Куперга олимпиячиларимизнинг йўлини берсин! (Шуҳратбек Жўраев блоги)
Ads

2019 йил биз учун жуда муҳим мусобақа билан бошланади. Ҳаммамизнинг диққат-эътиборимиз БАА майдонларида ўтказиладиган Осиё Кубогига қаратилади. Шунинг учун янги йил қайноқ футбол ҳарорати остида бошланади. Бу ҳолат бизга роппа-роса бир йил олдинги воқеаларни эслатиб юборяпти. 2018 йилнинг 9-27 январь кунлари Хитой мамлакатида U-23 Осиё чемпионати бўлиб ўтганди. Бу сафар эса 5 январдан 1 февралга қадар БААда Осиё Кубоги мусобақаси бўлиб ўтади. Ўзбек футболи тарихида эса энг эсда қоларли муваффақиятларимиздан бири айнан Чин юрти мамлакатида содир бўлганини бутун халқимиз яхши билади. Ўзбекистон U-23 терма жамоасининг Осиё чемпионлигини қўлга киритгани тарих зарварақларига зарҳал харфлар билан ёзиб қўйилишга арзийдиган муваффақият эди. Келинг, шу ўринда Равшан Ҳайдаров бошчилигидаги олимпия терма жамоамизнинг Хитойда кўрсатган қаҳрамонликларини яна бир бор эслаб ўтсак. Зеро, бу сиз билан бизга яна ширин хотираларни уйғотса ажаб эмас

1-тур, 9 январь

Қатар – Ўзбекистон – 1:0
Гол: Алмоез Али, 55 – 1:0.

2-тур, 12 январь

Ўзбекистон – Хитой – 1:0
Гол: Ҳожиакбар Алижонов, 14 – 1:0.

3-тур, 15 январь

Ўзбекистон – Уммон – 1:0
Гол: Достон Турсунов, 36 – 1:0.

1. Қатар 3 3 0 0 4-1 9
2. Ўзбекистон 3 2 0 1 2-1 6
3. Хитой 3 1 0 2 4-3 3
4. Уммон 3 0 0 5 0-5 0

Чорак финал, 19 январь

Япония – Ўзбекистон – 0:4

Голлар: Жавоҳир Сидиқов, 31 – 0:1. Достон Ҳамдамов, 34 – 0:2. Жасур Яхшибоев, 39 – 0:3. Жасур Яхшибоев, 47 – 0:4.

Ярим финал, 23 январь

Ўзбекистон – Жанубий Корея – 4:1 (қўш.в 3:0).

Голлар: Забиҳилло Ўрибоев, 33 – 1:0. Хванг Хюн Су, 58 – 1:1. Азиз Ғаниев, 99 – 2:1. Жасур Яхшибоев, 110 – 3:1. Акром Комилов, 120+1 – 4:1.

Финал, 27 январь

Вьетнам – Ўзбекистон – 1:2 (қўш.в 0:1)

Голлар: Рустам Ашурматов, 8 – 0:1. Хаи, 41 – 1:1. Андрей Сидоров, 120 – 1:2

Ўзбекистон U-23 терма жамоасининг Осиё чемпионатига йўл олган таркиби

Дарвозабонлар

Ботирали Эргашев
Раҳимжон Давронов
Дилшод Ҳамроев

Ҳимоячилар

Рустам Ашурматов
Ҳожиакбар Алижонов
Акром Комилов
Аббос Отахонов
Ислом Қобилов
Дониёр Нарзуллаев
Хусниддин Ғофуров
Достон Турсунов

Ярим ҳимоячилар

Азиз Ғаниев
Одил Ҳамробеков
Жасур Яхшибоев
Жавоҳир Сидиқов
Абдужамол Исроилов
Ойбек Рустамов
Достон Ҳамдамов
Отабек Шукуров
Суҳроб Нуруллоев

