Каннаваро: "Мен ҳар бир ўйинчи билан алоҳида гаплашдим"
Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро яқинда бўлиб ўтган Дубайдаги йиғин ҳақида ўз фикрларини билдирди.
"Бу йиғин мен ва штабим учун фойдали бўлди. Охирги тўрт ой давомида чемпионат доирасида жуда кўп ўйинларни кузатдик. Кўплаб футболчиларни кўрдик ва йиғин улар билан бевосита ишлаш учун имконият яратди. Мен ҳар бир ўйинчи билан алоҳида гаплашдим, чунки уларнинг фикрини ҳам билишни истайман.
Уларга олдимизда Жаҳон чемпионати ҳамда Осиё кубоги борлигини, демак, барча тайёр бўлиши кераклигини тушунтирдим. Ҳар бир футболчи ўзини миллий терма жамоа лойиҳасининг бир қисми сифатида қабул қилиши зарур. Чунки футболда ҳамма нарса тез ўзгаради. Икки ёки уч футболчининг жароҳат олиши ҳеч гап эмас.
Шунинг учун футболчилар Жаҳон чемпионатида қатнашиш учун ҳамма имконият борлигини тушуниши керак. Менимча, бу йиғин барча учун фойдали бўлди", — деди мутахассис.
Маълумот учун, Каннаваронинг тўлиқ интервьюсини тез орада ЎФАнинг YouTube саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.
Фикрлар