Каратэчимиз "Премьер лига" мусобақа совриндори

Туркиянинг Истанбул шаҳрида каратэ бўйича «Premier League» таснифига кирувчи нуфузли мусобақа ниҳоясига етди. Бу ҳақида МОҚ матбуот хизмати хабар бермоқда. 

Ушбу турнирда ўзбекистонлик спортчилар ҳам иштирок этиши ҳақида хабар бериб ўтгандик. Жаҳоннинг 35 давлатидан 607 нафар спортчи қатнашган нуфузли турнирда ғолиб ва совриндорлар 14 та вазн тоифасида аниқланди. Мусобақа якунига кўра, -50кг вазнда юртимиз шарафини ҳимоя қилган Баҳринисо Бабаева финалгача етиб бориб, кумуш медаль соҳибасига айланди.

Терма жамоамиз етакчиси, «Premier League» турнирларининг Париж (Франция), Роттердам (Голландия), Дубай (БАА) ва Работ (Марокаш) шаҳарларида бўлиб ўтган мусобақалари ғолиби Садриддин Сайматов бу сафар совриндорлар қаторидан жой ола билмаган бўлсада, янгиланган жаҳон рейтингида у катта эҳтимол билан ўз вазн тоифасида яна пешқадамга айланади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!