Кураш эндиликда Ислом бирдамлиги ўйинлари дастурига киритилади

Айни кунларда Саудия Арабистоннинг Жидда шаҳрида Ислом бирдамлиги спорт федерациясининг навбатдан ташқари Бош Ассамблеяси бўлиб ўтмоқда. Ушбу йирик анжуман доирасида ташкилотга янги президент сайлаш кун тартибининг асосий масаласи эди. Сайлов натижаларига кўра, 2019-2021 йиллар учун ташкилотга президент сифатида шаҳзода Абдулазиз Бин Турки Ал Файсал Ал Сауд сайланди.

Ассамблеяда сайлов жараёнидан ташқари, Миллий олимпия қўмиталари ва Халқаро спорт федерациялари ўртасида қатор соҳаларни биргаликда ривожлантириш, ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари бўйича музокаралар олиб борилди. Унда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси номидан МОҚ Бош котиби Жасур Матчанов иштирок этяпти.

Биз учун қувонарлиси, ўзбек халқининг миллий спорт тури ҳисобланмиш Кураш эндиликда Ислом бирдамлиги спорт ўйинлари дастурига киритиладиган бўлди. Бу ҳақида МОҚ хабар бермоқда.

Биз ташкилот президенти ва Бош котиби билан Курашни Ислом бирдамлиги спорт ўйинлари дастурига киритиш масаласини муҳокама қилдик. Ғоя маъқулланди. Биз Халқаро Кураш ассоциацияси президенти, Осиё ўйинлари департаменти директори Хайдар Фармон билан ҳам бу масала бўйича алоқага чиқдик ва у киши ҳам фикримизни қўллаб-қувватлади. Курашни 2021 йилги Ислом бирдамлиги спорт ўйинлари дастурига киритиш учун кеч бўлса-да, 2025 йилги мусобақага қўшишнинг имкони бор. Насиб қилса, курашчиларимиз Ислом бирдамлиги спорт ўйинларида ҳам ўз маҳоратларини намойиш қилишади”, – деди Жасур Матчанов.

Бизни қувонтирадиган жиҳати, Кураш тобора кўплаб комплекс спорт мусобақалари дастурига кириб бормоқда. Дастлаб 2017 йили Туркманистоннинг Ашхобод шаҳрида бўлиб ўтган Жанг санъати ва ёпиқ иншоотлардаги V Осиё ўйинлари, кейинчалик 2018 йил Индонезия мезбонлик қилган XVIII Осиё ўйинлари дастурига кирган Кураш эндиликда Ислом бирдамлиги спорт ўйинлари оиласида.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!