Кўриниш бермаётган "Машъал" устозининг соғлиги қандай?
Янги мавсумни омадсиз бошлаган клуб сифатида тилга олинаётган "Машъал" учта турда учта мағлубиятга учради. Тўплар нисбати 0\7. Кўриниб турибдики, муборакликларда вазият барқарор эмас.
Ёдингизда бўлса, чемпионат аввалида бош мураббийлик постига россиялик Игорь Суров таклиф қилинганди. У бунгача Қирғизистон чемпионатида "Барс" клубини бошқарган. Ундан аввал эса уч йил давомида Тожикистоннинг "Эсхата" жамоасига бош мураббийлик қилган. Бу йилдан эса у "Машъал" бошқарувини ўз қўлига олган. Лекин унинг дебютдаги ўйинлари муваффақиятсиз бошланди. Аввалига Фарғонада "Нефтчи"га 3:0 хисобида ютқазишган бўлса, иккинчи турда "Локомотив"га 0:2 натижаси билан енгилдилар. Учинчи тур доирасида Навоийда "Қизиқлум" билан учрашувга эса муборакликлар бош мураббийсиз бордилар.
Ўйиндан олдин клуб матбуот хизмати бош мураббий Игорь Суров бетоблиги сабабли ўйинни ўтказиб юборишини маълум қилди. Шундан кейин россиялик мутахассиснинг клубдан кетгани ҳақида ҳам гап-сўзлар пайдо бўлди. Лекин "Машъал" матбуот хизмати Суров ҳақида янги хабар эълон қилди.
“Машъал” жамоаси бош мураббийи Игор Суровнинг соғлиги аста-секин тикланмоқда. Айни вақтда мутахассис жамоа шифокорлари назорати остида бўлиб турибди.
Маълум қилинишича, мураббий тўлиқ тиббий кўрикдан ўтди ва шифокорлар унинг ҳолатини доимий равишда назорат қилиб боришмоқда. Жамоа шифокорининг таъкидлашича, Игорь Суровнинг ҳолати кун сайин яхшиланмоқда ва у яқин кунларда жамоа билан тўлиқ машғулотларга қайтиши мумкин. Шунингдек, мутахассиснинг келгуси учрашувларга тайёр бўлиши кутилмоқда", - дейилади расмий хабарда.
Демак, Суров клубдан кетмаган ва ростдан ҳам муолажа жараёнларини давом эттирмоқда. Учинчи турда ёрдамчи мураббий Отабек Нарзуллаев жамоани бошқариб турди. Ўйиндан кейинги матбуот анжуманида эса у Игорь Суров тактикаси бўйича ўйин ташкил қилинганини айтди.
"Машъал" 19 март куни сафада "Андижон"га қарши майдонга тушади. Унда Игорь Суровнинг ўзи жамоани олиб тушадими ёки Отабек Нарзуллаев бу ишни бажарадими, бунга ойдинлик киритилмаган. Аммо Нарзуллаев "Машъал"ни бўлажак учрашувга тайёрлаётгани турган гап. Клуб эса Суровни келгуси учрашувларга тайёр бўлиши ҳақида ёзиб ўтди. Демак, воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз.
Фикрлар