Каратэчиларимиз БААдаги мусобақада муваффақиятли иштирок этди
Хабарингиз бор, жорий йилнинг 16-18 февраль кунлари Бирлашган Араб Амирлигининг Фужайра шаҳрида каратэ WKF бўйича "International karate open" халқаро турнири бўлиб ўтди. Ушбу турнирда 35 та давлатлардан жами 1700 нафар ёшлар, ўсмирлар ва катталар ғолиблик учун кураш олиб боришди. Каратэ бўйича тажрибали мураббий Шохрух Жўраев бошчилигида спорт делегациямиз мазкур халқаро мусобақада иштирок этиб, 3 та олтин, 3 та кумуш ва 7 та бронза медаллар билан ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой эгаллашга муваффақ бўлишди.
Жумладан, Тошкент шаҳар спортчиларидан Али Бахтиёров якка кумите бахсларида (10-11 ёшлилар, +30 кг.) биринчи ўринни қўлга киритди. Якка ката баҳсларида (12-13 ёшлилар) Умаржон Каримов барча рақибларини енгиб, олтин медаль соҳибига айланди. Шунингдек, мусобақада Тошкент вилояти спортчилари ҳам ғалабаларга эришди. Хусусан, Тошкент тумани спорт мактаби ва "Келес каратэ" клуби мураббийи Дилшод Юсупов бошчилигида спортчиларимиздан Азизбек Исломбеков (-60 кг. +18 ёшлилар) фахрли биринчи ўринни эгаллаб, олтин медалга сазовор бўлган бўлса, Жўрабек Алибеков (14-15 ёшлилар, -52 кг.) учинчи ўрин билан бронза медалига эга бўлди.
Бугун Тошкент тумани ҳокимлигида мураббий Дилшод Юсупов ва унинг чемпион шогирдларини туман ҳокими Одилхон Рустамов ва сектор раҳбарлари табриклаб, мамлакатимиз обрусини халқаро майдонларда муносиб ҳимоя қилаётгани ва жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга қўшаётган ҳиссалари учун ташаккур билдиришди.
Фикрлар