Катанецдан хафалиги, “Пахтакор” билан жанжали ва “Навбаҳор”нинг ОЧЛдаги имконияти борасида Жамшид Искандеров билан суҳбат (Катта интервью)
Ортда қолган мавсумда "Ўзбекистоннинг энг яхши футболчиси" деб эътироф этилган “Навбаҳор” ярим ҳимоячиси Жамшид Искандеров “Дангал” лойихаси меҳмони бўлди. .
Ассалому алайкум, Жамшид. Таклифимизга рози бўлганингиз учун раҳмат.
- Ассалому алайкум! Эътибор учун сизга ҳам раҳмат.
Жамшид, ўтган йили Ўзбекистонда йилнинг энг яхши футболчиси деб эътироф этилдингиз, аммо терма жамоадан ҳали-ҳамон чақирув огланингиз йўқ. Термамиз бош мураббийи Сречко Катанец сизни жисмоний тайёргарлигингиз талабга жавоб бермагани учун таркибга чақирмаганини айтди. Бунга муносабатингиз қандай?
- Тўғриси, мана шундай сўзлардан жуда тўйиб кетдим, чарчадим. Терма жамоа бош мураббийидан бундай сўзларни эшитиш ёқимсиз. Шахсан менга ҳам. Катанецнинг ўз қарашлари бор. У ўзига мос келадиган футболчини таркибга чорламоқда. Биз эса, меҳнат қилишда давом этамиз.
Ҳозирги Жамшид Искандеров ўзининг ёшлиги билан ўтмишда учрашишни уддалаганида, унга нима маслаҳат берган бўларди?
- Биринчи навбатда, ҳеч кимга ишонмаслик кераклигини уқтирардим. Ота-онам буни кўп бор айтишган, аммо менда ишонувчанлик бор. Шу сабабли, кўп бор хатога йўл қўйдим. Ҳозир деярли ҳеч кимга сиримни айтмайман. Яқинларим билан доим алоқадаман. Футболчилик фаолиятим давомида кўп бор панд едим, аммо ҳозир ҳаммасини унутганман. Энди мени нимагадир ишонтириш мушкул.
Сиз аввалига ўсмирлар, кейин ёшлар терма жамоаларида сардор сифатида тўп сурдингиз. Афсуски, профессионал футболга ўтадиган пайтда ишқибозлар “радар"ларида кўринмай қолдингиз. Бу нима билан боғлиқ?
- Тўғри айтдингиз. Биринчи навбатда жароҳат, аммо айб тўлиқ бунда эмас. Ўз вақтида Ўзбекистондан кета олмадим. Хориждан келган таклифларни қабул қилишим, Европада тўп суришим керак эди. Бундан афсусланаман. Ўзимга бўлаётган таклифларни эшитиб туриб ҳам хорижга кетолмадим. Терма жамоада мунтазам ўйнаб, клубимда асосий ижрочи бўлган давримда легионер бўлиш вазифасини уддалай олмадим. Шунга қарамай, бунда ҳеч кимни айбламоқчи эмасман. Балки ўз устимда бундан ҳам кўпроқ ишлаганимда, вазият бошқача бўларди.
Футболда кўплаб ноҳақликларга учраган бўлсангизда, ривожланишда тўхтаб қолганингиз йўқ. Оғир кунлар сизни нималарга ўргатди?
- Кучли бўлишга! Олдингизга қандайдир мақсад қўйдингизми, демак фақат олға қадам ташлаш шарт. Ҳаёт - шавқатсиз. Бироз иккиландингми, тамом, замондан ортда қолиб кетиш ҳеч гап эмас. Футболчилик фаолиятимдаги айрим воқеалардан сўнг мен ҳаракатдан тўхтаб қолдим. Кучлироқ бўлишим, яна олдинга қадам ташлашим керак эди.
Жароҳат олгач, узоқ муддат футбол ўйнай олмадингиз. Ишқибозлар ҳам сизни бироз унутгандек бўлди. Ўша кунларда нималарни ҳис қилдингиз?
- Жароҳат сабабли анча пайт яшил майдонга чиқа олмадим. Оғир кунларимда оила аъзоларим ёнимда бўлди. Шунга қарамай, буни ҳазм қилиш жуда оғир. Доим омма эътибор марказида турсангизу, бир зум ўтиб ҳеч ким сизни қидирмай қўйса, алам қилади. Айрим инсонлар ёнимда менга суянчиқ бўлди, аммо кўпчилик кетиб қолди. Шу боис, ҳозир жуда кам инсонларгагина сиримни ишониб айтишим мумкин. Ҳаёт бизни йилдан йилга тажрибалироқ қилиб бормоқда.
