Кўпчилик шубҳа қилган Ҳусанов қандай қилиб “Манчестер Сити”нинг энг муҳим ўйинчисига айланмоқда?

Хориж оммавий ахборот воситалари Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳимоячисининг дунёдаги энг кучли лигадаги ривожланиши ҳақида ёзяпти ва бу мухлисларда катта қизиқиш уйғотаётган жараён экани билан аҳамиятлидир.

Абдуқодир Ҳусанов мисоли Ўзбекистонда ҳам, бутун дунёда ҳам кўплаб ёш спортчиларни илҳомлантирди.  Ўзбек футболчиси 21 ёшда, аммо аллақачон Европанинг энг кучли клубларидан бирида, дунёдаги энг кўп соврин ютишга эришган мураббийлардан бири қўл остида, энг мураккаб лигада ўйнамоқда.

Бундан ташқари, бу унинг Европанинг топ-лигасидаги иккинчи тажрибасидир. Абдуқодир “Манчестер Сити”га ўтишдан олдин  Франция чемпионатида “Ланс” сафида ўйнаган ва истиқболли, шу билан бирга ишончли ҳимоячи сифатида обрў қозонган.

Ҳусановнинг Европа катта футболидаги йўли 2023 йилда,  Беларуснинг “Энергетик-БГУ” клубидан “Ланс”га ўтганидан кейин бошланган. Трансфер суммаси 450 минг еврони ташкил этган ва бу маблағ французлар учун тўлиқ бир неча баравар ўзини оқлаган. 2023 йил ёзидан 2025 йил январгача бўлган даврда Абдуқодир лансликларнинг асосий жамоаси учун 31 та ўйинда майдонга тушган.

Бу жуда яхши кўрсаткич, чунки у Франция клубига Европа футболида юқори даражада тажрибга эга бўлмаган ҳолда келган эди. “Ланс” ёш ҳимоячи учун идеал жой бўлди. У ерда футболчилик маҳоратини мустаҳкамлади, ўсди ва ўзига ишончи ортди. Вазият шу даражага етдики, қисқа фурсатда Ҳусанов асосий таркибдан тажрибали ўйинчиларни ҳам сиқиб чиқарди.

Францияда Ҳусанов дуэлларга киришишдан ва прессинг қилишдан қўрқмайдиган сифатли ҳимоячига айланди.  “Ланс”да у “Танк” лақабини олди, бу эса унинг услубини яққол ифода этади. Абдуқодир тез орада мураббий Уилл Стилл тизимида муҳим ўйинчига айланди. Ўтган мавсумнинг биринчи ярмида у Лига 1даги 13 та ўйиндан 11 тасида асосий таркибда майдонга тушиб, деярли барчасида 90 дақиқа ўйнаган.

Кейин, қишки трансфер ойнаси ёпилиши арафасида ёш ҳимоячи кутилмаганда “Манчестер Сити”га ўтди. “Ланс” уни ушлаб қолиш учун кам имкониятга эга эди, аммо клуб уни сотишдан яхши даромад қилди — мавсум ўртасида ёш ўйинчи эвзига 40 миллион евро олиш жуда яхши келишув ҳисобланади.

Ўтган мавсум “Манчестер Сити” учун жуда оғир бўлди, кўплаб жароҳатлар сабаб ҳолат деярли фалокатли тус олди. Шу сабаб Пеп Гвардиола Ҳусановни деярли дарҳол асосий таркибда бир неча муҳим ўйинга ташлади.  Абдуқодирнинг “Манчестер Сити”даги дастлабки ярим йили икки хил таассурот уйғотди.  Бир томондан, у АПЛда дебют қилди, айрим учрашувларда зўр ўйнади, айниқса, Чемпионлар лигасида “Реал”га қарши ўйини алоҳида эътироф этилди, Англия Кубогида  гол уришни ҳам уддалади. Бошқа томондан, унда ҳали юқори даражадаги тажриба етишмас эди, у кўп хатолар қилар ва аввалгидек ишончли кўринмасди.

Бу паллада Абдуқодир кўп танқид қилинди, шу сабаб унинг “Этихад”даги келажаги ҳақида саволлар туғилди. Аммо, бир неча омилларнинг унинг фойдасига ишлади. Биринчидан, “Сити” ўша пайтда  ҳам ҳали ҳимоячиларга муҳтож эди. Иккинчидан, Ҳусанов энг муҳим нарсани — Гвардиоланинг ишончини олди. Бу жуда муҳим ҳолат, чунки Пеп ҳар доим ҳам ўйинчиларга юмшоқ муносабатда бўлмайди.

Гвардиола Абдуқодирнинг салоҳиятини кўрди ва уни рўёбга чиқаришга бел боғлади. Мураббий ишончи ва ўйинчининг ўзини ривожлантириш истаги ўз самарасини берди. Жорий мавсумда Ҳусанов анча яхши ўйнаяпти. Бироқ мавсум бошланганидан кўп ўтмай 21 ёшли марказий ҳимоячи жароҳат олди ва узоқ вақт майдондан четда қолди.

