Конор Макрегорни жангга чорлаган ҳамюртимиз: Мурод Хонтўраев ва Шахрамни жанговар фильмга таклиф қилмоқчи

- Ҳозирги кунда сиз тўғрингиздаги энг шов-шувли хабар, Конор Макрегорни жанга чорлаганингиз бўлиб турибди. Бунга мухлисларингиз, умуман олганда омма эътибори қандай бўлмоқда. Қолаверса, ашула ҳам чиқардингиз бу борада?

- Турли хил фикрлар янграмоқда. Аслида, бу воқейлик ҳазил-хузулни орқасидан келиб чиқди. Яъни, имкони бўлганда ким билан жанг қилган бўлардингиз деб, савол беришганди. Конор Макрегор билан дея жавоб берганман. Аксарият ҳамюртларимиз ижобий фикрлар билдириб, омад тилашмоқда. Лекин барчага бирдек ёқиб бўлмайди. Салбий фикрлар билдираётганлари ҳам бор. Хафа қиладиган жиҳати ўзлари қайсидир тешикда биқиниб олиб, жуда-жуда қўпол сўкинишлар қилишган. Эй инсон шунчалик сенга ёмон таъсир қилибди. Эркакка ўхшаб келиб юзимга айт. Агар, юрагинг дов берса! Ашулани ҳам баъзилар устимдан кулгани туфайли, қаътий қарорга келиб чиқардим. Энди бу ёғи яратганнинг мархамати. Балки, бу жанг амалга ошиб қолар.

- Маълумки, кино оламида ҳам аста-секин ўз йўлингизни топиб бораяпсиз. Лекин фақат салбий образларда. Балки, ижобий қаҳрамон талқинида ҳам гавдаланарсиз?

- Тўғри, салбий қаҳрамонларни ўйнадим. Жан Клод Ван Дамм ҳам дастлаб, салбий образларни ижро этган. Ўйлайманки, мен бу йўлни босиб ўтдим. Энди, ижобий қаҳрамонларни ҳам ижро этаман. Чунки, режиссорларга ҳам айтиб ўтдим, салбий роллар ижро этмайман деб. Мана Ҳасанбой Дўстматов ҳақида фильм суръатга олиняпти. Бўйим пастроқ бўлганлиги учун ушбу боксчимизни мен гавдалантираяпман. Қолаверса, “Қашқир” кинокартинасида ҳам ижобий, бош қаҳрамон ролини ижро этмоқдаман.

- Серқирра инсонсиз. Спортчилик фаолияти, кино, хонандалик яна биз билмаганлари ҳам борми?

- “Йигит кишига қирқ хунар оз” дейишади. Инсоннинг ўзига бўлган ишончи юқори бўлса, барчасини уддалай олади. Мисол учун, Брюс Ли жуда кўп қиррали инсон бўлган. Ёшлигимдан ушбу инсонга ҳавас қилганман. Хали-хануз унинг ижросидаги кинолардан завқ оламан. Брюс Ли ўзи қўл урган барча ишларни маромига етказа олганку тўғрими? Ҳозирда, ўша “Онг бак”, “Юрий Бойка” каби филмлардаги трюкларни бажара оладиган йигитларимиз ўзимизда ҳам мавжуд. Шунинг учун, жанговар фильм олиш ҳаракатидаман. Демоқчиманки, режиссорликда ҳам ўзимни синаб кўриш ниятидаман.

Мухаммадали

- Феруз Худойбердиев айнан ZOR TV да эфирга узатилаётган “Актёр” кўрсатувида “Онг Бак” киносидан Тони Жага тақлид қилди ва уни қойилмақом тарзда амалга оширди. Чунки фаолиятида спорт ҳам асосий ўрин тутар экан. Айтингчи, сиз шу болани назарда тутмадингизми? Умуман олганда ушбу йигит кино оламида ўз ўрнини топиб кета оладими. Айнан сиз ушбу саволга жавоб бера оласиз деб ўйлайман. Сабаби, спорт ва санъатни биргаликда олиб бораётган кам сонли ижодкорсиз?

- Одатда, телевизор кам кўраман. Айниқса, ҳозир бемаза сериаллар кўпайиб кетган. Турли хил олди-қочди кўрсатувлар ҳам меъдага тегади. Шунинг учун, бу бола борасида эшитгандекманку, лекин маълумотга эга эмасман. Фақат шуни айта оламанки, ҳамма нарса инсоннинг ўзига боғлиқ.

- Ўша сиз жанг ўтказган улкан турнир “Asian Fight” ҳақида сухбатлашсак. Бу турнир борасида кимлардир ижобий яна кимдир салбий фикр билдирди. Сиз бу борада нима дея оласиз?

- Албатта ижобий. Чунки, бундай улкан турнирларни ҳар ким ҳам ўтказа олмайди. Эътирозлар ўша Жан Клод Ван Дам келмаганлигида бўлди. Лекин бу ташкилотчиларни айби эмасди. Ўртада қандайдир ўйинлар бўлиб кетганга ўхшайди. Чунки, видеоролик орқали чиқиш қилиб Ўзбекистонда кўришамиз деб Жан Клодни ўзи ҳам айтганди. Лекин ваъдасида турмади. Шахсан ўша мусобақани ташкил қилган Азиз ака Жўрабоев бу борада жуда кўп мехнат қилган эди.

- Жанговар фильм олишга бел боғлабсиз. Айтингчи, қайси яккакураш усталарини жалб этмоқчисиз?

- Мусобақаларда иштирок этиб юрган машҳур спортчиларни назарда тутмадим. Каскадёр, мураккаб трюклар бажара оладиган ака-ука қадрдонларим бор. Уларни бир жойга жамлаб, имиджини, актёрлик маҳоратини сайқаллаган холда, савияли кинокартина олиш ниятидаман. Албатта, катта ваъдалар беришдан йироқман. Лекин қўлдан келганча ҳаракат қиламан.

- Машҳур спортчиларни жалб этмайман дедингиз. Лекин таклиф қилсангиз, бу кинога бўлган қизиқишни орттириши мумкин. Мабодо, кўзга кўринган спортчини кинога жалб қилиш нияти ёхуд имкони бўлганда кимни таклиф қилган бўлардингиз?

- Тўғриси, бу борада хали ўйлаб ҳам кўрмабман. Лекин шундай имкон бўлса, яқин дўстим Мурод Хонтўраев ва Шахрам Ғиёсовни таклиф этган бўлардим.

Аҳмадбек ЭШМАТОВ тайёрлади.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!