Келишилган ўйинлар балоси: Легионерларимиз жамоаси Еврокубокдан четлатилиши кутилмоқда!
2022 йилги мавсум Беларусь олий лигаси вакили – “Энергетик-БГУ” учун ўз тарихидаги энг омадли мавсум бўлган эди.
Бу жамоа биринчи бор мамлакат чемпионлиги учун курашиб, олий лигани иккинчи ўринда якунлади ва кумуш медаль ҳамда Еврокубокларга йўлланмага сазовор бўлди. Минсклик “талабалар” муваффақиятига энг катта ҳисса қўшганлар ўзбек футболчилари бўлди.
Ҳужумчимиз Бобур Абдухолиқов жамоанинг барча учрашувларида қатнашиб, рақиблар дарвозасини 26 маротаба ишғол қилди ва жамоадошларига олтита голли пас узатди. Бобур чемпионатнинг энг зўр ўйинчиси, тўпурари, энг самарали футболчиси бўлди.
Шунингдек, Абдухолиқов Беларусь чемпионатлари тарихида энг кўп гол урган легионерга айланди.
Марказий ҳимоячи Абдулқодир Ҳусанов мудофаа чизиғи етакчиси сифатида жамоа натижаларига катта ҳисса қўшди. 19 ёшли футболчи ўз вазифасини пухта бажаришдан ташқари, учта гол ва тўртта ассист муаллифи бўлди.
Ўтган йил давомида “Энергетик-БГУ” сафида ўзбекистонлик футболчилардан яна уч нафари – Амирбек Бакаев, Шоҳруҳбек Абдураҳмонов ва Аббосбек Жумақулов ҳам майдонга тушди.
Янги мавсумда эса, Абдулқодир билан Амирбек фаолиятини “Энергетик-БГУ”да давом эттиришни маъқул кўрди. Жамоа Еврокубокларга тайёрланмоқда. Бироқ, мамлакат чемпионлигини қўлга киритган “Шахтёр”нинг келишилган ўйинларда гумон қилинаётган ва бу можарога “Энергетик-БГУ”нинг ҳам аралашиб қолгани легионерларимизнинг халқаро майдонга чиқишига тўсқинлик қилиши мумкин.
Тергов органлари тез орада ўтказилган суриштирув ишлари натижаларини Беларусь футбол федерациясига тақдим қилади. Футбол раҳбарияти қоидани бузгани исботланган жамоаларга жиддий чора кўришга тайёр.
Келишилган ўйинларга дахли исботланса, ўтган мавсум чемпиони ва вице-чемпиони бўлган жамоалар Еврокубоклардан четлатилиши мумкин. Уларнинг халқаро майдондаги ўрнини “Динамо-Минкс”, БАТЭ ва “Ислочь” жамоалари эгаллайди. Тўртинчи жамоа сифатида “Минск”нинг халқаро мусобақаларга қўйилиши Белурсь кубоги учун курашда қўшимча иштиёқ ва рағбат бўлиб хизмат қилади, - деб ёзди Беларусь футболи манбаси.
Мамлакат чемпиони бўлган Солигоскнинг “Шахтёр” жамоаси бешта учрашув натижасига таъсир ўтказгани айтилмоқда. Бу учрашувлардан иккитасида “Энергетик-БГУ” қатнашган:
04.07.2021 “Витебск” — БАТЭ — 0:0
23.10.2022 “Динамо Мн” — “Динамо Бр” — 0:0
02.11.2022 “Динамо Мн” — “Энергетик-БГУ” — 1:4
12.11.2022 “Энергетик-БГУ” — “Динамо Мн” — 1:3
12.11.2022 “Шахтёр” — “Белшина” — 4:1
Шубҳага олинаётган ва солигорскликлар учун қулай натижа билан тугаган “Динамо Минск” ва “Энергетик-БГУ” баҳсида “талабалар” 4:1 ҳисобида зафар қучган эди. Ўша беллашувда Бобур Абдухолиқов дубль қайд этган.
“Шахтёр”нинг келишилган ўйинларда қўли борлигини биринчи бўлиб россиялик юрист Антон Смирнов иддао қилган. Бу мутахассис Солигорск клуби раҳбарияти футболчиларга маош беришда яширин усулларни қўллаш орқали жамоадаги мижозларининг ҳуқуқини поймол қилаётганини бонг урган.
Айни пайтда Беларусь футбол федерацияси тергов органлари тақдим этадиган натижаларни кутмоқда. Олий лиганинг бошқа жамоалари ҳам келишилган ўйинларда қатнашганлик бўйича кузатувга олинган.
Шомуродов ҳаммасини ўзгартириб юбориши керак эди...
Фикрлар