикмаев ва Игорь Сергеевнинг уринишлари ҳам хавфли чиқди.

Танаффусдан сўнг меҳмонлардан Зафар Полвонов боши билан гол уриб, ҳисобни қисқартирди. Бу орада олмалиқликларда бироз умид пайдо бўлгандек эди. Аммо ўйинга якуний нуқтани Бикмаев қўйди. Марат жарима майдони ташқарисидан кучли зарба билан чиройли гол муаллифига айланди.

Голлар: Игорь Сергеев 5, Драган Черан 17, Марко Симич 32, Зафар Полвонов 49, Марат Бикмаев 76

“Пахтакор”: Санжар Қувватов, Акрамжон Комилов, Жаҳонгир Аҳмедов (Бобир Асқаров, 80), Жалолиддин Машарипов (Шоҳруҳ Маҳмудҳожиев, 75), Драган Черан (Собир Синдаров, 86), Игорь Сергеев, Одилжон Ҳамробеков, Марат Бикмаев, Шерзод Аъзамов, Фарруҳ Сайфиев, Марко Симич.

Захира: Элдорбек Суюнов, Ҳожиакбар Алижонов, Алишер Салимов, Егор Кримец, Сардор Собирхўжаев, Владимир Козак.

АГМК: Акбар Тўраев, Миржамол Қосимов (Ғулом Ҳайдар Ғуломов, 72), Дилшод Жўраев (Миролюб Костич, 46), Санъат Шихов, Зафар Полвонов, Муроджон Тошматов, Мирғиёс Сулейманов, Сайдулло Раҳматов, Сардор Раҳмонов, Бобурбек Юлдашев, Камрон Сайдазимов (Шоҳназар Норбеков, 64).

Захира: Суҳроб Султонов, Жасурбек Ҳакимов, Жасур Ҳасанов, Жасур Умаров, Шерзод Файзиев, Шаҳзодбек Нурматов.

Огоҳлантиришлар: Акрамжон Комилов 67, Мирғиёс Сулейманов 85.

6768 томошабин.

Миржалол Қосимов: - Нечанчи баҳсдирки, биринчи бўлимда ўйинимиз чиқмаяпти. Таркибда ўзгаришлар қилаяпмиз. 15 дақиқа ичида жуда кўп гол ўтказаяпмиз. Жамоанинг ишлари яхши кетмаяпти. Шу боис раҳбариятдан истеъфо сўрайман. Улар нимани ҳал қилишади кўрамиз.

Шота Арвеладзе: - Осиё чемпионлар лигасидаги "Ал Аҳли"га қарши салбий натижадан кейин руҳан қийин эди. Биз ОЧЛга, албатта, қайтамиз, аммо бунинг учун вақт керак. Биринчи таймда омадимиз келди.

Тўрт кундан сўнг Лига кубоги доирасида ўйнаймиз. Кўплаб футболчиларимиз терма жамоага кетишади, шу боис ёшларни синаб кўрдик.

Жавоҳир Сидиқов тахминан 6 ойга сафдан чиқди. Афсуски, у мавсум охирида майдонга тушиши мумкин холос. Достонбек Ҳамдамов икки ҳафта учрашувларда иштирок этолмайди. Ундан аввалроқ Садриддин Абдуллаев ҳам операция қилинганди.

Жаҳонгир Аҳмадов U-21 биринчилигида қизил карточка олди ва 3 та ўйинни ўтказиб юборди. Ўнг қанотдаги Фарруҳ Сайфиевнинг ҳаракатларини кузатиш қизиқ бўлди.

 

НАСАФ – ЛОКОМОТИВ 0:1

10-турнинг марказий учрашувига Қарши шаҳри мезбонлик қилди. Беллашув кўпчилик мухлислар кутганидек шиддатли тўқнашувларга бой бўлди.  Амалдаги чемпион билан куч синашган “аждарлар” анча қийинчиликларга дуч келишди.

Биринчи тайм ўрталарида Темурхўжа Абдухолиқов ҳисобни очди. "Локо"нинг марказдан ривожлантирилган ҳужумини Жамшид Искандеров давом эттирди ва Абдухолиқовга пас берди. Темурхўжа эса жарима майдони ташқарисидан тўпни тўрга йўллади.

31-дақиқада Шуҳрат Муҳаммадиев жиддий жароҳат олди. Тўп учун курашда оёғини жуда қалтис қайириб олди ва у Давронбек Ҳошимов билан алмаштирилди.

