Кичик афиша, аммо катта резонанс! Қайси трансфер нишонга тегиши мумкин? (ТОП 7)
Клублар кетма-кет катта трансферларни амалга ошираётганидан хабарингиз бор. Сайтимизда куни кеча айнан шу воқеаларга бағишланган энг катта трансферлар "Топ-7"лиги эълон қилинди. Бугун ҳайп масаласида кўпчиликнинг эътиборига тушмаган, аммо амалда катта резонанс бериши мумкин бўлган трансферлар еттилигини кўриб чиқамиз.
Беҳруз Облақулов - "Нефтчи".
Облақулов ўтган мавсум "U-19" чемпионатини ёндириб ташлаб кўпчиликнинг эътибор марказига тушган эди. "Машьал" тарбияланувчиси ёшига хос бўлмаган совуққонликка эга. Ҳужумларнинг финал қисмида аниқ зарба бериши билан мураббийларни назарига тушган йигитни Фарғонанинг "Нефтчи" клуби илиб кетди. "U-19" чемпионатида 29 гол киритиб яққол тўпурар бўлган форвардга Виталий Левченконинг шахсан ўзи ишонч билдирмоқда. У билан "йўлбарслар" 3 йиллик шартнома имзолади. Агар "Григорич" ёш иқтидор эгасига ўйин амалиёти берса, бу "Нефтчи" учун келажакда катта зафарлар олиб келиши ҳеч гап эмас. Қисқаси, шу номни эслаб қолинг.
Хислат Ҳалилов - "Динамо".
Ўзбек футбол ишқибозларига "Сўғдиёна"даги ўйинлари билан яхши таниш бўлган жингалак соч йигит эндиликда "Динамо" шарафини ҳимоя қилади. Марказда тўп тепишига қарамай, эркинликни ва дриблингни хуш кўрадиган Хислат сўнгги 2 мавсумда кутилганидек прогресс намойиш этмади. Аксинча, бироз кўринмай қолди. Айнан ҳозир футбол ўйнашни хуш кўрадиган Вадим Абрамов қўл остига бориб қўшилгани унинг карьерасидаги бурилиш нуқтаси бўлиши мумкин. Ҳалилов айни жисмонан етилган, катта ўйинларда ўзини кўрсатиши шарт бўлган ёшда. "Динамо" таркибида ортиқча босимсиз, эркин футбол ўйнаш орқали ярим ҳимоячи ўзидан кутилаётган даражани намойиш этиши мумкин
Улуғбек Ҳошимов - "Сурхон".
"Нефтчи" билан чемпионатни 4-поғонада якунланган Улуғбек Ҳошимов мавсум тугашидан аввал "Сурхон" билан келишиб бўлган эди. Ҳужумчи кўпроқ тўпни назорат қиладиган, ҳужумлар уюштиришга ихтисослашган жамоада тўп тепишни истади. Натижада, Суперлигадаги энг томошабоб футбол намойиш этаётган "учар тулпорлар" сафига бориб қўшилди. Жамоадошлари ва "Сурхон"нинг ўйин фалсафасидан келиб чиқсак, Улуғбекда страйкерлик маҳоратини намойиш этиш учун барча имконият мавжуд. Айнан унинг Силванус Нимели билан ҳосил қиладиган тандеми амалда қандай кўриниш олишини бир тасаввур қилиб кўринг!
Дониёр Абдуманнопов - "Пахтакор".
Дониёр сўнгги 2 мавсумда жуда юқори даражада ўтказди, аммо унга стабиллик етишмади. "Бунёдкор"да ҳам, "Навбаҳор"да ҳам доим асосий голларни урганига қарамай, икки клубда ҳам муқим ўрин эгаллай олгани йўқ. Жорий мавсумда "Пахтакор" сафида бошлайдиган вингерда ўша стабилликка эришиш имкони бор. Ёшларга суянган холда, қайта шакллантирилиши кутилаётган "шерлар" сафида Дониёр жамоа моторига, алмаштириб бўлмас футболчига айланиши мумкин. Бу трансфер афиша борасида бундан аввалги мақоладаги йигитларники билан тенглаша олмасада, фойда келтиришда ҳеч биридан қолишмаслиги турган гап.
Ислом Қобилов - "Сўғдиёна".
Яқиндагина Ўзбекистон миллий терма жамоаси мудофаа чизиғида асосий таркибда ҳаракат қилган Ислом Қобилов ўтган мавсумни Про лигада ўтказди. "Локомотив"ни элитага қайтаргач, ҳимоячи Иван Бошковичнинг таклифини қабул қилди ва "Сўғдиёна"га кўчиб ўтди. Бироз мухлислар эътиборидан четда қолганига қарамай, Қобилов ҳали ўзининг пик формасидан тушгани йўқ. Эндигина 26 ёшни қаршилаган футболчи учун "Сўғдиёна" терма жамоа даражасига қайтиш учун яхши чорлов. Суперлигада "бўрилар" билан муносиб иштирок унга яна ёпилган эшикларни қайта очиши мумкин.
Мухаммадали Ғиёсов - "Қизилқум".
Универсал ҳужумчи ўтган мавсумни иккинчи даврасини "Қизилқум" сафида ўтказди ва чинакам фурор кўтарди. Унга етти бор рақиб дарвозасини ишғол қилиши учун 9 та 90 дақиқалик кифоя қилди. 2002 йилда таваллуд топган форвард янги мавсумни ҳам "олтин изловчилар" сафида ўтказади. Бу сафар унда янги жамоага мослашиб олиш учун етарлича вақт бўлади. Қўшимчасига, Олимпия терма жамоаси таркибида Олимпияда йўлланма берувчи Осиё чемпионатида иштирок этишга ҳақли эканлигини исботлаши керак. Бу чинакамига ҳужумчи учун янги чорлов дегани! Айни дамда, марказий ҳужумчига муҳтожлик сезаётган ўзбек футболи учун янги кадрлар ҳозир ҳар қачонгидан кўпроқ керак.
Азиз Холмуродов - ОКМК.
"Насаф" клубининг афсонавий ҳужумчиси - Зафар Холмуродовнинг ўғли Азиз Холмуродов янги мавсумда ОКМК шарафини ҳимоя қилади. "Аждарлар" тарбияланувчиси ўтган мавсумда асосий таркиб билан шуғулланди ва бир неча бор майдонда кўриниш берди. Кейин, "Турон"га ижара асосида йўл олди. Холмуродовларнинг кичигида катта потенсиал бор эканлиги ҳақида бир нечта футбол мутахассиси фикр билдиргани бежиз эмас. Яхши техника, йўлга қўйилган сўнгги зарба ва майдонни кўра олиш қобилияти. Умуман олганда иқтидорли футболчи, бироқ профессионал футболда бу камлик қилади. Умид қиламиз-ки, бошланаётган "сезон"да ёшартиришга эътибор қаратган ОКМК Азиз учун етарлича ўйин амалиёти беради. Қолгани ёш футболчининг ўзида қолган гап.
Яҳёхўжа Улуғхўжаев
Рўйхат муаллифнинг субьектив фикри асосида тузилган бўлиб, сиз ҳам ўз версиянгизни комментда ёзиб қолдиришингиз мумкин.
Фикрлар