Аммо янги йилдан буёғига азият тақозоси билан яна ўзини кўрсатиш имконига эга бўлди ва йил бошидан бери Абдуқодир жамоанинг асосий ҳимоячисига айланди.

Жон Стоунз, Рубен Диаш, Йошко Гвардиол каби асосий марказий ҳимоячиларнинг барчаси жароҳат сабаб жамоага ёрдам бера олмади. Бу ҳолат Ҳусановга жамоа етакчисига айланиш ва ҳимоя чизиғини бошқариш мажбуриятини юклади ва ўзбек футболчиси бу ролни муваффақиятли бажарди. Абдуқодир кўп ҳолларда ёш ва тажрибасиз шерикларини суғурталаб, деярли икки кишининг ишини қилишига тўғри келди.

Ана шу тарзда мавсумнинг энг тиғиз ва муҳим қисмида у ишончли ҳимоячи сифатида намоён бўлди. Ҳусанов кетма-кет ўнта ўйинда асосий таркибда майдонга тушди — бу кўрсаткич бўйича фақат Нико Гонсалес ундан юқори. Жароҳатдан кейин у барча мусобақаларда иштирок этиб, АПЛ, Чемпионлар лигаси, Англия кубоги ва Лига кубогида ўйнади.

Январда “Манчестер Сити” Премьер-лигада катта тажрибага эга Марк Гехини сотиб олди, аммо Ҳусанов унинг соясида қолмади. Аксинча, улар биргаликда яхши марказий ҳимоячилар жуфтлигини ташкил этди. Жорий мавсумда Абдуқодир 17 та тўпни тортиб олиш ва 18 та эгаллаб олиш амалларини бажарди ва бу кўрсаткичлар бўйича у жамоада иккинчи натижани қайд этди.

Бундан ташқари, у АПЛ ва Европа Чемпионлар лигасида энг тезкор футболчилар рейтингининг юқори поғоналарида қайд этилди. Ҳусанов аста-секин “Ланс”да бўлгани каби ишончли, жамоасига ёрдам берувчи ва рақибларга муаммо туғдирувчи ҳимоячига айланмоқда.

Абдуқодирнинг кучли жиҳатларидан бири — унинг тезлиги. Бу “шаҳарликлар” учун жуда муҳим, чунки улар юқори ҳимоя чизиғини қўллаб ўйнайди. Тезлиги ва ўйинни тўғри ўқиши туфайли Ҳусанов рақибларни офсайдга туширишга ёки қарши ҳужумларда тез ортга қайтиб келишга улгуради. Шунингдек, у ўрта ва узоқ масофага аниқ паслар бериб, ҳужумларни қўллаб-қувватлай олади.

Гехи ҳам шу жиҳатлари билан ажралиб туради, шунинг учун улар биргаликда дарвоза олдида ишончли тўсиқ ва ҳужумчилар учун яхши пас берадиган ҳимоячилар сифатида қадрланади. Эрта-кеч Диаш ва Гвардиол сафга қайтса ҳам, ҳозирги даражасини сақлай олса, Ҳусанов барибир ўйин амалиётига эга бўлади.

Тўртта сифатли ҳимоячи — кўп мусобақа ва ўйинлар ҳисобга олинганда, топ-клуб учун энг мақбул вариантдир. Бундан ташқари, айрим ўйинчилар майдондан ташқарида ҳам клубга фойда келтиради. Manchester Evening News нашри маълумотига кўра, Ҳусанов “Сити”га ўтганидан кейин Ўзбекистондаги мухлислар сони 500 фоизга ошган.

Тошкентда клубнинг расмий фан-клуби пайдо бўлди, Ўзбекистондан VIP меҳмонлар бронлари эса тўққиз баробарга кўпайди. Абдуқодирнинг ўтиши клуб учун Умар Мармуш трансферидан ҳам машҳурроқ хабар бўлди, шартнома имзоланганидан кейинги икки ҳафтада “Сити”нинг YouTube канали Ўзбекистондан энг кўп кўрилди.

Ўтган мавсумда “Сити”нинг расмий канали Ўзбекистондан 26 миллион марта кўрилган,  бу мамлакатлар бўйича тўртинчи натижа бўлди, ҳолбуки ўша пайтда Ҳусанов ҳали асосий таркибнинг муқим ўйинчиси эмас ва мавсуми кутилган даражада юқори ўтмаган эди.

Бу Абдуқодир нафақат клуби, балки ўз мамлакати учун ҳам янги имкониятлар очаётганини кўрсатади, спортдаги ютуқлар эса бу ҳамкорликни янада мустаҳкамлайди.

Шомуродов ўзига ёқадиган жамоа топди

Ҳусанов “Манчестер Сити” трансфер сиёсатига жиддий таъсир ўтказяпти

Ҳусановнинг баёнотидан кейин унинг “Сити”даги келажаги қандай бўлади?

Европада Шомуродовга эътибор қаратишди

Супергол урган Шомуродов: Овора бўлма, барибир етолмайсан!

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!