Иккинчи бўлимда вазиятни ўнглаш учун “насафчилар” эътиборларини ҳужумга қаратишди. Аммо яратилган имкониятларни голга айлантириш мезбонларга насиб этмади.

Гол: Темурхўжа Абдуҳолиқов 21

“Насаф”: Абдувоҳид Неъматов, Ғолиб Ғайбуллаев, Азизжон Ғаниев, Дилшод Саитов, Ҳумоюн Муртазоев, Шароф Муҳиддинов, Дониёржон Нарзуллаев (Ойбек Бозоров, 61), Бобир Давлатов, Ислом Рашидхонов (Бобир Абдиҳолиқов, 76), Хуршид Муҳторов (Сардор Абдураимов, 54), Умарбек Эшмуродов.

Захира: Умиджон Эргашев, Ҳусниддин Алиқулов, Жўрабек Маннонов, Алишер Юсупов, Акмал Мозговой, Шерзод Насруллаев.

“Локомотив”: Жавоҳир Илёсов, Анзур Исмоилов, Азизбек Ҳайдаров (Игорь Йелич, 81), Жамшид Искандеров (Авазбек Ўлмасалиев, 46), Сардор Мирзаев, Темурхўжа Абдуҳолиқов, Ислом Тўхтахўжаев, Йован Жокич, Олег Зотеев, Шуҳрат Муҳаммадиев (Давронбек Ҳошимов, 33), Арсланмират  Аманов.

Захира: Маъмур Икромов, Филипп Раевац, Азизбек Аманов, Бобурбек Эргашев.

Огоҳлантириш: Ислом Рашидхонов 54

9810 томошабин.

Андрей Фёдоров: - Қаршида бизга осон бўлмаслигини, жуда оғир беллашув ўтказашимизни кутгандик. Аслида ҳам шундай бўлди. Муҳими, натижа қониқарли. Шу ўринда ҳар 2-3 кунда майдонга тушиш даври тугагани ва танаффусга яхши кайфиятга чиқиб кетаётганимиз билан табриклайман. Энди нафасни ростлаб оламиз.

"Локомотив" атрофидаги гаплар? Йўқ, биз ўз режамизга мувофиқ учрашувга тайёргарлик кўргандик. Мураббийлик иши шундай, бугун сен ишлаб турасан, эртага эса кетишинг мумкин. Лекин миш-мишлар менга ва жамоага умуман таъсир этмади. Буни бугунги баҳс ҳам исботлаб турибди. Ҳеч қандай асаббузарликсиз ҳаракат қилдик.

Шуҳрат Муҳаммадиевнинг ҳолати? Афсуски, у узоқ муддатга сафдан чиқди.

"Локомотив"нинг олдига доим чемпионлик вазифаси қўйилади. Бошқаси жамоани қаноатлантирмайди. Биз пешқадам "Пахтакор"га етиб олиш ва чемпионликни яна ҳимоя қилиш учун бор имкониятларимизни ишга соламиз.

Рўзиқул Бердиев: - Тажриба ўз сўзини айтди ва ҳал қилувчи ролни ўйнади. Ҳаяжон сезилди. Лекин жамоамиз кучли рақиб қаршисида ёмон кўринмади. Абдухолиқовнинг голидан аввал Рашидхонов ўз имкониятидан фойдаланганида, ҳаммаси бошқача бўлиши мумкин эди.

Вазиятга реал қарайлик, айни пайтда кучли учлик учун курашишга қодир эмасмиз. Таркиб буткул ўзгарди. Бир йилда тузилган жамоа билан юқори ўринларга ҳаракат қилиш қийин. Балки иккинчи даврада сафимизга тажрибали футболчилар қўшилса, ёки легионерлар келса, вазият ўзгарар.

Лига кубоги? Очиғи, бу мусобақа бизга нима беришини билмадим. Айни дамда кўплаб футболчиларимиз ОТЖ йиғинига жўнаб кетишади. Биз эса асосий таркибда кам тушаётган ёшларга имконият берамиз.

Ислом Кенжабоев машғулотларда жароҳат олгани боис беллашувда иштирок этолмади. Унинг йўқлиги ҳам таъсирини ўтказди. Чунки тезкор футболчилар орқали рақиб ҳимоясини ёриб ўтмоқчи эдик. Лекин бу баҳона бўлиб қолмаслиги керак.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Uznamcity
29/05/2019 08:06
Risqullaevga chora korilmapdiyov iplos sudyakan