Кубалик Олимпиада чемпиони билан суҳбат
Бокс бўйича Ўзбекистон ва Куба терма жамоаларининг қўшма йиғини қизғин давом этмоқда. Машғулотлардан сўнг Куба терма жамоасининг таниқли юлдузларидан бири, "Токио-2020" Олимпиадаси чемпиони, 2 карра жаҳон чемпиони Энди Крус билан кичик суҳбат уюштирилди.
– Жаҳон чемпионатида қайси вазн тоифасида жанг қиласиз?
– Бу дунё биринчилигига -63.5 кг вазн тоифасида тайёрланаяпман.
– Кўпчилик сизни Олимпиададан кейин вазн тоифасини бироз кўтариб, -67 кгда тушса керак деб ўйлаган эди. Вазн ташлашга қийналмайсизми?
– Бу мен учун жуда қулай вазн тоифаси. Негаки, табиатан шунга яқин вазнда юраман. Шу боис ҳозир ҳам у қадар кўп вазн ташламайман.
– Бу вазндаги асосий рақобатчиларингиз ҳақида қандай маълумотга эгасиз?
– Очиғи, у қадар эмас. Вазн тоифалари ўзгаргани учун кимлардир кўпроқ вазн ташлаб, яна кимлардир вазнини кўтариб бу тоифада иштирок этади. Албатта, жаҳон чемпионати бўлар экан, унга кучсиз боксчи келмайди. Фақат авваллари мен билан бир вазнда тушиб юрган йигитлар ҳақида яхшироқ биламан.
– Шундай бўлса ҳам, кимларнинг номини айтиб ўтган бўлардингиз?
– Боксда кутилмаган натижалар, янги номлар жуда кўп учраб туради. Шу боис, келинг, кимнидир айтиб ўтмайман. Таъкидлаганимдек, барчага бирдек кучли рақибим деб қарайман.
Меҳмонларнинг маълум қилишича, Куба жамоаси Ўзбекистонга 8 нафар боксчи билан ташриф буюрган. Яна 4 нафари Гаванадан тўғри Белградга йўл олса, жамоанинг таниқли вакилларидан бири, 2 карра Олимпиада чемпиони Арлен Лопес оилавий сабабларга кўра мусобақада иштирок эта олмайдиган бўлди. Унинг ўрнига бошқа спортчини рўйхатдан ўтказиш вақти тугагани учун, -80 кг вазн тоифасида ушбу жамоадан ҳеч ким иштирок эта олмайди.
Манба: olympic.uz
Фикрлар