Кемран Нуриллаев Анталья Гран-присида кумуш медални қўлга киритди
Бугун Туркиянинг Анталья шаҳрида дзюдо бўйича Гран-при сериясига кирувчи мусобақанинг биринчи кун беллашулари бўлиб ўтмоқда. Енгил вазн тоифасида кечаётган баҳслар терма жамоамиз учун муваффақиятли якунланадиган бўлди.
Қувонарлиси, -60 килограмм вазн тоифасида татамига чиққан вакилимиз Кемран Нуриллаев мусобақанинг кумуш медалига сазовор бўлди. Юртдошимиз ҳал қилувчи баҳсда 2015 йилги жаҳон чемпиони, Рио Олимпиадаси кумуш медали соҳиби қозоғистонлик Елдос Сметов билан курашди. Муросасиз кечган ушбу беллашув Сметовнинг ғалабаси билан якунланди.
Бундай натижадан кейин ҳамюртимиз ўз ҳисобига жаҳон ва Токио олимпиадаси рейтинги учун 490 очкони ёздириб қўймоқда. Таъкидлаш жоиз, 1 ой муқаддам Марракеш шаҳрида ўтган Гран-прида Кемраннинг акаси Сардор Нуриллаев -66 килограммгача бўлган вазн тоифада олтин медални қўлга киритган эди.
Эртага ўрта вазн тоифаларида баҳслар бўлиб ўтади ва унда Ғиёсжон Бобоев (-73 кг) терма жамоамиз шарафини ҳимоя қилади.
Фикрлар