Кўплар билмайдиган, Про-лигага йўлланма берувчи Биринчи лига ҳақида
Ўзбекистонда айни пайт клублар футболи доирасида ҳамманинг эътибори Суперлига ва Про-лига баҳсларига қаратилган. Аммо кўпчилик Биринчи лига мусобақаси борлигини ҳатто билмаса ҳам керак. Бу турнир нуфузи бўйича Ўзбекистон миқёсида учинчи ўринда туради. Про-лига йўлланмасига айнан мана шу мусобақа орқали эга чиқиш мумкин.
Демак, ҳозирда Биринчи лигада 14 та жамоа иштирок этмоқда. Дастлаб, жамоалар сони 16 та эди. Аммо "Лочин" ва "Нефтгазмонтаж" клублари молиявий муаммолар сабаб турнирни эрта тарк этди. Шу тариқа, мавсум 28 та турдан иборат бўлади. Биринчи лига ғолиби ва 2-ўрин соҳиби Про-лига йўлланмасини қўлга киритади.
Ўтган мавсумда "Зомин" чемпионликни расмийлаштириб, Про-лигага чиқишни эплаган бўлса, иккинчи ўрин "Ғиждувон"га насиб этганди. Зоминликлар ўткаилган 20 ўйинда 16 ғалаба, 1 дуранг ва 3 мағлубият қайд этган. 49 очко тўплаган клубнинг тўплар нисбати 55:27 ни ташкил этган. "Ғиждувон"да 20 беллашувда 13 ғалаба, 3 дуранг ва 4 мағлубият мавжуд бўлган. Тўплар нисбати - 56:24.
"Жиззах-Барс" ва "Рубин" клублари турнирни сўнгги ўринларни эгаллагани боис тарк этган.
Ҳозирда Биринчи лиганинг 19-тури ортда қолди. Жадвалда пешқадамликни Наманганнинг "Навбаҳор-Фарм" клуби ўз қўлига олган. Клуб жами ўтказилган 17 баҳсда 11 ғалабага эришган, 3 тадан ўйин дуранг ва мағлубият билан якун топган. Очколар сони 36 тани ташкил этади, тўплар нисбати эса 38:18.
Иккинчи ва бешинчи ўриндаги жамоалар орасида фарқ атиги икки очкони ташил этади. "Андижон 2" "Пахтакор-79", "Шахрихончи" ва "Арал" жамоалари Про-лига учун жиддий кураш олиб бормоқда.
Сўнгги ўринларда "Локомотив-БФК", "Насаф-Фарм" ва "Чиғатой" клублари банд этган. Улар мос равишда 11 ("Локомотив-БФК") ва 14 очко ("Насаф-Фарм" ва "Чиғатой") тўплашга муваффақ бўлган.
Тўпурарлар рўйхатида етакчилик "Локомотив-БФК" клуби аъзоси Абдужаббор Зуҳриддиновга тегишли бўлиб турибди. У 15 та гол уришга муваффақ бўлган.
Кейинги ўринда 13 гол билан "Андижон 2" вакили Шахбоз Жумабоев келаётган бўлса, 3 ва 4-ўринни "Арал" футболчилари Руслан Қалмағанбетов ва Дамир Низанов бвнд этган. Улар мос равишда 12 ва 11 тадан гол урган.
Навбатдаги ўринлардан 10 тадан гол урган Комил Тожиддинов ("Навбаҳор-Фарм") ва Яшнарбек Раҳмонов ("Локомотив-БФК") жой олган.
Мавсум якунланишига 8 та тур қолди. Про-лига учун эса кураш авжида. Наманган, Тошкент, Андижон ва Қорақалпоғистон клублари юқори лигага чиқиш учун қизғин кураш олиб боради. Воқеалар ривожини кузатамиз. Кўрамиз, якунда ким ўз мақсадига эришаркин?!
Шоҳрух Зоиров тайёрлади.
Фикрлар