Коронавирус, БАА сафари, "Локо"га қайтиши, "Пахтакор" таклифи...100 лик маррага яқин келган Темурхўжа Абдухолиқов билан суҳбат
Жорий йилда яна “Локомотив”га қайтиб келган ҳужумчи Темурхўжа Абдухолиқов 3-турда “Бухоро” дарвозасини ишғол қилганди. Натижада унинг чемпионатимиздаги, Кубок баҳсларидаги ва терма жамоадаги умумий голлари сони 99 та етгани ҳолда “Геннадий Красницкий клуби” аъзосига айланиши арафасида турибди. Умуман олганда, у билан гаплашадиган яна бошқа масалалар ҳам бор эди. Мисол учун Темурхўжа ўтган мавсумнинг иккинчи ярмида БААнинг “Хорфаккан” клубига кетди ва бу йил қишда қайтиб келди. У ерга нима учун кетгани-ю, нега қайтганини ҳалигача айтмаганди. Куни кеча ўзи билан боғланиб, ушбу масалага ҳам ойдинлик киритдик. Шунингдек, унга “Пахтакор” томонидан ҳам таклиф бўлганлигини ўзаро суҳбат давомида маълум қилди.
“Аслида голларим 120 тадан ошган”
- Темурхўжа, сизнинг Ўзбекистон чемпионатида киритган голларингиз бир кам 100 тага етиб қолди. Бундай статистикадан хабарингиз бормиди?
- Йўқ, мен статистикага қизиқмасдим. Менга бу ҳақида клубимиз матбуот котиби айтди. Адашмасам, “Бухоро”га қарши ўйиндан олдин бу борада хабар топдим. Киритган голларимни эса санаб юрмасдим. Фақат голларим 99 тага етгани ҳақида айтишганидан кейин эътибор қаратдим.
- Чемпионатимизда 100 та гол урган футболчиларни “Геннадий Красницкий клуби”га аъзо сифатида қабул қилишади. Бу сиз учун нимани англатади?
- Бу ҳам ўзига яраша бир ютуқ. Аслини олганда, менинг умумий киритган голларим 100 тадан ортган. Суперкубокда ва бошқа чемпионатларда киритган голларим ҳисобга олинмаган. Ҳозирда эса Ўзбекистон чемпионати, Кубоги ва миллий терма жамоада киритган голлар ҳисобга олинар экан. Лекин Ўзбекистон чемпионатида 100 та гол уриш ҳаммага ҳам насиб қилавермайди. Шундай экан, бунга яқинлашиб қолганимдан хурсандман.
- Дарҳақиқат, фаолиятингиз давомида Хорватия, Қатар, БАА каби чемпионатларда тўп сургансиз. Ҳамма голларингиз тахминан қанчани ташкил қилиши мумкин?
- Аниқ билмадим, легионер сифатидаги ҳамда Суперкубокда урган голларимни ҳисобласак, менимча 120 тадан ошган. Аммо улар ҳисобга олинмас экан. Ваҳоланки, хорижда ҳам легионер сифатида ўйнаб гол уришнинг ўзи бўлмайди. Аксинча, ўзимиздан кўра хорижда тўп киритиш қийинроқ.
- Коронавирус туфайли чемпионатимиз ҳам тўхтатилди. Бундай пайтда нималар билан бандсиз?
- Уйда, оилам даврасидаман. Ўзим якка тартибда машғулот қилиб турибман. Бу биргина бизнинг мамлакатимизнинг эмас, бутун дунёнинг бошига тушди. Бу ҳам бир синов ва Худо хоҳласа, бундан ҳам ўтиб кетамиз. Мана шундай пайтда инсон ўйлаб, мушоҳада ва мулоҳаза қиладиган ҳолат. Балки бунинг ҳам ўзига яраша ҳикмати бўлса керак. Ҳозирги вақтда тозаликка риоя қилиш ўта муҳим. Бу борада телевидение ва ОАВ орқали бекорга маслаҳатлар ва йўл-йўриқлар беришмаяпти. Албатта, уларнинг кўрсатмаларига амал қилишимиз шарт. Олдин ҳам тозаликка риоя қилардик, аммо энди янада эътиборлироқ бўляпмиз.
