Кўп гол ўтказаётган “Манчестер Юнайтед” қимматбаҳо ҳимоячи оладиган бўлди

“Манчестер Юнайтед” раҳбарияти жамоанинг ҳимоя чизиғини мустаҳкамлашга қарор қилди.

TodoFichaes нашрининг ёзишича, манчестерликлар “Бавария” вакили Маттейс де Лигтни трансфер қилмоқчи. Нидерландиялик футболчи бош мураббий Томас Тухелнинг ўйин услубига тўғри келмаяпти ва шу боис унга етарли даражада ўйин амалиёти берилмаяпти.

Мюнхенликлар устози ҳимоя марказида Дайот Упамекано ва Ким Мин Жэдан иборат тандемни ўйнатмоқда.

Буни инобатга олган Маттейс де Лигт имкон қадар тезроқ жамоасини ўзгартирмоқчи. “Бавария”га ўтгунга қадар нидерландиялик ҳимоячи “Ювентус”нинг асосий ўйинчиларидан ҳисобланган.

“Манчестер Юнайтед” бу ҳимоячини оладиган бўлса, 80 миллион евро атрофида харажат қилишига тўғри келади. Айтиш жоизки, Маттейс де Лигт “Аякс”да айнан Эрик тен Хаг қўл остида ўйнаган. Манчестерликларнинг ҳозирги мураббийи бу ҳимоячининг имкониятларини жуда яхши билади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!