"Кечувда отларни алмаштирмайдилар" ёхуд Абрамов барибир "сувдан қуруқ чиқади"

Бу йилги мамлакат чемпионати муросасизлиги, барча учрашувларнинг жанговор ҳамда шиддатли кечаётганлиги билан олдингиларидан яққол ажралиб турибди. Олдинда натижаси қандай бўлишини башорат этиш мумкин бўлган ўйинлар деярли қолмади. Бу албатта мухлисларга ёқяпти. Учрашувларнинг томошабоплиги ҳам ошди. Чемпионатимизда турли ўйин услубларига эга жамоалар сони кўпайди. Мамлакатимизнинг тажрибали мураббийлари қаторида хорижлик мутахассислар ишлаётган жамоалар сони ошди. Футболимизга Европа ҳавоси кирди. Испан дербиси пайдо бўлди. Серб мактабидан баҳраманд бўляпмиз. Украина футболи тажрибалари кўзга ташланяпти.

Буларнинг барчаси кишини хурсанд этмасдан қолмайди. Бироқ бизнинг футболимизга хос бўлган яна бир жиҳат афсуски дилни ранжитади. Бу клубларимизда мураббийлар қўнимсизлиги, уларнинг тез-тез алмаштирилиши. Мавсум бошида катта умидлар билан шартнома имзолаган мутахассисларга ўзларини кўрсатиш имкониятини бермаслик, озгина омадсизликдан кейинги истеъфолар...

роган

2022 йилги мавсумдаги энг катта йўқотиш назаримда сербиялик мураббий Предраг Роганнинг бемаврид истеъфоси бўлди. Қуйи лигадан кучлилар сафига қайтган жамоанинг элитага мослашиб кетиши осон эмас. Сербиялик мутахассис билан “Динамо” ҳам барқарор натижа қайд этмаган бўлса-да, самарқандликлар намойиш этган ўйин мухлисларга ёқаётганди. Жамоа 9 та ўйиндан кейин 6 очко билан (1 та ғалаба, 3 та дуранг, 5 та мағлубият, тўплар фарқи 7:11) 12-ўринни эгаллаб турганди. Кутилмаганда бош мураббий истеъфосини эълон қилган “Динамо” нимага эришди? Андрей Шипилов билан 5 та учрашувда 1 очко ишлади. Вадим Абрамов билан эса 2 та ўйинни бой берди. Қайд этилган натижаларни келтириб ўтиришнинг ҳожати ҳам бўлмаса керак. Жамоа 14-ўринга муқим “михланди”.

XXXI миллий чемпионатимиздаги биринчи истеъфо эса “Бунёдкор” жамоаси билан кузатилди. Шуҳрат Мақсудов билан туппа-тузик натижа кўрсатиб келаётган “қалдирғочлар”даги истеъфо ҳам ишқибозларга тушунарсиз бўлди. 8 та учрашувда 50 фоизлик натижани қайд этиб (3 та ғалаба, 2 та дуранг, 3 та мағлубият, тўплар фарқи 11:14, 11 очко, 7-ўрин) етакчилар сафида бораётган жамоа Мақсудов истеъфосидан кейин яна шунча ўйин ўтказди. Хўш, янгиланган штаб қандай каромат кўрсатди? Виктор Карпенко билан “Бунёдкор” 8 та учрашувда 1 та ютуққа эришди. 2 та ўйинда дурангга имзо чекди. 4 та ўйинда эса майдонни бош эгиб чиқиб кетди. Тўплар нисбати 4:12, 5 очко қўлга киритилди. Жамоа 7-ўриндан 10-ўринга тушиб қолди. Эҳтимол, зеро “Бунёдкор” “Пахтакор”ни мағлубиятга учратди, дерсиз? Хўш, “шерлар”ни енгдик, деб кўкракка уриш билан жамоа аутсайдерлар қаторига тушиб қолса, бундан кимга фойда?

шухрат

Суперлигада ҳозиргача яна иккита истеъфо бўлди. Бу ўзгаришларда бироз маъно бор. Ҳеч бўлмаса олдинги мураббийларга битта давра ишлаш имконияти берилди. Натижа клубни қониқтирмагач, бошқа мутахассисга мурожаат этилди. Янги таклиф этилган мураббийлар штабига эса таркибни ўзлари хохлаган тарзда кучайтиришга вақт берилди. Иккинчи даврага тайёргарлик кўриш, жамоага мослашиш имконияти тақдим этилди. Энди улардан мавсум охирида натижани сўрашга мухлисларнинг ҳам, раҳбариятнинг ҳам ҳаққи бор. “Бунёдкор”, “Қўқон 1912”, “Нефтчи”дан энди натижани талаб этиш адолатдан бўлади. Бироқ “Динамо” қуйи лигага тушиб кетадиган бўлса,  Вадим Абрамов барибир “сувдан қуруқ чиқади”. Чунки, у таркибни мен йиғмаганман, бунда менинг айбим йўқ, деб тураверади ва у ҳақли бўлади. Роган бошлаган ишни Шипилов давом эттира олмади. Андрей Сергеевич умид билан таркиб йиғди, аммо унга ҳам бошлаган ишини давом эттириш имконияти берилмади. Оқибатда, ютқазган Самарқанд футболи бўлди. Жабр чеккан “Динамо” мухлислари бўлди...

Қолаверса, "Локомотив"да ҳам бош мураббий алмаштирилди. Денис Коростиченко ўз ўрнини Сервер Жепаровга бўшатиб берди. Футболимиз афсоналаридан бирининг "Локо"ни қанчалик ўзгартиришини кузатиш барчамиз учун янада қизиқарли бўлиши тайин.

Отларни кечувда алмаштирмайдилар, деган машҳур ибора бор. Унинг пайдо бўлганига ярим асрдан ошди. Деярли аксиома, нақлга айланган бу ибора ҳамон актуаллигини йўқотмаган. Умид қиламиз, Суперлигамизда бу мавсум бошқа ўйланмасдан қадам ташланмайди. Айни пайтда ишлаётган барча мутахассисларга мавсум охиригача ишлаш, ўзларини кўрсатиш имконияти тақдим этилади. Зеро, ишга профессионал ёндашувгина ўз мевасини беради...

Қаҳрамон Жумаев, Тошкент вилояти футбол академияси катта услубчиси.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
salahidin
26/08/2022 11:36
Жуда яхши макола куриниб турибди профессионал езган
&
Ашуров Бахтийор
26/08/2022 09:52
Дарҳақиқат!