- Бирданига футболсиз қолиш ва бунга кўникиш ҳам қийин бўлса керак...
- Менимча, буни ҳеч ким кутмаганди. Футбол бутун дунёда деярли тўхтади. Менимча, чемпионатлар Австралия, Белорусь ва Африкада давом этяпти шекилли. Майли, чемпионатлар, футбол ўз йўлига, аммо соғлиқ доим биринчи ўринда. Агар соғлиқ бўлмаса ҳеч нима қила олмайсиз. Худо хоҳласа, бундай қийинчиликни ҳаммамиз биргаликда енгиб ўтамиз.
- Ҳозирги пайтда кўча-кўйга ҳам чиқиб турибсизми ёки фақат уйда ўтирибсизми?
- Кўчага деярли чиқмаяпман. Қандайдир мажбурлик туфайли кўчага чиқиб қолмасам агар, 99 фоиз уйдаман.
- Мураббийлар ва жамоадошларингиз билан мулоқот қилиб турибсизми ёки...
- Йўғ-е, ҳамма билан алоқада бўлиб турибмиз. Мураббийларимиз ҳаммамизга жисмоний ва индивидуал машқларни бажариш юзасидан кўрсатмалар беришган. Шуларни бажариб турибмиз.
“Чемпионатимиз ўсишга эришяпти деб айтишга ҳали эрта”
- Энди “Локомотив”нинг чемпионатдаги старти ҳақида сўрамоқчиман. Дастлабки учта ўйиннинг иккитасида ғалаба ва биттасидан мағлуб бўлдинглар. Бундай иштирок ҳақида нима деган бўлардингиз?
- Ғалаба қозонган ўйинларимизни осонликча ютаётганимиз йўқ. “Андижон” билан ҳам, “Бухоро” билан ҳам бўлиб ўтган учрашувларнинг айниқса иккинчи бўлимларида қийналдик. Намангандаги учрашувда эса ўзимизнинг ўйинимизни кўрсатишга ҳаракат қилгандик, аммо ўхшамади.
- Балки “Навбаҳор” билан ўйинда мухлисларнинг босими сизларга таъсир қилгандир?
- Йўқ, босим бизга таъсир қилмади. Тўғри, бундай пайтда ёш ўйинчиларимизга бундай муҳитда ўйнашнинг босими сезилиб қолиши мумкин. Лекин шахсан менда сезилмади. Очиғи, “Навбаҳор” билан ўйинни изоҳсиз қолдираман. Наманганликлар иккинчи даврада Тошкентга ҳам келишади.
- Темурхўжа, кўпчилик Суперлига ҳақида гапирганида унинг мавқеи борасида баҳсли мунозаралар бўлиб турибди. Янги бошланган мавсум нимаси билан фарқ қилади деб ўйлайсиз?
- Ҳозирча чемпионатни ўсишга эришди деб айтишга ҳали эрта. Чунки энди учта тур ўтди холос. Эртага эса яна вазият ўзгариб, темп тушиб кетиши ҳам мумкин. Ўзи мавсум бошларида деярли барча жамоалар бир хил ҳолатда бўлади. Клублар расмий баҳсларда иштирок этмагани сабабли ўйинларга чанқоқ бўлиб туришади. Ҳаммасини вақт кўрсатади.
- Лекин бу йил ҳам яна “Пахтакор”нинг якка пешқадам бўлишини эътироф этишмоқда. Наҳотки, жорий мавсумда ҳам “Пахтакор” рақобатдан ҳоли бўлиб қолса?!
- “Пахтакор” мағлуб бўлмайдиган жамоа эмас. Футболнинг ичидагилар “Пахтакор”нинг қандайлигини, ниманинг ҳисобига кучлилигини билишади. Вазиятга реал баҳо берсак, уларни ҳам ютса бўлади. Балки бу йил ҳам улар яна чемпион бўлишар. Аммо рақобатдан ҳоли даражадаги ўта кучли рақиб деб ҳисобламайман.
- Демак, “Пахтакор”ни ҳам бемалол мағлуб этиш мумкин, шундайми?
- Нафақат ютиш мумкин, балки бошқа жамоалар ҳам бемалол “Пахтакор” билан чемпионлик учун рақобатлашиши мумкин. Ахир битта ўйинни ютиш билан чемпионатни ҳам ютиб ололмайсиз-ку.
