"Клубда қола олмаслигимни тушуниб етдим, жуда оғир савол, катта иштиёқ билан келгандим, лекин..." - Никола Лазаревичнинг "Қизилқум"дан кетиши ҳақида
Бу йил Навоийнинг “Қизилқум” клубига бош мураббийлик қилган сербиялик Никола Лазаревичнинг мазкур жамоадаги фаолияти якунланганидан хабарингиз бўлса керак. Чунки, мураббийнинг ўзи чемпионат тугамасиданоқ унинг якунида клубдан кетишини айтган. Яқинда расман мураббийнинг жамоадан кетгани тасдиқланди.
Аммо Лазаревич юртимиздаги дебют мавсумида ёмон таассурот қолдирмади. Бироқ чемпионат мобайнида турли гап-сўзлар ҳам эшитилиб турди. Масалан, унинг жамоадаги айрим футболчилар билан муносабати хусусида.
Биз Никола билан алоҳида суҳбатлашиш истагида эканлигимизни унга етказиб турдик. Фақат сербиялик мутахассис чемпионат тугаганидан сўнг гаплаша олишини айтди ва бу кунни кутишимизга тўғри келди. Ниҳоят, “Қизилқум”нинг собиқ устози Sports.uz учун вақт ажратди.
- Жаноб Лазаревич, мавсум тугади, энди сиз билан очиқ суҳбатлашиш имкониятимиз бор. “Қизилқум” клубида ўтказган мавсумдан сиз учун нима эсда қоларли бўлди?
- Ўз ўрнида айтишим керакки, мавсум “Қизилқум” учун муваффақиятли якунига етди. Туркияда ўтказилган тайёргарлик ишларидан сўнг клуб раҳбарияти билан учрашдим ва жамоанинг бемалол кучли бешликка кира олишини айтгандим. Охир-оқибат шундоқ ҳам бўлди. Албатта, 4-ўринни банд этсак ҳам бўларди. Шундан бироз афсусланяпман. Агар шундай бўлганида Осиё Чемпионлар лигасининг саралаш босқичида ўйнаган бўлардик. Аксига олиб иш жараёнидаги айрим кутилмаган ҳолатлар туфайли ҳаммаси ўзгариб кетди. Айниқса, охирги икки турни инобатга олганда. Лекин, ўйлайманки, “Қизилқум” учун мавсумни 5-ўринда тамомлаш ҳам катта натижа ҳисобланади. Айниқса, чемпионат аввалида клуб олдига ҳеч қандай вазифа қўйилмагани инобатга олинганида 5-ўрин анча салмоқли натижадир. Шу билан бирга Кубок доирасида яна бир қадам олдинга ташлай олмаганимиздан афсус чекаман.
- Сиз аллақачон чемпионат тугамасидан илгари жамоадан кетмоқчилигингизни айтиб бўлгандингиз. Нима учун? У ерда сизни нимадир қониқтирмаётганмиди?
- Ҳа, бу рост, Ўзбекистонга катта иштиёқ билан келгандим. Аммо йил давомида бу ерда нималардир ҳаммаси сал бошқача юз бериши сабаб, ўзгартириш мумкин бўлган ҳолат жуда мушкул вазифага айланишини кўрдим. Айниқса, “Навбаҳор”га қарши кечган учрашувда ҳакамлар томонидан йўл қўйилган хатолар худди атайин амалга оширилгандек туюлди. Ёдингизда бўлса, мен ўша беллашувдан кейин шу хусусида гапириб, ҳакамлар атайин “Навбаҳор” фойдасига қарорлар қабул қилганини айтгандим. Айнан ушбу учрашувдан сўнг Ўзбекистонда ишлаш борасидаги иштиёқимга путур етди. Нега деганда, бу ерда тизимда ниманидир ўзгартира олмаслигимни тушундим. Ҳаммаси иккинчи даврада “Нефтчи”га қарши ўтказилган ўйиндан сўнг юз берди. Бундан ташқари, “Сурхон”га қарши баҳс ҳам менда иштиёқ билан боғлиқ бўлган ҳолатни пасайишига сабаб бўлди. Шундай бўлса ҳам хафсаламни сусайтирмай ишлашда давом этдим. Ўз навбатида ЎФАни, ПФЛни огоҳлантириб, нимадир бошқача юз беришини тушунтирдим. Афсуски, ўша учрашувда “Қизилқум”ни қандай ўйнаганини кўрганмисиз ёки кўрмаганмисиз, буни билмайман, ваҳоланки, ўйинчиларимиз жонларини жабборга бергудек тўп суришганди. Ўша учрашувдан кейин раҳбарият билан кўришиб, мавсум охирида клубдан кетишимни исташимни айтгандим.
- Эшитишимча, жамоадаги айрим футболчилар билан муносабатингиз қониқарли бўлмаган экан. Бу ростми? Умуман, клубдаги муҳит қандай аҳволда эди?