Ҳужумчилар

Забиҳилло Ўринбоев
Андрей Сидоров
Бобир Абдуҳолиқов

Айнан мазкур 23 талик рўйхат Ўзбекистоннинг чемпионлиги йўлида қаҳрамонлик кўрсатишганини ҳеч қачон унутмаймиз. Эндиликда миллий терма жамоамиздан ҳам бир йил олдинги олимпиячиларимизнинг йўлини тилаб қоламиз. Одатда турли ёшдаги терма жамоаларимизнинг халқаро майдонларда жавлон уриб, хурсанд қиладиган натижаларни кўрсатса, уларни осмонларга олиб чиқиб мақтаймиз. Бу нормаль ҳолат. Лекин ёш футболчиларимиз бундай парвозлардан олисларга «учиб» кетадилар. Натижада келажаги порлоқ деб қаралган ўйинчиларимизнинг кейинчалик «қорасини» ҳам топа олмай қоламиз. Лекин Осиё чемпиони бўлган U-23 терма жамоасидаги футболчилар ҳақида бундай деб бўлмайди. Улар катта фуболга кириб келишган ва ўз йўлларини топиб олишган. Чемпион бўлган таркибдан миллий терма жамоага муносиб ўйинчилар ҳам кўпчиликни ташкил этарди. Эктор Купернинг Осиё Кубогига борадиган якуний таркибидан Осиё чемпиони бўлган футболчиларнинг неча нафари жой олиши бизни ҳам қизиқтираётганди. Кутилганидек, Осиё Кубогида чемпион жамоамиз аъзоларига ҳам жой топилди. Жавоҳир Сидиқов, Одил Ҳамробеков, Достон Ҳамдамов ва Достон Турсунов Эктор Купернинг ишончини қозона олдилар.

Аввало бизга мана шундай муносиб кадрларни етиштириб бергани учун Райшан Ҳайдаровдан миннатдормиз. Чунки аксарият футболчилар унинг қўли остида анча шаклланишди. Ҳам инсон, ҳам футболчи сифатида камол топишди. Бунинг натижаси ўлароқ Купер ҳам Ҳайдаров жамоасида ўйнаган ўйинчиларга ҳам катта қизиқиш билан қараган ҳолда уларни ўз таркибига қўшиб олди. Аҳамиятли томони шундаки, Ўзбекистон спортида 2018 йилнинг энг яхшиларини тақдирлаш маросимида Равшан Ҳайдаров бошчилик қилган U-23 терма жамоаси энг яхши жамоа сифатида эътироф этилди. Бундан ташқари, йил якунларига кўра Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан ўтказилган журналистлар ўртасида ўтказилган сўровномада ҳам Равшан Акмалович 2018 йилда Ўзбекистоннинг энг яхши мураббийи деб тан олинди. Шу боис Ҳайдаровдан шу ва миллий терма жамоага жалб этилган шогирдлари ҳақида ўз фикрларини билдирди.

Равшан Ҳайдаров:

- 2018 йилнинг январь ойида Осиё чемпионатида муваффақият қозонганимиз сабабли йил биз учун ажойиб бошланди, - дея гап бошлади Ҳайдаров. - Бу билан футболимиз жонлангандек бўлди ва ҳаммага ушбу муваффақият қўшимча “импульс” берди. Натижада йилни шу ғалабамизнинг руҳияти остида ўтказдик. Осиё ўйинлари ва яна бошқа спорт турларидаги иштирокимизга ҳам Осиё чемпиони бўлганимиз қўшимча туртки бағишлади. Йил якунларига кўра олимпия терма жамоамизнинг энг яхши спорт жамоаси дея тан олинганидан бошимиз осмонга етди. Жамоамизнинг вазифаларидан бири албатта мухлисларимизни хурсанд қилишдан иборат эди. Аммо янада энг асосий мақсадимиз иқтидорли футболчиларимизни миллий терма жамоага етказиб бериш ҳисобланади. Бунгача бир қатор ёшдаги терма жамоаларимиз билан порлаган футболчиларнинг кейинчалик “йўқолиб” кетгани ҳақида турли гап-сўзлар бўлганди. Ростдан ҳам шундай бўлган, буни тан олишимиз керак. Лекин биз ушбу ёшдаги жамоамиз билан асосий жамоамизга ўтадиган кўприкни сақлаб қола олдик. Кўриб турганингиздек, миллий терма жамоамиз сафида Осиё Кубогига бир қатор чемпионларимиз ҳам йўл олишди. Бу футболчиларимиз ҳеч қачон йўқолиб қолишмайди.

- 2019 йилнинг бошланиши ҳам футбол билан бошланади. Яъни, миллий терма жамоамиз БААдаги Осиё Кубогини бошлаб беради. Терма жамоамиз таркибида олимпия терма жамоаси сафида мунтазам равишда иштирок этган бир қатор ўйинчиларимиз жой олишди. Миллий термамимиз ижобий ўйинлар ва натижалар кўрсатиб, муваффақият қозонишса бу ҳаммамизга ижобий руҳият таъсир кўрсатади. Бош жамоамизга омад тилайман. Ватан учун жонини бериб ўйнашларига ишонаман. Осиё Кубогида муваффақиятли қатнашиб қайтишса йилимиз ҳам шунга яраша кўтаринлик руҳи остида ўтади. Таркибимизда асосан савияли футболчиларимиз бор. Одил Аҳмедов, Игнатий Нестеров, Анзур Исмоилов, Марат Бикмаев каби етакчиларимиз бутун жамоани бирлаштира олишади ва уларнинг ортидан ёшларимиз эргашиб борадилар, - дея фикрини якунлади энг яхши мураббий.

Шуҳратбек Жўраев.