Кучли рақиблар билан баҳслар камчиликларимизни кўрсатиб беради, Швейцарияга қарши ўйин режамизда бор - терма жамоамиз устози бўлажак йиғин ҳақида

Аёллар ўртасида "Осиё кубоги-2022" саралаш баҳсларига тайёргарлик кўраётган Ўзбекистон миллий терма жамоаси 8-14 февраль кунлари Тошкентда ўқув-машғулот йиғини ташкил этади.

Бир ҳафта давом этадиган йиғиндан сўнг, терма жамоамиз 15 февраль куни Туркиянинг Анталия шаҳрига йўл олади. У ерда Баҳром Норсафаров бош мураббийлигидаги терма жамоамиз Анталияда ташкил этиладиган “Festival Womens Trophy 2021” халқаро турнирида иштирок этади.

15-24 февраль кунлари бўлиб ўтадиган мазкур мусобақада Ўзбекистон вакиллари Экваториал Гвинея, Нигерия ва Замбия аёллар терма жамоаларига қарши кураш олиб боради. Терма жамоа бош мураббийи Баҳром Норсафаров мазкур мусобақа олдидан sports.uz мухбирига режалари ва бундан кўзланган мақсад ҳақида гапирди.

- Терма жамоамиз менежери Акмал Раҳматов халқаро турнир бўйича шуғулланганди, - дея гап бошлади бош мураббий. - Маълум бўлишича, Туркияда иккита мусобақа чиққан. Биттасида Руминия, Қозоғистон, Иордания каби термалар куч синашади. Лекин биз илгари мазкур рақиблар билан ўйнаганмиз. Агар ўсишни истасак, янада кучли жамоалар билан ўйнашимиз керак. Иордания сингари рақибларни ютиб келяпмиз. Қозоғистонга қарши ҳам тўп сурганмиз. Агар улар иштирок этадиган турнирда қатнашсак, бу биз учун қулайроқ бўларди. Бироқ биз ўзимиз учун кучли бўлган мусобақада қатнашишни хоҳладик. Мабодо, ўзингизга тенг бўлган жамоа билан ўйнасангиз камчиликлар етарли даражада кўринмайди. Кучли жамоаларга қарши ўйин эса, сизнинг камчиликларингизни яққол кўрсатиб беради. Биз танлаган турнирдаги рақибларимиз эса кучли. Улар Африка қитъасининг етакчилари ва жаҳон чемпионатида иштирок этган. Барибир ўзимиз билан тенг жамоаларга қарши ўйнаганимизда камчиликларимиз кўзга ташланмай қоляпти. Мана, футзалда терма жамоамиз жаҳон чемпиони – Аргентинага қарши муносиб ўйин кўрсатди. Биз Туркиядаги мусобақада ғолиб чиқиш ёки бошқа учун бораётганимиз йўқ. Асосан, ўйиндаги муаммо ва камчиликларимизни кўриб, уларни бартараф этиш мақсадида, ушбу учрашувлар ташкил қилиняпти. Ўз навбатида халқаро ўртоқлик учрашувларини ташкил қилишда ёрдам бераётгани учун Азиз Ҳайдаровга ҳам миннатдорлик билдираман.

норсафаров2_1

Афсуски, етакчи футболчиларимиз қолиб кетяпти. Масалан, Людмила Карачик мазаси йўқлиги сабабли, Туркияга бора олмаслигини айтди. Чап қанот ўйинчимиз Солиҳа Хусниддиновада жароҳат бор. Галимова эса, бу йил фаолиятини тугатмоқчи. Аммо терма жамоа 3-4 та футболчига қараб қолмайди. 22 нафар ўйинчи рўйхати тузилганди ва улардан ташқари яна захира варианти сифатида 10 та футболчидан иборат бор эди. Декабрь ойида ташкил этган йиғинимизда асосан иккинчи таркиб сифатидаги футболчилар билан машғулотлар ўтказгандик ва уларнинг орасидан 10 нафарини танлаб олгандик. Ҳар қандай вазиятда ҳам Туркиядаги халқаро турнир биз учун ҳар жиҳатдан фойдали бўлади. Бизга баҳони сентябрь ойидаги Осиё Кубоги саралаш баҳсларидан кейин берасизлар. Биз Туркиядаги халқаро мусобақадан ташқари яна бир қатор терма жамоалар билан ўйин ўтказмоқчимиз. Беларусь, Швейцария каби термаларга қарши ўйинлар ташкил қилиш режамизда бор. Лекин ҳали бу расман тасдиқлангани йўқ. Айни пайтда музокаралар давом этяпти. Шу тариқа, ўйин услубимиз ва тактикаларимизни сентябрь ойигача шакллантириб борамиз. Туркиядаги иккита мусобақа параллел равишда ўтказилади. Агар ўзимизга тенг рақиблар билан ўйнаб, ўзимизни-ўзимиз ишонтириб, кейин бўшашиб қолсак, бу кейин зараримизга ишлаши мумкин. Юқорида таъкидлаб ўтганимдек, кучли жамоаларга қарши ўйинлар орқали камчиликларимизни кўриб олмоқчимиз.

Бу миллий терма жамоа, ўсмирлар ёки ёшлар жамоаси эмас. Агар қизларимиз руҳий томондан муаммоларга дуч келса, унда биз уларни бу борада жиҳатдан яхши тайёрлай олмаган бўламиз. Агар 90 дақиқа давомида муносиб курашадиган бўлсак, унда бу руҳий тайёргарлик яхшилигини кўрсатади. Лекин мен жамоамизни яхши биламан, руҳий тайёргарлиги яхши. Бу борада хавотирли жойи йўқ.

норсафаров1

8 февралда тўпланамиз ва футболчи-қизларни тиббий кўрикдан ўтказамиз. Балки кимлардадир жароҳат бўлиши мумкин. Натижада таркибда рокировда юз бериши ҳам ҳеч гап эмас. Масалан, 9 февралда тиббий кўрикдан ўтсак, 10-11 февралда якуний таркибни эълон қиламиз, -  дейди Норсафаров.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!