“Ўз имкониятимни кутиб ўтирадиган ёшда эмасман”
- Агар сизга “Пахтакор”дан таклиф бўлганида қандай йўл тутган бўлардингиз?
- Яширмайман, “Пахтакор”дан таклиф бўлган, ўтган йили ҳам, бу йил ҳам. Аммо мен доим ўйин амалиётимни юқори қўяман.
- Аммо “Пахтакор”га ўтганингизда барибир сизга ҳам имконият бериларди, деб ўйлайман...
- Мен ўз имкониятини кутиб ўтирадиган ёшда эмасман-да. Эртага футболни четдан туриб томоша қилишни хоҳламайман, айниқса захирадан туриб кузатишни ёқтирмайман. Футболни тугатганимдан кейин бемалол трибунадан ўйинларни томоша қилавераман. Сизга савол: кўчага чиқиб футбол ўйнаганмисиз?
- Ҳа, албатта.
- Сизга ҳам биров футбол ўйнаб турган пайтингизда ўтириб тур, деса ўтирармидингиз? Мени доим футбол ўйнагим келади, гол уришни истайман. Ҳалигача футболни шундай ҳис-туйғу билан ўйнайман. Кўпчилик пул учун дейишади. Инкор этмайман, пул муҳим, чунки ҳамманинг бола-чақаси бор, оиласини боқиши керак. Бироқ мен учун пул биринчи даражали эмас. Энг асосийси, футболни яхши кўрганимдан футбол ўйнайман. Мен болалигимдан кўчада қандай футбол ўйнаб, ундан роҳатланган бўлсам, ҳозир ҳам футболни худди шундай ўйнайман. Шундоқ ҳам ўйинчиларнинг ўйнаш вақти чегараланган. Эртага 35 ёки 36 га кирганида фаолиятини тугатишади. Унгача эса мен албатта ўйнашим керак. Ўйнамасам ҳам майли захирада ўтириб вақтимни кутаман дейдиганлардан эмасман. Агар сиз захирада ўтирсангиз, қандай қилиб ўзингизни кўрсатасиз? Менга имконият беришларини кутиб ўтирадиган ёш ўйинчи эмасман-ку. Ҳар қандай клуб менга таклиф билан чиқса, биринчи навбатда шуни, яъни доим ўйнашим шартлигини уларга айтаман.
- Ҳозирда кўпчилик “Пахтакор”нинг ҳужумчиларини чемпионатимиздаги энг яхшилари деб ҳисоблашмоқда. Бунга сиз қандай қарайсиз?
- Яхши, ёмон эмас. Аммо бошқа клубларда ҳам яхши ҳужумчилар бор. “Пахтакор”даги ҳужумчилар ҳам яхши, аммо ҳозирданоқ энг зўри деб айта олмайман. Мавсум охирига борганда энг яхшилари аниқланади. Албатта, ҳамманинг фикри ҳар хил бўлади, кимгадир Роналду, кимгадир Месси ёқади. Шундай экан, биздаги мухлислар орасида ҳам кимгадир Черан ёки Сергеев ёқади. Уларнинг атрофида эса яхши ижрочилар ҳам бор.
- Ўзингиз учун чемпионатимиздаги энг яхши ҳужумчи деб кимни айтган бўлардингиз?
- Чераннинг ўйини чакки эмас. Аммо у асосан ҳужумчилар ортида ўйнайди. Шу боис, у соф ҳужумчи эмас. Ҳолбуки, унинг майдондаги вазифаси бошқачароқ.
- Шунингдек, “Пахтакор” швейцариялик таниқли ҳужумчи Эрен Дердийокни олиб келди. Аммо у ҳозирча асосан захирадан ўйинга қўшиляпти. Бу ҳужумчи ҳақида фикрингиз қандай?
- У ҳали кўп ўйнагани йўқ. Аммо Дердийокнинг “Металлург” дарвозасига киритган голини кўрдим, менга жуда ёқди. Ҳужумчилар доим ҳам бундай гол уравермайдилар. Қолаверса, анча-мунча дарвозабонлар ҳам бундай зарбани қайтара олишмаса керак. Аксарият ҳужумчилар ҳам шундай гол уришни хоҳлайдилар. У ўша вазиятда дарвоза томон билиб зарба бердими ёки билмайми, бунинг нима фарқи бор? Муҳими, у чиройли гол урди. Аммо ҳали у ўйинларда тўлиқ иштирок этмаяпти. Қолаверса, ўзимиз ҳам ўйинларни доим ҳам кўра олмаяпмиз. Дердийок Европанинг кучли чемпионатларида тўп сурган ва тажрибаси катта.
“Шартномам бўлган тақдирда ҳам БААдан қайтиб келардим”
- Шунингдек, орада БАА чемпионатига бориб, “Хорфаккан” жамоасида маълум вақт ўйнаб келдингиз. Аммо ушбу клубга кетишингиз ҳам, у ердан қайтиб келишингиз ҳам кутилмаганда юз берди. Яхшиси, аслида воқеалар ривожи қандай бўлганлигини ўзингиз айтиб берсангиз.
- Ҳаммаси ўтган йилнинг сентябрь ойи охирларида юз берди. Трансфер ойнаси ёпилаётган маҳалда менга БААдан таклиф бўлиб қолди. Ўзим учун ҳам “Хорфаккан” томонидан бўлган таклиф янгилик бўлди. Ўша пайтда нимага кетганимни оила-аъзоларим, ўзимга яқин бўлган инсонлар билишади. Лекин бунинг сабабини айтмайман. Тўғриси, уларнинг таклифи молиявий томондан ҳам яхшироқ эди. У ерга кетишимга оилавий сабаб ҳам бор эди. Ўшанда чемпионат тугашига адашмасам 7 та тур қолганди. “Локомотив” эса чемпион ҳам бўла олмасди ва 3-ўринга ҳам тушиб кетиш эҳтимоли кам эди. Деярли 2-ўринни олиб бўлганди. Яъни, ҳаммаси ҳал бўлиб қолганди.
- Аммо БААдаги фаолиятингиз кўнгилдагидек чиқмади. Адашмасам, “Хорфаккан” сафида гол ҳам ура олмадингиз...
- У ердаги фаолиятим яхши чиқмади. Мен учун қийин кечди. Негадир у ерда ўйинимни кўрсата олмадим. Гол ҳам ура олмадим. Мослашиш ҳам қандайдир оғир бўлди. Шунинг учун қайтиб келдим.
- Боз устига шартномангиз ҳам тугаганди-а?
- Шартномам бўлган тақдирда ҳам қайтган бўлардим. Чунки у ердаги ишларим ўхшамаётганди.
- БААга кетганингиздан афсусландингизми?
- Ҳеч нима ўхшамаган пайтда бундай ҳаёлга берилиш табиий. Аммо янги клубга кетаётган пайтингизда яхши қиляпман деб ўйлайсиз. Боя айтдим-ку, ўша пайтда “Локомотив” билан деярли ҳаммаси ҳал бўлиб қолганди. Чемпионатда кимнинг қайси ўринни эгаллаши ойдинлашиб қолганди.
- Кўпчилик эса ўшанда сизнинг кетганингизни Самвел Бабаян билан боғлашди...
- Бабаян қўл остида ҳам ўйнадим-ку. Адашмасам, унинг бошчилигида 10 тадан ортиқ учрашувда майдонга тушдим. Менинг кетганим Бабаян билан боғлиқ эмас. Нимага кетганимни юқорида айтганимдек, яқинларим ва жамоадошларим билишади.
- Шунингдек, мавсум аввалида “Локомотив”га кимни бош мураббий этиб тайинлаш борасида номзодлар бор эди. Эшитишимча, жамоадаги футболчилар раҳбариятга ё Андрей Фёдоровни ёки Мирко Йеличични қайтариш борасида таклиф билдиришган экан. Шу ростми?
- Айнан ўша пайтда мен БААда эдим. Лекин бу бўлган гап. Барибир раҳбарият ҳам бундай пайтда ўйинчилар билан маслаҳатлашишади. Мен ҳам бу ҳақида эшитганман. Менга эса бу ерда ўйнаш ёқади. Ўзимни “Локомотив”да ўз уйимдагидек ҳис қиламан.
Фикрлар