Кэррик: "Футболда ғалабани кафолатлаб бўлмайди"
"Манчестер Юнайтед" бош мураббийи Майкл Кэррик футболда ғалабани олдиндан кафолатлаш мумкин эмаслигини таъкидлади.
Манкунианликлар сўнгги турда "Тоттенхэм"ни 2:0 ҳисобида мағлуб этиб, кетма-кет тўртинчи ғалабасини қўлга киритди. Ушбу учрашувдан кейин Кэррик: "Барча тўрт ўйин бир-биридан фарқ қилди. Мен бу ерда ўтириб, “Ҳаммаси ажойиб, биз сирни топдик”, деб ўйламаяпман", — деган эди.
44 ёшли мутахассисдан ушбу фикрларига изоҳ бериш сўралди.
"Ғалаба ҳиссидан завқ олиш керак, биз айнан шунинг учун шу ердамиз.
Доимо бефарқ бўлиб бўлмайди, ҳис-туйғулар тўлқинини ҳис қилиш керак. Акс ҳолда, барчаси зерикарли ва маъносиз бўлар эди, чунки барчамиз ўйинларда ғалаба қозонишга интиламиз.
Энг катта қийинчилик — бу натижа ортида қанчалик оғир меҳнат ва тайёргарлик ётганини англашдир.
Бу даражада футбол учрашувида ғалаба қозониш жуда қийин. Шунинг учун кейинги ўйинда ҳаммаси яхши бўлади, деб ҳеч қачон ўйламаслик керак", — деди Кэррик.
Фикрлар