Конте "Женоа"га қарши ўйинда (2:2) очко йўқотилганидан норози бўлди

CHERY AUTO

"Наполи" А Сериянинг 36-турида дуранг қайд этди. Жамоа турнир жадвалида етакчилик қилмоқда ва 2 тур қолганда "Интер"дан 1 очкога устун. Ушбу беллашувдан сўнг неаполликлар бош мураббийи Антонио Конте бўлиб ўтган учрашуви ҳақида гапирди.

— "Женоа" икки марта дарвоза томон аниқ зарба берди ва шу иккиси ҳам голга айланди. Футболда бундай ҳоллар учраб туради. Агар гол ўтказган бўлсангиз, демак, ниманидир яхши қилмагансиз. Бу хафсалани пир қилади. Чунки биз яратган имкониятлар фонида ғалабага лойиқ эдик. Шу боис, бизда афсус ва аччиқ қолди.

Мавсум бошида очко йўқотсак ҳам ранжирдим, энди эса охирига 3 тур қолганда бу борада жиддий хафаман. Бироқ, бу футбол – бундай ҳоллар бўлиб туради. Йигитларимдан кўпроқ нарса талаб қила олмайман. Улар рақиб дарвозасига 22 марта зарба беришди, шундан 11 таси — тўғри. Биз тўп назоратида устунлик қилдик, аммо охирида натижа — дуранг. Бундай вазиятлар устида ишлашимиз шарт.

Биз бу икки очкони йўқотишга лойиқ эмасдик. Лекин айни пайтда бу ўйиндаги устунликни бой бердик. Илгарироқ чемпионлик учун 3 ўйинда 7 очко жамғаришимиз керак эди. Энди эса 2 ўйинда 6 очко тўплашимиз талаб этилади. Агар бунга эришсак — бу барибир ажойиб натижа бўлади.

Охирги икки тур — бизнинг ҳақиқий мақсадимизни акс эттиради. Бу мавсум бошида тасаввурга ҳам сиғмайдиган мақсад эди. Бунга эришиш — фантастик бўлади. Бизнинг мухлислар, Неаполь аҳли бу иштиёққа сазовор. Биз ҳали ҳам ўз имкониятларимизнинг чегарасидан ўтяпмиз. Шунинг учун бу болаларга фақат миннатдорчилик билдириш мумкин. Бугунги аччиқ туйғулар — натижа адолатсиз бўлгани учундир. Лекин мен ҳар доим айтаман: майда деталлар ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Биз айнан шу жиҳатларда яхшироқ ўйнай олардик, — деди "Наполи" бош мураббийи DAZN'га берган интервьюсида.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!