"Кетадигани кетиб бўлди, ўзим билган йигитлар келди" - Тимур Кападзе "Олимпик"даги ўзгаришлар, Руслан Жиянов тақдири ва терма жамоа ҳақида
“Олимпик” ва Тимур Кападзе биринчи даврада ўзларидан яхши таассурот қолдирди. Ёш мураббий ва ёш таркиб! Иккинчи даврада ҳам унинг жамоаси яна кўп клубларга “бош оғриғи” бўлишига шубҳа йўқ. Кападзе аниқ лойиҳа асосида қўл остидаги йигитларни бир мақсад йўлида қандай жипслаштираётганини ҳамма кўряпти.
“Олимпик”нинг иккинчи даврага тайёргарлиги
- Тайёргарлигимиз яхши кетяпти. 1 августдан иккинчи давра старт олади. Деярли барча футболчилар шу ерда. Кетадигани кетиб бўлди, ўрнига бошқа йигитларни олдик. Кетганлар бизда камроқ ўйин амалиётига эга эди. Уларни ҳам вариантлари бор эди. Кетган футболчиларга омад тилайман. Ҳозир жамоамиздаги ўйинчилар яхши спорт формасида.
Таркибдаги ўзгаришлар
- Ўзимиз таниган, билган йигитлар келган. “Бунёдкор”, “Локомотив” каби клублардан олдик. Асосий таркибда ўйнамаётган футболчиларни чақирдик. Уларни ижарага оляпмиз. Қани кўрамиз, жамоамиз ўйинини қанчалик кучайтиришаркин? Умуман олганда, менга кимлар керак бўлса, барчаси олдимда. Режа бўйича тайёрланяпмиз. Ўзимизни камчиликларимизни ҳам биламиз ва қайси томонга қараб ҳаракатланаётганимизни яхши кўриб турибмиз. Яна ишлашда давом этяпмиз.
Руслан Жиянов масаласи
- Жиянов тўғрисида мен ҳам у ер – бу ердан эшитдим. Лекин аниқ маълумот айта олмайман. Чунки бу ҳақида ҳеч нима билмайман. Агар унга яхши жамоалардан таклиф бўлаётган бўлса, бу яхши. Аммо ҳали Русланни ўз устида ишлайдиган жойлари бор. Чунки олдимизда чемпионат ўйинлари билан бирга Осиё чемпионатига тайёргарлик кутиб турибди. Олимпиада йўлланмаси учун ҳам курашишимиз керак. Шу боис Жиянов биз билан. У ҳам ҳар тарафлама биз билан кучли бўлиш учун ҳаракат қиляпти. Унинг ҳозирги спорт формаси балки айни пайтдаги вазият учун яхшидир. Лекин биз бугунги кун билан эмас, эртанги кун билан яшашимиз керак. Бу давр мобайнида жамоалар ҳам ўсишга ҳаракат қилади.
Осиё чемпионати нима берди?
- Осиё чемпионати орқали янада катта тажрибага эга бўлдим. Бундай турнирда биринчи марта иштирок этдим. Ундан аввал U-19 Осиё чемпионати ковид сабабли бўлмаганди. Осиё чемпионатида ҳар 3 кунда ўйин, ҳар хил рақибларни ўрганиш, футболчиларни тиклаш жараёни ва уларни тайёрлаш, мана шундай ҳолатлардан ўтиш катта тажриба беради. Бундай мусобақа нафақат менга, балки футболчиларга ҳам катта тажриба бағишлайди. Албатта, энг муҳими натижа эди. Ҳар бир учрашувга пухта тайёргарлик кўрдик. Ҳар бир рақибга алоҳида ёндашдик. Финалгача бориб, унда қатнашиш катта ютуғимиз. Аммо бу бизнинг мусобақамиз эмасди. Негаки, жамоамиз ёшроқ эди. Шунга қарамасдан яхши натижага эришдик. Қувонарли томони ҳаммамиз бирлаша олдик. Раҳбарият, мухлислар, журналистлар – барчамиз бир тану, бир жон бўлдик. Шунга яраша ишқибозларимизнинг юзини ерга қаратмасдан ҳаракат қилдик. Бунда сиз журналистлар ҳам катта ҳисса қўшдинглар. Бизга ҳар тарафлама руҳий куч ва мотивация бердинглар. Бу рақиб жамоасига қанчалик босим қилганини кўрдик. Бундан фақат хурсанд бўлдик.