- Биласизми, жамоага келган пайтимда таркиб аллақачон шакллантириб бўлинган, селекция ишлари ниҳоясига етказилганди. Бундай пайтда ўзим истаган, жамоада кўришни хоҳлаган футболчилар жамланмаганига кўзим тушди. Жамоа ўйинчиларини олдинги директор танлаб олган экан. Хуллас, мавсумни қўлдан келган даражада ўтказдик. Яъни, ихтиёримда бор бўлган футболчилардан имкон қадар максимал фойдаланиш пайида бўлдим. Ўтган мавсумда тўп сурган ўйинчиларнинг жисмоний ҳолатлари қандайлигидан бехабар эдим. Бу борада берган саволларим эса жавобсиз қолди. Шунинг учун ҳам менда ниманидир яхши томонга ўзгартириш учун кўплаб имкониятлар бўлмади. Энг яхши вариант, биз учун клубдаги бор футболчиларга мослашиш ва уларга таянган ҳолда ўйин ташкил этиш бўлди. Туркиядаги йиғин чоғида барчамиз бошқача ишлашимиз кераклигини ҳис қилдик. Бу борадаги режамиздан раҳбариятни хабардор этишни лозим топдик. Бу ҳам дастурдаги ниманидир ўзгартириш йўлида олдинга ташламоқчи бўлган қадамларимиздан бири эди. Ўзимга келсак, Туркиядан қайтганимиздан сўнг раҳбариятга жамоада селекцияни ўз ихтиёримдан келиб чиққан ҳолда амалга оширишим мумкинлигини билдирдим. Бир қарашда ўртамизда ҳаммаси тушунмовчиликларсиз яхши кечгандек бўлди. Яъни, барчамиз иккинчи давра олдидан клубни ўзгартириш ниятида эдик. Афсуски, раҳбарият сўнгги паллада клубга янги футболчиларни таклиф этишимизга рухсат бергани йўқ. Шу сабаб, ихтиёримиздаги футболчилар билан иккинчи даврани якунлашдан бошқа чорамиз қолмади. Албатта, бир томондан олиб қараганда, жамоадаги футболчиларда ҳам яхши ўйин сифатлари бор ва улар буни амалда ҳам кўрсатиб бердилар. Масалан, “Олимпик” ва АГМКга қарши баҳсларни мисол тариқасида келтиришим мумкин. Шунингдек, “Сўғдиёна” билан кечган биринчи даврадаги учрашув ҳам кўпчиликнинг ёдида қолган бўлса керак. Нима бўлган тақдирда ҳам мавсум охирига келиб клубда қола олмаслигимни тушуниб етдим. Бу ерда бунчалик кўп одам тўплангани менга жуда тушунарсиз бўлган.
- Сизга “Сўғдиёна”дан таклиф бўлгани ҳақиқатми?
- Йўқ, бу ҳақиқат эмас. Буни ким ёзганини ҳам билмайман. Бундай маълумотни ким бергани ҳам менга номаълум. Мен ҳеч ким билан гаплашмадим. “Сўғдиёна”дагилар билан ўртамизда ҳеч қандай музокара бўлиб ўтмади. Биламан, “Сўғдиёна” яхши жамоа ва клубда ўзининг бош мураббийи бор.
- Янги мавсумда яна Ўзбекистон чемпионатида ишлаш ниятингиз борми? Сир бўлмаса, олдингизда қандай таклифлар бор?
- Жуда оғир савол. Бунга батафсил жавоб қайтариш ҳам мушкул. Бунинг учун аввало камида 2-3 кун яхшилаб дам олишим керак. Лекин мен бу борада ҳозир ўйламаяпман. Бошқа вариантлар бўйича сизга бирор-бир изоҳ бера олмайман. Мени тўғри тушунасиз, деб ўйлайман. Фақат шуни айтишим мумкинки, жиддий лойиҳаларни тузаётган жамоалардан хизматимга қизиқиш бор.
- “Қизилқум” ҳисоб-китоб ишларини бажардими?
- Маҳаллий футболчилар билан боғлиқ ҳолатда ҳаммаси қандай рўй берди, бундан бехабарман. Шахсан ўзимга келсак, мен билан барчаси тўғри амалга оширилди.
- “Қизилқум” нима учун “Пахтакор”га қаршилик кўрсата олмасдан ўта йирик ҳисобда ютқазди?
- Жуда кулгули. Лекин бу ҳақидаги саволингизга юқорида жавоб бериб ўтдим, чамамда. Энг асосийси, ким ўйинни кўрган бўлса, шундан хулоса чиқариб олаверсин. Бу хусусида қўшимча гапириб ўтиришни хоҳламайман. Барибир бу борада ҳеч нарса айта олмайман.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар