
Ўзбек футболчисини Италия А серияси ва Германия Бундеслигаси клублари пайқаб қолишди ёхуд "Динамо" аъзосига яна қандай таклифлар борлигини биласизми?
“Динамо” клубининг 21 ёшли ҳимоячиси Жаҳонгир Ўрозов яна диққат марказимизда бўлиб турибди. Келажаги порлоқ сифатида қаралаётган ушбу ўйинчини ёдингизда бўлса, мавсум бошида самарқандликлар Туркиянинг “Эйюпспор” клубидан трансферини сотиб олишган ва икки йиллик шартнома имзолашган.
Мавсумнинг дастлабки қисмида Жаҳонгир Суперлигада 14, Ўзбекистон Кубогида 2 та ўйинда майдонга тушди. Шунингдек, Ўзбекистон U23 терма жамоаси сафида Қирғизистон U23, Франция U21, Жанубий Корея U22, Вьетнам U22 ва Хитой U22 термаларига қарши халқаро ўртоқлик учрашувларида ҳам қатнашди.
Жаҳонгир Ўрозовнинг фаолиятида туб бурилиш юзага келиши кутиляпти. Гап шундаки, уни ўз сафида кўришни истаётган хориж клублари борган сари кўпайиб боряпти. Айниқса, уларнинг орасида Италия А серияси ва Германия Бундеслигаси жамоалари борлиги эътиборга молик. Бундан ташқари, Осиё клублари ва Европанинг яна бошқа жамоалари ҳам ўзбек футболчисига кўз тикишган. Ундаги иқтидорни хориж скаутлари аллақачон пайқаб қолишгани сабабли Ўрозовга “совчи”лар кўпайиб боряпти. “Динамо” ҳимоячисига топ 5 лигаларидан таклифлар тушаётгани кўп нарсадан далолат. Вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида Sports.uz журналисти Жаҳонгир Ўрозовнинг агенти Шахриёр Эшбоев билан боғланди.
“Ўрозов масаласида жиддий музокаралар олиб бориляпти. Италия А сериясининг 2 та ва Германия Бундеслигасининг 1 та клуби таклиф билан чиққан. Шу мақсадда Куни кеча Туркиянинг Истанбул шаҳрида қизиқаётган клубларнинг скаут ва агентлар билан кўришиб, гаплашдик. Иш жараёни давом этяпти. Ушбу ёзда трансфер ишини ниҳоясига етказамиз. “Динамо”ни қониқтирадиган трансфер суммасини тушириб берамиз. Айтишим мумкинки, Самарқанда клубини Кожодан кейинги трансфер бўйича яна бир олдинга ташлайдиган катта қадами бўлади. Бошқа клублар ҳам “Динамо”га ўхшаб иқтидорли ёшларни тарбиялаб, хорижга катта суммаларга сотиши ўзбек клублари учун албатта олдинга ташланган қадам ҳисобланади.
“Персеполис”ники оддий қизиқиш. Ушбу клубни ўзидан менга учта вакил алоқага чиқди. Ҳаммасига ҳали Осиёга бориш ниятимиз йўқлигини, Абдуқодир Ҳусанов сингари Европада ўйнаб, Ўзбекистон терма жамоасининг ишончли ҳимоячиларидан бири бўлишини истаймиз. Жаҳонгирнинг келажаги бор. Ёзги трансфер пайтида уни нархи яна 100 мингга қимматлади. 400 минг Евро эди, 500 минг Еврога айланди. У яна Ўзбекистон U23 терма жамоасига ҳам чақирилган. “Персеполис”дан ташқари Эронни бошқа бир клуби – Фулад”дан ҳам таклиф билан чиқишди. Қатарнинг “Ал-Гарафа” жамоаси ҳам Ўрозовга қизиқяпти. Бироқ у маблағ ишлаш учун ҳали бери Осиёга бориб нияти йўқ. Мақсад Европада тўп суриш, янада ўсиш ва айтиб ўтганимдек, миллий терма жамоамизни ишончли ҳимоячиларидан бирига айланиш.
Италия ва Германия клублари билан музокаралар давом этяпти. Қайси клуб “Динамо” хоҳлаётган маблағни тўлаб берса бу ўзбек футболининг ҳам ютуғига айланади.
Масалан, Австриядан ҳам аниқ таклиф бўлди, аммо кўриб чиқмадик. Бельгияни бу йил элитасига чиққан жамоа ҳам кўз остига олиб қўйганди, бироқ эътиборимизни кучли клубларга қаратяпмиз. Больгариянинг “ЦСКА 1948” клуби ҳам таклиф билан чиқди. Россияни “Краснодар” жамоасининг қизиқишини ҳам айтишим мумкин. Аммо улар санкция сабабли Европа майдонларида иштирок эта олмайдилар”, - дейди футболчининг агенти.
Ҳозирча Италия А серияси ва Германия Бундеслигасининг айнан қайси клублари таклиф билан чиқишганини очиқламади. Таъкидлаш керакки, “Динамо” томонидан яна бир амалга оширилган оқилона трансфер сиёсати бугунги кунга келиб ўз мевасини бера бошлади. Агар Ўрозовни хориж клубига сотадиган бўлса, яхшигина фойда кўриши муқаррар. Бундай вазиятда воқеалар ривожини кузатиш янада қизиқарли.
Фикрлар