Кун тарихи: "Пахтакор" стадионидаги биринчи халқаро учрашув

1956 йилнинг 19 сентябрь санасида "Пахтакор" Албаниянинг "Динамо" жамоасига қарши майдонга тушган. Бу "Пахтакор" стадионидаги жамоа ўтказган биринчи халқаро ўйин сифатида тарихга кирган.

"Пахтакор" стадиони 1954-1956 йиллар оралиғида Тошкент шаҳар марказида ҳашар йўли билан қурилган. 1956 йил 11 август куни Анҳор ёқасида қад кўтарган спорт мажмуаси фойдаланишга топширилган ва унга республикамизнинг етакчи жамоаси каби "Пахтакор" деб ном берилган.

Ўйингоҳ ўз бағрига 50 мингдан зиёд томошабинни тўплаб, туғилган кунини нишонлаган. Стадион бунёд этилишида меъморликни Митхат Булатов адо этган.

Янги стадионда биринчи учрашув 1956 йилнинг 20 августида бўлиб ўтган. 35 минг мухлис тошкентлик футболчиларнинг тбилисилик рақиблари билан баҳсини кузатган. 19 сентябрда эса "Пахтакор" марказий аренаси дастлабки халқаро учрашувга мезбонлик қилган. Пахтакорчилар Албания пойтахти Тирананинг "Динамо" жамоаси билан куч синашган. Мурашовнинг голига тираналиклар икки тўп билан жавоб қайтаришган.

"Пахтакор" - "Динамо" Тирана - 1:2

Голлар: Мурашов 4 - Лубонья 54, Ресмья 66.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!