"Клубни Суперлигада олиб қолиш чорасини топишимиз зарур, футболчиларнинг фикрларига қулоқ солмоқчиман" - "Динамо"нинг янги бош мураббийи Вадим Абрамов нимани исботламоқчи?
Хабарингиз бор, Самарқанднинг “Динамо” клубига Вадим Абрамов бош мураббий этиб тайинланди. Клуб мусобақа жадвалида охирги ўринда қолиб кетаётгани сабабли раҳбарият Андрей Шипилов билан хайрлашди ва ўрнига Вадим Карленович билан келишувга эришилган ҳолда унга ишонч билдирдилди. Шундан сўнг, Абрамов Sports.uz мухбирига интервью берди.
- Вадим Карленович, “Динамо”га бош мураббий бўлиб тайинланганингиз билан табриклаймиз. Бу сиз учун ўзига хос кутилмаган воқеа бўлдими?
- Одатда, мураббийларни бундай чорловлар билан ҳайрон қолдириб бўлмайди. Қолаверса, мусобақа жадвалида сўнгги ўринда бораётган жамоадан таклифлар келиб тушиши кўп кузатилади. “Динамо” билан ҳам мана шундай ҳолат юз берди. Мени музокара ўтказишга таклиф қилишди. Бу таклифга жавобан Самарқандга бордим. Ўзаро келишган ҳолда уч ойлик шартнома туздик. Кўрамиз, бу келишувдан қандай самара чиқаркин?..Қисқача айтганда, клуб билан мавсум охиригача битим туздик.
- Бунгача “Динамо”нинг ўйинларини кузатиб бордингизми?
- Биласизми, бунга қадар “Динамо” иштирокидаги ўйинларни кузатганим ҳам йўқ. Аммо музокара ниҳоясига етганидан кейин клуб иштирокидаги ўйинларни ўрганишга киришдим. Дастлабки учрашувларни ўтказиб олганимиздан кейин умумий ҳолат борасида менда тасаввур пайдо бўлиши турган гап. Ўз навбатида, йигитлар менинг ўйин борасидаги қарашларим, фалсафамга тушуниб олишлари керак бўлади. Бир кунда ўйинга таъсир ўтказа олмаслигимиз аниқ. Ҳаммасига вақт керак. Клубга янги бош мураббий келар экан, йигитлар ўзларининг яхши томонларини намойиш этишга ҳаракат қилади. Лекин барибир бизга осон бўлмаслиги тайинлигини тушуниб турибман. Чунки танаффуслар оралиғидаги трансфер ойнаси ёпилган. Энди таркибдаги бор футболчилар билан бирга максимал даражада ишлаган ҳолда, мураккаб вазиятдан чиқиб кетишга ҳаракат қиламиз. Бунинг учун ўйинчилар ўз кучларига ишонишлари ва ҳозирги ҳолатдан клубни олиб чиқиб кетиш учун ғайрат-шижоат билан ишлашлари зарур.
- Мавсум бошидан бери клубда уч марта бош мураббий ўзгарди. Предраг Роган, Андрей Шипилов ва энди сиз. Нима деб ўйлайсиз, бу нима билан боғлиқ?
- Ҳа, мен вазиятни тушуниб турибман. Бироқ ҳаммасига изоҳ беришим мушкул. Чунки менга қадар жамоада ишлаган мураббийлардан бундай аянчли натижалар ниманинг эвазига қайд этилганини улардан сўраган маъқулроқ. Натижалар салбий тус олгани боис олдинги ҳамкасбларим ўзлари хоҳишлари билан кетишдими ёки раҳбарият шуни маъқул топдими, бунисидан бехабарман. Мен фақат ўзим ҳақимдаги саволларга жавоб беришим мумкин холос. Бугунги ҳолат шундайки, “Динамо” раҳбарияти менга ишонч билдирди.
- “Динамо”да ҳозирча фақат битта ғалаба бор. Клубни имконияти қандай? Сиз жамоа ўйинида жиддий ўзгаришга қўл урасизми?