Финалдаги мағлубият
- Финалга келсак, балки қаердадир тажриба етишмади. Биринчи марта финалда ўйнашди. Мен йигитларимизнинг потенциалини билардим ва бундан ҳам яхши ўйнай олардик. Тўғри, Саудиянинг биздан устун жиҳатлари бор эди. Шунга қарамасдан финалда ютсак бўларди. Ҳаммасини таҳлил қиляпман. Лекин футбол шунақа. Иккинчи марта шундай ҳолатга тушсак, бошқа факторларни ҳам кузатамиз ва янада ақллироқ бўламиз. Табиийки, ютганимизда қойилмақом бўларди. Осиё чемпионатида ўтказган ҳар бир ўйинимизнинг замирида ўзининг тарихи бор. Тарихни яхши тугатишга ҳаракат қилдик. Бизнинг ёш тоифамиздаги турнир бўлмасдан ўзимиздан катта ёшдаги турнирда қатнашиб финалгача бордикми, бу биз учун ютуқ. Футболчиларимиз терма жамоадаги босимни енгиб ўтишди. Биргина ғалабамиз одамларни қанчалик хурсанд қилишини ва бирлаштиришини ҳам йигитлар кўришди. Ватан туйғуси умуман бошқача. Юртга бўлган муҳаббат ҳаммада янада ошди. Футболчилар кейинги сафар терма жамоага шу туйғуни янада ҳис қилиб келишади. Чунки ортимизда ҳамма биздан натижа кутяпти, уларнинг юзини ёруғ қилишимиз керак.
Ҳожимат Эркиновнинг “Торпедо”га кетиши ҳақида
- Ўтган йили ҳам унда варианлар бор эди. Кутилган нарса бўлди. Кетгани тўғрими ёки нотўғрими, буни вақт кўрсатади. Мен учун ўйнаши керак. Қанча кўп ўйнаса тажрибаси шунча кўпаяверади. Ўйлайманки, у ерда мураббий ҳам имкон беради ва футболчи ҳар тарафлама спорт формасида бўлади. Бу унинг учун янги чақирув эди. Шунинг учун кетди. Бизга муҳими ФИФА кунларидан ҳам ташқари ёрдам бера олса янада яхши.
Қайси футболчиларга четдан таклиф бўлди?
- Терма жамоамизда яна кимларга четдан таклиф бўлганини эшитмадим. Агар бўлган бўлса ҳам ҳозир бу хусусида ўйлашмаяпти, муҳокама қилинмаяпти. Чунки олдимизда аниқ вазифа турибди. Буни бажармагунимизча жиддий тайёргарлик кўраверамиз. Ҳамма ўйинчи кўзим олдида бўлгани яхши. Тактик ва жисмоний томондан ўзимиз ишлаб чиққан режа асосида тайёрлаб борамиз. Ўзимизда бўлса, барчаси кўзимиз остида ўсиб боришади ва доим кузатувимизда бўладилар. Четда эса мураббийни бошқача қарашлари бор. Ҳар хил вазиятларга дуч келиши мумкин. Шу боис футболчиларни менинг олдимда бўлишгани ўзлари учун, ўзим учун ва терма жамоа учун ҳам плюс. Яна селекция давом этяпти. Кечаги ўйинчи вақт ўтиб бошқача формада бўлиши мумкин.
Фикрлар