Бугун “Навбаҳор” жамоаси етакчиси ҳисобланасиз. Агар 10 йил ортга қайтсак, қандай орзуларингиз бор эди?
- Биринчи навбатда, Олимпиада ўйинларида иштирок этиш. Кейин, терма жамоамиз билан биргаликда Жаҳон чемпионатига чиқиш ва Европанинг кучли клубларида тўп суриш. Тўғри, йиллар ўтиб бормоқда, аммо ҳали бу орзуларимнинг бирортасидан воз кечганим йўқ. Ҳеч бўлмаганда, биттасини бўлса ҳам рўёбга чиқариш учун ҳаракат қиламан.
Сиз жуда иқтидорли футболчи сифатида барчанинг эътиборига тушган эдингиз. Айтингчи, талантингизни неча фоизидан фойдаландим, деб ўйлайсиз?
- 100 фоиз дея олмайман. Ундай бўлганида, ҳозир Европа клубларидан бирида тўп сураётган бўлардим. Қаерлардадир ўзимга боғлиқ бўлган, айрим жойларда ўзимга умуман боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра бор имкониятимни намойиш этолмадим. Фаолиятим давомида менга яхши далда бериб, тўғри қарор қабул қилишимга кўмак берадиган инсонлар доим ҳам атрофимда топилмади. Шунга қарамай, ҳозирги ҳолатим учун ҳам Яратгандан розиман.
Тошкентнинг “Пахтакор” жамоаси билан уй масаласида судлашдингиз. Унинг якуни қандай бўлди?
- 2017 йилда “Пахтакор” билан шартномам тугади. Менда бошқа клублардан таклифлар бор эди. Жамоа раҳбарлари билан учрашдим ва кетмоқчилигимни айтдим. Улар мени олиб қолмоқчи эканлигини маълум қилди. Янги шартномага кўра менга Тошкентдан уй берилиши кўрсатилганди. Бу оғзаки келишув бўлганига қарамай, менга кейинчалик уйни ўз номимга ўтказиб беришлари ёзилган ҳужжатни тақдим этишди. Айнан шу қоғозда ёзилган гаплар асосида ўша уйда истиқомат қилиб келдим. Бироз муддат ўтиб, “Пахтакор”дан кетдим. Бир йил “Локомотив” сафида тўп сурдим. Кейинги икки мавсумни Жанубий Кореяда ўтказдим. Сўнгра, "Навбаҳор” билан шартнома имзоладим. Юртимизга қайтгач, менга қўнғироқ қилишди. 15 кун ичида Тошкентдаги уйни бўшатиб қўйишим кераклигини айтишди. Тўғриси, бу уй мен учун ҳалол эди. Шунга қарамай, индамай уйни топшириб, чиқиб кетдим. Жуда ҳам алам қилди. Айниқса, ота-онамнинг олдида ўзимни жуда ёмон ҳис қилдим.
Энди навбат блиц-саволларга. Қисқа саволларга бериладиган қисқа жавоблар орқали суҳбатдошимизни янада яхшироқ очиб беришга интиламиз!
Айни дамдаги Суперлигамизнинг энг зўр 3 футболчисини санаб беринг.
- Рустам Ашурматов, Ҳусниддин Алиқулов ва Фаррух Икромов.
Сиз билан бирга тўп сурган энг кучли 3 футболчи кимлар?
- Анвар Солиев, Одил Аҳмедов ва Жалолиддин Машарипов.
Ҳозирги даражага етишишингизда хизмати энг катта бўлган 3 инсонни санаб беринг.
- Биринчи навбатда, Хоразмдаги биринчи устозим Олимбой Давлетов, кейин “Пахтакор”да менга устозлик қилган Ким Дмитрий. Учинчиси профессионал футболдаги илк устозим Виктор Жалилов.
Жаҳон чемпионатига йўлланма ёки ўзбек футболидаги ҳалоллик?
- Ўзбекистон футболида ҳалолликни йўлга қўйсак, Жаҳон чемпионати йўлланмасининг ўзи келади.
Футболимиз ривожланяпти деб ҳисоблайсизми?
- Менимча, футболимиз раҳбарлари бунга ҳаракат қилмоқда.
“Реал” ёки “Барселона”?
- “Барселона”.
Месси ёки Роналду?
- Роналду
Жаримадан урилган гол ёки 3 та ассист?
- 3 та ассист!
Жалолиддин Машарипов ёки Элдор Шомуродов?
- Жалолиддин Машарипов.
“Навбаҳор” ёки “Пахтакор"?
- “Пахтакор”да катта бўлдим. У ердаги йилларим учун миннатдорман, аммо у ўтмишда қолди. “Навбаҳор” менинг келажагим. Мен Наманган клуби билан янги тарих ёзмоқчиман.
Фикрлар