- Ҳа, шак-шубҳасиз. Бундай ўзгаришларга қўл уришим тайин. Ўйлайманки, жарликдан чиқиб кетишнинг ягона йўли – бу ҳар бир очко учун охиригача курашишдан иборат бўлади холос. Агар футболчилар ўз кучларига бўлган ишончни қайтара олишса, яхши натижалар узоқ куттириб қўймайди. Лекин ҳозирги вазиятда олдиндан бир нарса дейиш қийинлигини ҳам унутмаслик даркор. Чунки клубни тез орада навбатдаги учрашув кутиб турибди. Футболчилар билан эса ҳали яқиндан танишишга ҳам улгурганим йўқ. Шундай бўлса-да, ҳаммасини тезда ҳал қилишга ҳаракат қиламиз. Бунинг учун йигитларнинг фикр-мулоҳазаларига қулоқ солмоқчиман. Эртага улар майдонга тушишади ва ўзларининг яхши сифатларини намойиш этишга интиладилар. Асосийси, “Динамо” ўйинни уйида ўтказади. Буни томоша қилиш учун мухлислар стадионга келади. Уларнинг далдаси орқали кўп нарсадан умид қилиш мумкин.
- Вадим Карленович, бу сиз учун катта имкониятми? Нега деганда, охирги марта миллий терма жамоада ишлаб, танқидларга дучор бўлдингиз. Шундай экан, “Динамо”да ўзингизни кўрсатиш орқали яна нималарга қодирлигингизни исботламоқчимисиз?
- Биласизми, кимларгадир ниманидир исботлаш ниятим йўқ. Олдинги натижаларим ҳаммасини айтиб турибди. Бахтга қарши терма жамоа билан қайд этилган айрим қониқарсиз натижалар туфайли мана шундай ҳолат юзага келди. Айримлар негадир тирноқ остидан кир қидиришни ёқтиришади. Масалан, Фарғонада иш бошлаган чоғимда “Нефтчи”нинг ҳисобида бор-йўғи 8 очко бор эди холос. Терма жамоа билан яхши натижалар қайд этиб турганимизда жарима тариқасида ундан 6 очкони олиб ташлашганди. Вазиятни ҳис қилиш учун ҳаммасига реал кўз билан боқиш керак. Мураббий клубни ёки терма жамоани қандай ҳолатда қабул қилган – биринчи навбатда, шунга эътибор қаратиш керак. Масалан, ўз вақтида Наполеон Москва остонасигача етиб келган. Аммо ғалабага бир қадам қолганида ҳаммаси чаппасига айланиб кетганди. Кўрамиз, уринишларимиз нима бераркин...
- “Динамо”да шароит қандай? Футболчилар билан гаплашдингизми? Кайфият қалай?
- Охирги ўринда бораётган клуб ўйинчиларининг ҳолати ва кайфиятлари қандай ҳам бўларди?! Ҳаммасини рақамлар ҳам айтиб турибди. “Динамо” оз гол уряпти, дарвозасидан кўплаб голлар ўтказиб юборган. Шу кўрсаткичлар ҳам вазият қанчалик жиддийлигини айтиб турибди. Агар футболчилар ҳаммасини ўзгартиришга жидду-жаҳд билан киришсалар, ўйлайманки, натижалари максимал кўриниш ҳосил қилади. Агар биз мураббийлар бу масалада ўйинчиларга ёрдам бера олсак, клуб ҳозирги жарликдан бемалол чиқиб кетиши мумкин. Мураббийнинг иши эса раҳбарият томонидан қўйилган вазифаларни бажаришдан иборат. Ҳозирги ҳолат шундайки, биз мураббийлар биринчи навбатда клубни Суперлигада олиб қолиш чорасини топишимиз зарур. Шундан кейинги бошқа масалалар – масалан, клубнинг инфратузилмаси, бу ердаги шарт-шароитлар ҳақида гапириш учун сабаб топилади. Менинг вазифам қийин аҳволга тушиб қолган жамоани бундан олиб чиқишга уриниб кўришдан иборат.
- Мураббийлар штабида сизга кимлар ёрдам беряпти?
- Менга шу ерга келгунимча йигитлар билан ишлаган мураббийлар кўмаклашишади. Фақат ўзим билан бу ерга Марат Мифтахутдиновни олиб келдим. У билан “Бунёдкор”да бирга ишлаганмиз. Қолаверса, Мифтахутдинов ҳам ишсиз юрганди.
Фикрлар