Катанецнинг Словения билан амалга оширган тарихий натижаси ҳақида
Словения "Евро-2024" саралашида "H" гуруҳидан ўрин олиб, иккинчи ўрин билан турнир иштирокчисига айланди. Жамоа сўнгги турда Қозоғистонни мағлуб қилиб, йўлланмани қўлга киритди. Бу орқали Словения ўз тарихида иккинчи бор Евро саралашидан муваффақиятли ўтди. Биринчиси 2000 йилда Сречко Катанец қўл остида бўлганди.
1998 йил Словения Сречко Катанецни терма жамоанинг бош мураббийи этиб тайинлади. Бельгия ва Нидерландия мезбонлик қилган Европа чемпионатига словенлар саралаш баҳсларида 2-гуруҳдан жой олиб, 2-ўринни қўлга киритди. Чемпионатда эса 16 та давлат иштирок эта оларди. Нидерландия ва Бельгия тўғридан тўғри чиқади, қолганлар 9 та гуруҳга бўлиниб, куч синашади. Биринчи ўринни эгаллаган ҳам Евро иштирокчисига айланади. Шу билан бирга, энг яхши 2-ўринни олган ҳам. Қолган 8 та жамоа ўртасида плей-офф учрашувлари бўлиб ўтади. Словения бу босқичда Украинани умумий 3:2 ҳисобида мағлуб қилиб, "Евро-2000" сари йўл олган.
Аммо турнирдаги иштирок омадсиз кечади. Дастлабки турда Югославия билан бўлиб ўтган ўйинда 3:0 ҳисобида олдинда бораётган Катанец шогирдлари якунда 3 та гол ўтказиб, очко йўқотади. Кейинги учрашувда Испанияга таслим бўлган словенияликлар 3-турда Норвегия билан дурангга имзо чекади. Шу билан бирга, икки очко тўплаган ҳолда тўртинчи ўрин билан чемпионатни тарк этади.
"Евро-2000"ни эса Франция қўлга киритади. Икки йил олдин мундиалда зафар қучган Зидан ва унинг дўстлари финалда Италия устидан ғалаба қозонади. Асосий вақт 1:1 ҳисоби билан тугаганидан кейин қўшимча таймларга мурожаат қилинган ва ўша пайтда олтин гол, яъни ким биринчи гол урса, ўша ғолиб ҳисобланарди. 103-дақиқада Трезеге Тольдо дарвозасини ишғол қилди.
"Евро-2000"дан кейин Катанец терма жамоадаги фаолиятини давом эттирди. Ахир у тарихий ишни амалга оширди. Кейинги катта мусобақа эса Жаҳон чемпионати. Словения бу сафар ҳам плей-офф орқали турнирга йўл олди, лекин 2002 йилда бўлиб ўтган мундиалда жамоа бир очко ҳам ололмади. Испания, Жанубий Корея ва Парагвайга мағлуб бўлди. Жаҳон чемпионатидан кейин Сречко Катанец ўз лавозимидан озод қилинди.
Фикрлар