Каррагер Салоҳнинг захирада қолганини изоҳлай олмади
"Ливерпуль"нинг собиқ ҳимоячиси Жейми Каррагер Муҳаммад Салоҳ нега ПСЖга қарши Чемпионлар лигаси чорак финали жавоб баҳсини асосий таркибда бошламаганини тушунмаётганини айтди.
Мисрлик юлдуз қарши қарама-қаршиликнинг биринчи учрашувини ҳам ўтказиб юборган ва ўша ўйинда мерсисайдликлар 0:2 ҳисобида мағлуб бўлганди.
Жавоб баҳсида Арне Слот Салоҳни яна асосий таркибига киритмади. Футболчи фақат 31-дақиқада майдонга туширилди ва бу алмашувга Юго Экитикенинг жароҳати сабаб бўлди.
"CBS Sports" студиясида "қизиллар"нинг мусобақадан чиқиб кетишини муҳокама қилган Каррагер бу қарорга изоҳ топа олмаганини яширмади.
"Бу Салоҳ кетишини эълон қилгани учунми? Яъни, "мен фақат кейинги мавсум ҳам шу ерда бўладиганларга таянаман", деган қарашми? Билмадим. Хаёлимга келаётган ягона фикр шу, лекин бунинг ўзи ҳам мутлақо мантиқсиз", — деди Каррагер.
Маълумот учун, жавоб ўйинида ҳам "Ливерпуль" 0:2 ҳисобида ютқазди ва икки учрашув якунига кўра 0:4 билан Чемпионлар лигасини тарк этди.
Бу Муҳаммад Салоҳнинг "Ливерпуль" сафидаги Чемпионлар лигасидаги сўнгги учрашуви бўлди.
Фикрлар